Тарихчи олим Мухаммад Наршахийнинг ёзишича, Ҳазрати Қутайба ибн Муслим 42 ҳижрийда (милодий 661) Шомнинг Бохилий деган жойида таваллуд топди.
Қутайба ибн Муслимнинг тўлиқ исми-шарифи Амир Қутайба ибн Муслим ибн Умар ибн Ҳусайн ибн Робия ибн Холид ибн Усайд Аль-Хайр бўлган.
Қутайба ибн Муслим ҳазратлари ўз қавмида шарафга эга, адиб ва олим эди. Қўл остидагиларга нисбатан адолатли, юксак ахлоқ соҳиби, ҳақиқатгўй эди. Қутайба ибн Муслим юзаки камтарликни ёқтирмас эди.
Қутайба ибн Муслим ҳазратлари араб лашкарбошчиси бўлиб, интизомни мустаҳкам сақлаган, истеъдодли, қатъиятли ва иродаси мустаҳкам одам бўлган. Ҳар қандай ишни маслаҳат ила амалга оширган.
Қутайба ибн Муслимни 72 ҳижрий (милодий 691) йили Араб ҳалифаси Абдураҳмон ибн Марвон Хуросонга ноиб этиб юборди. Хуросонда давлат ишлари билан бирга бу ерда яшовчи халқларни Исломга даъват қилиш ҳамда масжид ва мадрасалар барпо эттириш унинг зиммасига юкланган.
У 87 ҳижрийда (милодий 706) Зарафшон водийсини забт этди. Водийнинг энг қадимги шаҳарларидан бири бўлган Пойкентга кириб келди. 89 ҳижрий (милодий 708 йили) Марв ва Кешни, 90 ҳижрий (милодий 709) йили Бухорони забт қилади. 93 ҳижрий (милодий 712) йили Хоразм ва Самарқандга боради. 94 ҳижрий (милодий 713) йили баҳоридан Шошга ундан Фарғона водийсига, то Хитойнинг Қашқар ва Урумчисигача етиб борди.
Бу ерларда яшовчи аҳолининг барчасини Ислом динига даъват қилди, уларни ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик бахтига мушарраф қилди.
Қутайба ибн Муслим ҳазратлари қайси шаҳарга кириб келса аввало ўша шаҳар халқини Ислом динига даъват қилар эди. Ўз ихтиёри билан Исломни қабул қилганларни рағбатлантирар, ҳар хил имтиёзлар берар эди. Масалан, ер солиғидан, ўғилларини суннат қилганларни жузъя (жон) солиғидан озод қилганлар. Бу у зотнинг динни ёйишлигидаги уддабуронлиги бўлса, берган имтиёзлари халқпарварлиги эди.
Қутайба ибн Муслим ҳазратлари қайси шаҳарни забт қилса, ўша шаҳарга масжид, мадраса ва азон айтиш учун миноралар қурдирган. Хусусан, Мовароуннаҳр диёридаги биринчи масжидни Бухоро шаҳрида 712 йилда қурдирган.
Мўътабар китобларимизда Қутайба ибн Муслим ҳазратлари тўғрисида жуда кўп хабарлар бор. Исмоил Ҳаққий (р.а.) “Тафсир ул-Рух ул-Баён” китобида бундай ёзади. “Қутайба ибн Муслим ҳазратлари Жайҳунга келганида бирга келган аскарларига қарата: “Эй биродарлар! қалбингизда заррача дунё (бир шаҳарни босиб олиш, бойлик ортириш, инсонларга зулм қилиш) умиди бўлса шу ерда қолинг, қалбинггизда Аллоҳ таолонинг розилиги ва унинг динини етказиш бўлса менга эргашинг, деб “Парвардигор, ўзинг гувоҳсан, бизларнинг қалбимизда заррача дунё умиди бўлса, шу дарёда чўктиргин, қалбимизда фақат сенинг динингни етказиш бўлса бизларга шу дарёдан нажот бергин” деб дуо қилдилар ва дарёга от солди. Бутун аскарлари билан саломат дарёдан чиқди”.
Қутайба ибн Муслимнинг адолатларварлиги ва халқпарварлиги, ҳар қандай ҳолатда адолат билан иш тутганини тарих манбаларида келтирилган қуйидаги воқеа ҳам яққол намоён этади. Ўша даврда одамлар масжидга йиғилишди. Муҳокама бошланди. Мусулмон қози ҳозир бўлди. Эшикбон аъёнлар улуғини чорлади ва уни олдинга ўтқазди. Сўнг Қутайба ибн Муслим чақирилиб даъвогар ёнига турғизилди. Сўнг қози аъёнга юзланиб даъвосини арз қилишга амр этди. Аъён: “Бу қўмондонингиз Қутайба ибн Муслим диёримизга огоҳлантиришсиз кирди. Ҳамма мамлакатларга уч танлов; ислом ё жизя ёки ҳарбни таклиф қилди. Аммо бизни ҳийла билан босиб олди”, деди.
Қози Қутайбага юзланди ва: “Бу шикоятга нима дейсан?”, деди. Қутайба унга жавоб қилди: “Аллоҳ қозини ислоҳ қилсин! Ҳарб бу ҳийладир. Бу мамлакат ўта қудратли. Фатҳ олдида тўғаноқ бўлиб турганди. Мен билардимки, агар икки томон уришадиган бўлса қонлар анҳор бўлиб оқарди. Аллоҳ мени бу режага йўллади. Бу кутилмаган ишимиз билан мусулмонларни катта зарардан ҳимоя қилдик ва душманимизнинг жонини асрадик. Ҳа, биз уларни фавқулодда ҳолга солдик, лекин уларни қутқардик ва уларга исломни танитдик!”
Қози унга: “Эй Қутайба, уларни исломга ёки жизяга ёхуд ҳарбга чақирдиларингми?” деди. Қутайба жавоб қилди: “Йўқ. Айтган сабабларимга кўра кутилмаганда ҳужум қилдик”. Шунда қози деди: “Эй Қутайба, сен иқрор бўлдинг. Агар даъво қилинаётган киши айбига иқрор бўлса муҳокама тугайди. Эй Қутайба, Аллоҳ бу умматга фақат дин туфайлигина нусрат берган. Хиёнатдан сақланиш ва адолатла туриш дин буюкликларидандир. Аллоҳга қасам биз уйимиздан покиза Ислом динини ёйишлик учун жидди жаҳд қилиш учун чиққанмиз. Биз ерга эга бўлиш, мамлакатларни босиб олиш ва ноҳақ ундан олий бўлиш учун чиқмаганмиз!”.
Сўнг қози башарият тарихидаги энг ажиб ҳукмни чиқарди: “Мусулмон қўшиннинг ҳаммаси Самарқанддан уч кун ичида қандай тез кирган бўлса шундай тез чиқиб кетсин ва шаҳарни ўз аҳлига қайтарсин. Уларга урушга ҳозирланишга фурсат берилсин. Сўнг уларни огоҳлантирсинлар ва Ислом ёки жизя ёхуд ҳарб ўртасида ихтиёр берсинлар. Агар улар ҳарбни танласалар, у ҳолда уруш бўлади. Бу Аллоҳ таоло шариатининг ва пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатининг татбиқи бўлади”.
Самарқанд аҳлини ҳайрат чулғаб олди. Қўшин зудлик билан шаҳарни ташлаб чиқа бошлади ва уч кун ўтмай унда бирорта мусулмон қолмади. Каттаю кичик аҳоли шаҳар марказида тўпланди. Улар бўлган ишга ишонмаётган эдилар. Хулқи бундай қавм башарнинг энг яхшиси, унинг қозиси қилган иш мутлақ адолат, ўзининг атболарига бундай ишларни буюрадиган дин ҳақ дин, дея улар ўзаро гаплашишарди. Иш узоқ чўзилмай Самарқанд аҳли ҳаммалари Исломни қабул қилди.
Яна бир ибратли воқеа. У зот Хуросонга кириб келганида у ернинг аҳли бўлган бир одам туриб турли мақтовли сўзлар билан шеър айта бошлади. Шунда у “Сен мен билан яшаб кўрдингми? Нега маддоҳлик қиласан” деб уни тўхтатиб қўйди.
Қутайба Ибн Муслим ҳазратларининг шахсияти ғайратли, уддабуррон лашкарбоши, адолатли пешво, хиёнатни севмаган, илму урфонга, шеъриятга яқин нозиктаъб инсон сифатида гавдаланади. Аммо, Совет Иттифоқи таълим тизимларининг тарихчилари уни қонхўр, золим, адолатсиз ва илм-фан, маданиятнинг ашаддий душмани сифатида таърифлаганлар. Афсуски, бизнинг айрим ватандош тарихчиларимиз ҳам ислом динининг бу ерларга тарқалиши масаласини ёритишда шундай хатоларга йўл қўйган.
Қутайба ибн Муслим ҳазратларининг дўсти Абдул Малик ибн Марвон ўша даврдаги мусулмонларнинг амири бўлган. У ўзининг дўсти ва яхши таниган, яқин одами сифатида имом Қутайбани Хуросон вилоятига ноиб қилиб тайинлаган эди. Абдул Малик тақводор обид бўлган. Ибн Саъднинг хабар беришича, у аввал Мадинайи мунавварага амир қилиб тайинланган. У Усмон ибн Аффон, Абу Ҳурайра, Абу Саид, Умму Салама ва Муовия каби улуғ зотларнинг насиҳатларини эшитган. Унга қадар мусулмонлар орасида Абдул Малик деган ном бўлмаган.
Даҳрий тарихчилар “китобларни куйдирган, олимларни ўлдирган” деб сифатлаган Қутайба ибн Муслимни Хуросон вилоятига ана шу маърифатпарвар, адолатпарвар, халқпарвар Абдул Малик ибн Марвон волий қилиб тайинлаган эди. Сиёсат тарихи ва табиатидан маълумки, ҳар бир давлат бошлиғи муҳим мансабларга ўзига ҳамфикр одамларни тайинлайди. Халифа Абдул Малик ҳам Мадинаи мунавварадаги тўрт алломанинг бири, илм-маданият жонкуяри ўлароқ, ўзи каби дунёқарашга эга бўлган Қутайба ибн Муслимни Хуросон вилоятига волий қилиб танлаган эди.
715 милодий йилнинг иккинчи ярмида халифа Валид вафот этиб, ҳокимият унинг укаси Сулаймон қўлига ўтганида Қутайба ибн Муслим унга хизмат қилишдан бош тортган. Чунки у отаси ва оғаси каби маърифатпарвар, олим ва донишманд эмас, табиийки, Қутайба у билан ҳеч бир масалада келиша олмас эди. Бундан ғазабланган Сулаймон ўша йилнинг охирида махсус жаллод юбориб, Фарғона водийсида Қутайба ибн Муслимни ва унинг оиласидаги ўн бир кишини қатл қилдирган ва кейинроқ бу қилмишидан пушаймон чеккан эди! Бу воқеалар хусусида араб шоири Жарир: “Бир яралган Қутайбани ўлдирдилар, Жони учиб кетгандан сўнг ўкиндилар! Дунёдаги бу пушаймон ҳеч нарсамас, Охиратда “аттанг!” деган ёмон бўлар!” деб ёзган эди.
Яна бир манбаларда туркий халқлар Қутайба ибн Муслим ҳазратлари ўлдирилганида: “Эй араблар! Уни ўзингиз ўлдирдингиз, агар у биздан бўлганида эди – биз уни қадрлар эдик. Агар вафот қилса, ундан барака хосил қилишлик учун тобутга солиб, жангларимизга олиб чиққан бўлар эдик”, деган эканлар.
Юртимизда қанчадан-қанча халқ мўмин-мусулмон бахтига мушарраф холда яшаб келдилар ва келмоқдалар. Нафақат оддий мусулмон, балки Ислом динининг ривожи ва тараққиёти учун ҳисса қўшган олим ва уламолар бу юртлардан етишиб чиқди. Бу зотларнинг исмларининг ўзини ёзилса, уламолар исмларидан иборат алоҳида бир китоб ҳосил бўлади. Бу Қутайба ибн Муслим ҳазратлари дуоларининг шарофати ва холис хизматлари туфайлидир.
Шундай мўътабар инсон милодий 715 йили бизнинг азиз диёримиз, Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманига дафн қилинган.
Фойдаланилган адабиётлар:
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф – Ислом тарихи;
Шайх Муҳаммад Хузарий – Уммавийлар давлати тарихи;
Шайх Исмоил Бурсавий – Рухул Баён тафсири;
Махмуд Шайт Хаттот – Мавороуннаҳр қўмондарлари;
Имом Наршахий – Бухоро тарихи;
Ўзбекистон Ислом энциклопедияси.
Н.Холиқназаров,
Андижон вилояти бош имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда.
Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган.
Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.
Фармон асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган.
Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.
Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир.
Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.
Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:
Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.
Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.
Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:
Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.
Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.
Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.
Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.
Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:
Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.
Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,
Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.
Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.
Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.
Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари