Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Март, 2026   |   27 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:15
Қуёш
06:34
Пешин
12:37
Аср
16:43
Шом
18:34
Хуфтон
19:46
Bismillah
16 Март, 2026, 27 Рамазон, 1447

Қуръон илмни мақтайди

10.03.2018   15891   3 min.
Қуръон илмни мақтайди

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир нечта оятларида илмни мақтаб, илм соҳибларига улкан мукофотларни ваъда қилган. Муфассир олимлар бу борадаги маълумотларни жамлаб қуйидаги хулосаларни берганлар:

Биринxидан, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга фаришталар билмайдиган нарсаларнинг илмини ўргатиш орқали уни ер юзига халифа этиб сайлади. Айнан илмнинг фазилати туфайли ҳозирга қадар ер юзида фаришталар эмас, балки инсонлар яшаб келмоқда.

Иккинчидан, Аллоҳ таоло илмни ҳикмат деб номлаб, ҳикматни энг улуғ иш эканини айтди. Муқотил бу ҳақда шундай дейди: “Қуръонда келган ҳикмат сўзи тўрт хил маънода ишлатилган: биринчиси, панд-насиҳат; иккинчиси, фаҳм-фаросат ва илм; учинчиси, пайғамбарлик; тўртинчиси, Қуръон маъноларидир. Буларнинг бари илмга боғлиқ”.

Учинчидан, Аллоҳ таоло: “Ва сизларга фақат озгина илм берилган, холос” деб марҳамат қилган. Бунинг маъноси шуки, илм шунчалик чексизки, унинг инсониятга берилган бир қисмининг ўзиёқ коинотдаги катта-катта кашфиётларни очмоқда. Бошқа бир оятда эса Аллоҳ таоло: “Айтинг, дунё матоси оздир”, деб бутун борлиққа оз сифатини бермоқда. Энди, тафаккур қилайлик, Аллоҳнинг наздида оз ва арзимас бўлган дунёнинг сир-синоатини билишган ожизмиз-у, чексиз-чегарасиз илмга нима деб таъриф бериш мумкин!

Тўртинчидан, Аллоҳ таоло илмлиларни илмсизлардан устун қўйди: “Айтинг, биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Албатта, йўқ, улар асло баробар эмаслар. Аллоҳ таоло Қуръонда олти нарсани олти нарсадан устун қўйган: биринчиси, нопокни покдан, яъни ҳалолни ҳаромдан; иккинчиси, кўзи ожиздан кўзи кўрадиган инсонни; учинчиси, нурни зулматдан; тўртинчиси, жаннатни жаҳаннамдан; бешинчиси, сояни офтобдан; олтинчиси, олимни жоҳилдан. Агар яхшилаб ўйлаб кўрилса, буларнинг бари илмнинг жаҳолатдан устунлиги билан боғлиқлигини кўриш мумкин.

Бешинчидан, Аллоҳ таоло олимларга итоат қилишга буюрди: “Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга ҳамда ўзларингиздан бўлган иш бошларига итоат қилинглар”. Оятдаги “...иш бошлари”дан мурод олимлардир.

Олтинчидан, Аллоҳ таоло олимларни иккита оятда Ўзидан кейинги иккинчи ўринда зикр этди. Биринчиси, “Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулга ҳамда ўзларингиздан бўлган иш бошларига итоат қилинглар” ояти бўлса; иккинчиси, “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига Аллоҳ, фаришталар ва илмлилар гувоҳлик бердилар” оятидир. Сўнг Аллоҳ таоло олимларнинг мартабасини янада кўтариб, бошқа иккита оятда уларни Ўзидан кейинги биринчи мартабада зикр этди. Яъни, бир оятда: “Ва унинг таъвилини Аллоҳ ва фақат пухта илмлиларгина билади” деб хабар берган бўлса, яна бир бошқа оятда: “Айтинг, мен билан сизнинг орангизда Аллоҳ ва Китоб ҳақида илми борлар гувоҳликка кифоя қилур”,  деб олимларни биринчи мартабага қўйган. Бундан-да олийроқ мартаба, мансаб борми?!

Еттинчидан, олимларни даражаларга кўтарди: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато қилинганларани даражаларга кўтарур”. Аллоҳ таоло Қуръонда тўрт тоифани юқори даражаларга кўтарган: биринчиси, Бадр жангида иштирок этган мўъминларни; иккинчиси, мужоҳидларни; учинчиси, солиҳларни ва тўртинчиси, олимларни. Бадр аҳлини бошқа мўъминлардан юқори даражага қўйди, мужоҳидларнинг фазилатини узрли сабаб билан жанга бора олмаган мўъминларникидан бир неча даража юқори санади, солиҳларни эса юқоридагилардан ҳам баландроқ даражага кўтарди ва олимларни мазкур уч тоифадан ҳам афзал даражага қўйди. Демак, олимлар инсонлар ичида энг афзалидир.

Саккизинчидан, Аллоҳ таоло олимларни “Аллоҳдан қўрқувчи бандалар” сифати билан мақтаган: “Албатта, Аллоҳдан бандалари орасида фақат олимларигина  қўрқурлар”.                         

 

                                                             Абдуллоҳ Маллабоев

ЎМИ Матубот хизмати

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳнинг зикри барча нарсадан улуғдир

10.03.2026   7140   8 min.
Аллоҳнинг зикри барча нарсадан улуғдир

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўплаб оятларида бизларни Ўзига ибодат қилиш ва зикрига буюради, жумладан:

«Алабатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир» (Анкабут сураси, 45-оят).

«Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз!» (Аҳзоб сураси, 41-42-оятлар).

«Осмонлар ва ердаги нарсалар Аллоҳга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (Зот)дир» (Ҳадид сураси, 1-оят).

«Эртаю кеч Роббинг исмини зикр қил!» (Инсон сураси 25-оят).

Ушбу оятлардан маълум бўладики, Аллоҳни зикр қилишлик жуда ҳам улуғ ибодат бўлиб, у инсонни Аллоҳга яқин ва итоатли қилади, кўплаб ажр ва яхшиликларга эришишига сабаб бўлади.

“Зикр” сўзи луғатда эслаш, хотирлаш, ёдга олиш, баён этиш каби маъноларни англатади. Зикр деганда, биринчи навбатда Аллоҳни зикр қилишлик тушунилади. Аллоҳни зикр қилиш - бу қалбни Унга боғлаш, У мени кўриб турибди ва ҳар бир ҳолатимдан хабардордир деган фикр доимо инсон хаёлида туришидир. Ҳар куни маълум бир вақт ичида Аллоҳни ёд этиб, Унга ибодат қилмоқлик ҳам зикрдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёти давомида кўп вақтини зикр билан ўтказган ва бизларни ҳам кўплаб ҳадислари орқали зикр қилишга тарғиб қилган. Улардан айримларини эслаб ўтамиз:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло бундай деган: “Модомики, бандам лаблари қимирлаб, Менинг зикримни қилиб турса, Мен у билан биргаман” (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Пайғамбар алайҳиссаломга: Ё Расулуллоҳ! Яхши, эзгу амаллар жуда кўп, менга бир нарсани буюринг, ўша нарсани маҳкам ушлай!” деди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Аллоҳнинг зикри билан тилинг доим нам бўлиб турсин!”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан Аллоҳ зикр қилинмайдиган уй ҳудди тирик ва ўликка ўхшайди», дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эрталаб ёки кечқурун “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи” ёки “Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил ъазим”, деб юз марта айтса қиёмат куни бирор киши ундан афзал бўлмайди. Фақат ана шу киши айтганидек ёки ундан ошириб айтсагина афзал бўлиши мумкин», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «“Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, дейишим мен учун қуёш чиқиб нур сочганидан яхшироқдир», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «“Лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи”ни кўпроқ айт. Албатта, у жаннат хазиналаридан биридир», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Уламоларимиз айтадиларки, зикрларнинг энг афзалларидан бири: “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасидир. Ушбу таҳлил “Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ”, деган маънони англатиб, у тавҳид ва ақидани ўз ичига олади.

Умумий маънода зикр икки хил бўлади, тил билан зикр қилиш ва дил билан зикр қилиш. Истилоҳда эса Зикр банданинг Роббисини тили ва дили билан эслашидир. Аллоҳни зикр қилиш нафсга қийин, лекин ажри улуғ амалдир. Зикр - ибодатнинг илиги ва нажот калитидир. У қалбни поклаб сайқаллаштиради, мўмин инсонни куфр ва нифоқдан ажратиб туради. Зикр осон ибодат, уни ҳамма жойда айтса бўлади, фақат нопок жойлар ҳожатхона ва ҳаммомда айтилмайди.

Зикрнинг суннатларидан бири махфийликдир. Махфий зикр ошкора зикрдан афзалдир. Пайғамбаримиз ҳам, саҳобалар ҳам, кўплаб тасаввуф пирлари ҳам махфий зикрни афзал кўришган. Махфий зикр риёдан холи бўлиб, унинг самараси ва фойдаси жаҳрийсидан кўра кўпроқ ва тезроқ ҳосил бўлади. Махфий зикр Аллоҳ билан бандаси орасидаги сир бўлиб, унинг ажрини Аллоҳнинг ўзи беради. Махфий зикр касб билан шуғулланишда ҳам, жамоат жойларида ҳам бошқаларга халал бермайди. Буюк аждодимиз тариқат пешвоси Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари айтганларидай: “Дил ба ёру даст ба кор”, яъни “Дилинг ҳамиша Аллоҳ ёди билан, қўлинг эса меҳнатда бўлсин”. Банда қайси ўринда бўлишидан қатъий назар унинг қалби доимо Аллоҳни эслаб туриши, шунингдек, тили билан ҳам зикрда бардавом бўлиши лозим. Банда тили билан зикрда давомли бўлар экан, кейинчалик у қалбга чуқур ўрнашиб қалбни ўзи зикр қила бошлайди. Бу комилликнинг юксак кўринишидир.

Қиёмат кунида инсонлар бу дунёда учта амални қилганларга берилган ажру-мукофотларни кўриб ўзи қилмагани учун афсус-надомат чекишар экан. Ушбу ажр эгалари Қуръони карим хофизи бўлганлар, таҳажжуд намозини адо қилувчилар ва зикр аҳлидан бўлган зокирлардир. Аллоҳ таъало қайси бандасини яхши кўрса уни ҳидоятга йўллаб, Ўзига ибодат қилишини осон қилиб қўяди.

Энг афзал зикр – бу Қуръони карим тилавотидир. Қуйидаги ҳадисдан ҳам унинг қанчалик улуғлигини билишимиз мумкин. Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Аллоҳ таоло айтади: “Кимни Қуръон ўқиш ва менинг зикрим уни бошқа нарсаларни сўрашдан тўсиб қўйса, мен унга сўраганларга берганимдан кўра кўпроғини бераман. Аллоҳ таоло каломининг бошқа каломларга нисбатан фазли Аллоҳ таолонинг бандаларга нисбатан фазли кабидир” (Имом Термизий ривояти).

Ундан кейингиси эса Аллоҳ таолонинг зикридир. Зикр орқали банда Аллоҳ таолога ихлос билан дуо қилади ва ҳожатларини сўрайди. Банда Аллоҳни кўп зикр қилиш билан турли гуноҳлардан узоқлашади. Унинг қалбида беҳуда фикрларга ўрин қолмайди. Таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ), тасбеҳ (Субҳаналлоҳ), тамҳид (Алҳамду лиллаҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва истиғфор (Астағфируллоҳ) каби зикрлар воситасида Аллоҳ нафсимизни ислоҳ қилади ва бизни Роббимизга яқинлаштиради. Дунё муҳаббати ва унга ҳирс қўйишлик эса бандани Аллоҳнинг зикридан узоқлаштиради.

Исломда зикрлар бир неча турга бўлинади:

1. Замонга хос зикрлар (эрталаб, кеч кирганда айтиладиган зикрлар). Имом Нававий: “Зикр учун энг афзал вақт бомдод намозидан кейинги вақтдир. Ўша вақтда фаришталар ҳозир бўладилар”, деганлар.

2. Маконга хос зикрлар (масжид, уй ёки бошқа жойга кирганда айтиладиган зикрлар).

3. Ибодатларга хос зикрлар (намоз, рўза, ҳаж каби ибодатларда айтиладиган зикрлар). Зикрнинг энг афзал мавсумларидан бири зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги ва рамазон ойидир.

4. Амал ва ҳолатларга хос зикрлар (кийим кийганда, уйқудан уйғонганда, таомланганда, улов минганда айтиладиган зикрлар). Мазкур ҳолатларда қилинадиган зикрларни бизда дуо деб аташ одат тусига кирган. Зикр ва дуо бир-бирини тўлдириб келадиган ибодатдир.

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолони зикр қилиш шукрнинг боши ҳисобланиб, унда давомли бўлиш руҳни қувватлайди, қалбни поклайди, нафсни тарбиялайди. Натижада банда гуноҳлардан фориғ бўлади, ризқи кенг ва ҳаётида барака бўлади. Яратганга қурбат ҳосил қилиш учун на дунё ва на охиратга фойда бермайдиган кераксиз сўз, фикр, ҳаёл ва ишлардан воз кечган ҳолда, бўш вақтимиздан унумли фойдаланиб, зикрларда бардавом бўлишимиз керак. Аллоҳнинг буйруқларини бажариш энг олий зикрлардан бири ҳисобланади.

 

“Тафсири ҳилол”, “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири”, “Ҳадис ва ҳаёт”
китоби ва бошқа манабалар асосида Дилшоджон Мамадалиев тайёрлади.

 

 

Мақолалар