Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Апрел, 2025   |   2 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:53
Қуёш
05:22
Пешин
12:25
Аср
17:16
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
30 Апрел, 2025, 2 Зулқаъда, 1446

Вақт қиличдир...

10.03.2018   5093   3 min.
Вақт қиличдир...

Аллоҳ таоло инсон ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан, унинг умрини, вақтини белгилаб, ҳисоблаб чегараси, қадр-қиймати билан яратди. Бу ҳақда Қуръони каримда хабар бериб шундай дейди: «Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир» (Раъд, 8 ).

Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар биримиз ўзимизга берилган вақтдан унумли фойдаланишга интилишимиз лозим экан. Улуғ аждодларимиз, буюк олимларимиз вақтларига жуда харис бўлган. Зеро, улар инсон учун берилган вақтни чегарали ва қиймати юқори эканини яхши билган ва шунга мувофиқ амал қилган. Буюк олим Ҳасан Басрий раҳматуллоҳу алайҳ айтади: «Мен бир қавмни кўрдим, сизларга қараганда ўз вақтларига дирҳаму динорлардан ҳам кўра муҳаббатли эди, яъни умр вақтларининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билар ва умрни фойдали амалларга, дунё ободлигига сарфлашарди».

Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ  айтади: «Кеча ва кундуз сенинг жисмингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларни ғанимат бил ва фойдаланиб қол».

Баъзи донишмандлар: «Манфурликнинг аломати вақтни зое қилишдир», деб таъкидлашган. Айрим олимлар эса: «Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади, яъни умринг беҳуда кечади», деб таъкидлашган.

Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳаёти, сўзлари, амаллари, ибодатлари, умматларига ғамхўрликлари, меҳр-муҳаббатлари, башоратлари орқали вақт бебаҳо неъмат эканини таъкидлаб, бундай деганлар: «Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, бетобликдан олдин саломатликни, фақирликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирикликни ғанимат билинг» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Имом Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ ҳикматларининг бирида бундай деб марҳамат қилган: «Ҳар куни тонг ёришганда Аллоҳ томонидан бир жарчи: «Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан яхши амаллар қилиб, фойдаланиб қол, чунки мен то қиёмат кунига қадар қайта келмайман», деб жар солади».

Динимизнинг таълимотида ҳам вақтнинг қадр-қиймати юқори бўлгани учун ҳам субҳ вақтида уйғонишга чақирилади. Бу ҳақдаги одоб-ахлоқларимиз талабига кўра, кўп ухлаш хосиятли эмас. Беш соатдан саккиз соатгача бўлган уйқу энг афзалидир. Зеро, донишмандлар кўп гапириш, кўп ейиш қатори кўп ухлашдан ҳам қайтарган. Хабарларда келишича, «Тонгда ухлаш ризқни камайтиради». Ғайратли, шижоатли бўлиш, лоқайдлик ва бепарволикдан узоқда бўлиш зарур. Чунки ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло Ўз бандалари орасида ғайратлисини яхши кўради» (Табароний ривояти).

 

Муслим АТАЕВ,

Тарих фанлари номзоди, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Инсонийлик бебаҳодир

29.04.2025   3887   1 min.
Инсонийлик бебаҳодир

Бир одамнинг қорни очди. У гарчи иқтисодий аҳволи яхши бўлмаса-да, бир тамаддихонага кириб, таом буюртма қилди. Буюртма тайёр бўлгунга қадар деразадан ташқарига қараб ўтираркан, эллик ёшлардаги одам тез-тез тамаддихонага қараб қўяётгани, киришга жазм қилолмай турганига кўзи тушди. Ўтган кетганлар унга эътибор бермас, у эса афтидан жуда оч қолган эди. 
 

Шу пайт буюртма берилган таом олиб келинди. У эса ҳеч ўйланмасдан овқатни олиб, ўзи оч бўлса-да, кўчадаги одамга олиб чиқиб берди. Сўнг ортига қайтиб, ҳисобни беришларини сўради. Ҳолатни зимдан кузатиб турган тамаддихона раҳбари хизматчига бир қоғоз берди. Унда бундай сўзлар ёзилган эди:

“Инсонийлик бебаҳодир, сиздай олийжаноб инсон бизнинг тамаддихонага келганидан бахтиёрмиз. Рухсат берсангиз, сиз бир мискинни меҳмон қилганингиз каби биз ҳам сизни меҳмон қилсак”.


Хулоса шуки, Аллоҳ таоло ҳеч бир амални зое қилмас, бандасини бандасидан қарздор ҳолда қолдирмас, эҳсонга эҳсон билан жавоб қайтарар экан.

Шундай экан, имконимиз борида бошқаларга яхшилик қилиб қолайлик.

Акбаршоҳ Расулов

Ўзбекистон янгиликлари