Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг muslim.uz портали ижодкорлари кўпчилик хорижда юрган ҳамюртларимизнинг талаб ва истакларидан келиб чиққан ҳолда “Хориждаги юртдошим” деб номланган янги лойиҳани ишга туширди.
Ушбу лойиҳани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад – тирикчилик, хизмат сафари ёки таълим олиш учун чет элларда юрган юртдошларимизнинг диний масалалар бўйича барча саволларига жавоб бериш, уларни қийнаётган муаммолар ва уларнинг ечимини кўрсатиш, шунингдек, хориждаги юртдошларимизнинг дарду ташвишлари, кечинмалари ва муаммолари акс этган виртул мактубларни ўрганиб, муаммони бартараф этиш чораларини кўришдан иборат.
Шунингдек, ушбу рукнда, турли мамлакатларда, ибодат қилиш билан боғлиқ фарқли жиҳатлар, истеъмол қилинадиган ёки қилинмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари, иштирок этиш мумкин ёки мумкин бўлмаган маърака-маросимлар ва ҳоказо масалалар бўйича туркум мақолалар ҳам эълон қилиб борилади.
Ҳурматли мухлислар! Бизни кузатишда давом этинг. Ҳали олдинда, Сиз учун яна-да фойдали ва қизиқарли мега лойиҳалар тайёрлаб қўйганмиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Билол розияллоҳу анҳуга: “Эй Билол, Исломга кирганингдан кейин савобини энг умид қиладиган амалингни менга гапириб бер. Чунки мен жаннатда олд томонимдан кавушинг овозини эшитдим”, дедилар.
Шунда Билол розияллоҳу анҳу: “Амалларим ичида савоби умид қилинадиган энг яхши амалим – агар кечаси ёки кундузи (таҳорат, ғусл ёки таяммум қилиб) покланадиган бўлсам, ана шу поклик билан насиб қилганича намоз ўқир эдим”, дедилар (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Таҳорат қилиб бўлгандан сўнг ўқиладиган намоз – “Шукри вузуъ” (таҳоратнинг шукри) дейилади. Бу намозни таҳоратдан кейиноқ ўқиш мустаҳаб саналади. Намоз ўқиш макруҳ бўлган вақтларда ўқиб бўлмайди.
Уқба ибн Омир Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қай бир одам яхшилаб таҳорат қилсаю, қалби ва юзи ила иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, албатта унга жаннат вожиб бўлади”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).
Бошқа ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менинг шу таҳоратимга ўхшатиб таҳорат қилса ва туриб бориб, икки ракат намоз ўқиса-ю, унда бирор нарсани кўнглидан ўтказмаса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар.Даврон НУРМУҲАММАД