Аллоҳ таоло айтади: “Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кофир кимсани ҳидоят қилмас” (Зумар сураси, 3-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаллам дедилар: “Мунофиқнинг учта аломати бор:
гапирса, ёлғон гапиради;
ваъда берса бажармайди;
омонат олса, хиёнат қилади”.
Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Уч тоифа одамга Қиёмат кунида Аллоҳ гапирмайди, уларни (гуноҳларидан) покламайди, уларга (раҳм назари билан) қарамайди ва уларга аламли азоблар бўлади. Улар: зинокор қария, ёлғончи подшоҳ ва мутакаббир камбағалдир” (Муслим, Насаий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: Бир банда эътиборсизлик қилиб бир сўзни айтади-да, у сабабли дўзахга машриқу мағриб орасидан кенг масофага қулайди (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизни ножоиз сўзларни сўзлашдан тийилишни насиб қилсин. У марҳаматли ва саховатли зотдир.
Ойбек САМАРҚАНДИЙ,
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Масжидлардаги таровеҳ намозлари, хатми Қуръонлардан кейин мўмин-мусулмон халқимиз жамоат бўлиб қилаётган дуолар шарофатидан ўлкамизга осудалик, файз-барака ёғилмоқда. Зеро, Қуръон ўқилган жойда фаровонлик бўлади. У жойларга Аллоҳнинг раҳмати, баракаси ёғилади, бало-офатлар арийди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Бир қавм жамланса, баъзиси дуо қилса ва қолганлари “омин”, деса, албатта, Аллоҳ таоло уларни ижобат қилади», деганлар (Имом Табароний ривояти).
Шу йил 3 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари пойтахтимиздаги "Кулолқўрғон" жоме масжидида жамоатга ёшларни илм ва касбга йўналтиришнинг аҳамияти мавзусида маъруза қилиб бердилар. Муфтий ҳазратлари фарзанднинг яхши, одобли, меҳнатсевар, соғлом бўлиб ўсиши кўп жиҳатдан ота-онасига боғлиқлиги, шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанди ёшлик чоғини чиройли, намунали, фойдали ва савобли ишлар билан ўтказишига ёрдамчи бўлиши лозимлиги борасида оят ва ҳадисларга таянган ҳолда сўзладилар.
Таъкидлаш жоизки, бундай маънавий-маърифий суҳбатлар юртимизнинг барча масжидларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосарлари, имом-домлаларимиз томонидан ўтказилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати