Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
24 Декабр, 2024   |   23 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:21
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:02
Хуфтон
18:22
Bismillah
24 Декабр, 2024, 23 Жумадул сони, 1446

Ота-она  меҳмондир

8.03.2018   4309   3 min.
Ота-она  меҳмондир

Aллоҳ таолога энг суюкли ишлардан бири ота-онага итоат этиш, уларга меҳр-шафқатли бўлишдир.

«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга  шукр килгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир» (Луқмон, 14).

Ота-она олдида секин, паст овозда, одоб билан сўзлаш керак. Заруратдан ортиқча гап айтилмайди. Уларнинг исмларини айтиб чақириш мумкин эмас. Қўполлик билан кўнгилларини оғритиш, назарларидан қолиш катта гуноҳлардан саналади. Кўча-кўйда ота-онадан илгари юриш, овқатга улардан олдин қўл узатиш, олдиларида ёнбошлаб олиш одобсизликдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” де» (Исро, 23–24).

Демак, ота-она қарилик ёшига етганида уларга янада шафқатли бўлиш зарур. Кексаларнинг кўнгли худди боланикидай бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда имкон борича уларнинг кўнглини оғритмасдан хоҳишларини бажариш, панд-насиҳат қилса, асло малол олмаслик керак.

Қайси хонадонда ота-она ёки улардан бири тирик бўлса, ўша оиладаги фарзандлар бахтлидир. Чунки уларда кўпроқ савобга эришиб қолиш имконияти бор. Ота-онани тириклигида қадрига етиб, иззат-ҳурматини жойига қўйганга нима етсин.

Умуман, кексаларимиз борлиги бизнинг катта давлатимиз. Улар гўё уйларимизнинг фаришталари. Кўпни кўрган бува-бувилар ёш оилалар учун ибрат мактаби. Улар набираларининг таълим-тарбиясини, одоб-ахлоқини назорат қилиб, ҳаётий тажрибалари асосида тўғри йўл кўрсатади.

Ота-она вафот этганидан кейин ҳам уларнинг фарзандлар устидаги ҳақлари тугамайди. Васиятларини адо этиш, ҳақларига доим дуода бўлиш фарзандлар бурчидир. Уларнинг қариндошлик алоқаларини давом эттириш, таниган-билган тенгқурларини йўқлаш, меҳмонга чақириш нур устига нур бўлади.

Расулуллоҳ  ҳузурига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ вафотларидан кейин ҳам ота-онамга яхшилик қила оламанми?” деб сўради. У зот : “Ҳа, тўрт иш бор, уларни бажарсанг, ота-онангга яхшилик қилган бўласан: улар ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечишини Аллоҳдан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икром қилиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттириш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Халқ орасида, ота-она меҳмондир, деган ибратли сўз бор. Вақт ғанимат, азиз меҳмонларингизнинг яхши дуоларини олиб қолишга улгуринг. Уларга нима қилсангиз, эртага фарзандингиздан қайтади. Бу ҳақиқатга ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз...

 

Фазлиддин МУСАХОВ,

Оҳангарон туманидаги “Қурайш” жоме

масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Менда кўрганларингни бошқаларга айтмагин!

23.12.2024   851   1 min.
Менда кўрганларингни бошқаларга айтмагин!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир куни имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ хуфтон намозини масжиднинг муаззини ортидан ўқиди. Муаззин намозда “Зилзала” сурасини тиловат қилди. Намоз тугагач, одамлар масжиддан чиқиб кетишди ва фақат имом Абу Ҳанифа ва муаззин қолишди.

Муаззин айтади: “Мен Абу Ҳанифага қарасам, у ўйга чўмган ҳолда ўтирган, чуқур-чуқур нафас олар эди. Мен унинг хаёлини бузмаслик учун туриб чиқиб кетдим. Масжиддан чиқатуриб фонусни қолдирдим, унинг ичида жуда озгина мой қолган эди”.

Эртасига тонг пайтида масжидга қайтсам, у ҳали ҳам ўша жойида ўтирган экан. Пичирлаб бундай дер эди: Эй, заррача яхшилик учун яхшилик берадиган Зот! Эй, заррача ёмонлик учун ёмонлик берадиган Зот! Нўъмон қулингни дўзахдан асра ва Ўз раҳматингга олгин!.

Муаззин айтади: Мен кирсам фонус ҳали ҳам ёниб турган экан.

Абу Ҳанифа мени кўрдида: Фонусни олмоқчимисан? деб сўради. Билсам, у ҳали ҳам хуфтон вақти деб ўйлаган экан. Шунда мен: Эй ҳазрат, тонг отди! дедим. Шунда Абу Ҳанифа: Менда кўрганларингни бошқаларга айтмагин! деди.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Мақолалар