Aллоҳ таолога энг суюкли ишлардан бири ота-онага итоат этиш, уларга меҳр-шафқатли бўлишдир.
«Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр килгин! Қайтиш Менинг ҳузуримгадир» (Луқмон, 14).
Ота-она олдида секин, паст овозда, одоб билан сўзлаш керак. Заруратдан ортиқча гап айтилмайди. Уларнинг исмларини айтиб чақириш мумкин эмас. Қўполлик билан кўнгилларини оғритиш, назарларидан қолиш катта гуноҳлардан саналади. Кўча-кўйда ота-онадан илгари юриш, овқатга улардан олдин қўл узатиш, олдиларида ёнбошлаб олиш одобсизликдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода): “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” де» (Исро, 23–24).
Демак, ота-она қарилик ёшига етганида уларга янада шафқатли бўлиш зарур. Кексаларнинг кўнгли худди боланикидай бўлиб қолади. Бундай ҳолатларда имкон борича уларнинг кўнглини оғритмасдан хоҳишларини бажариш, панд-насиҳат қилса, асло малол олмаслик керак.
Қайси хонадонда ота-она ёки улардан бири тирик бўлса, ўша оиладаги фарзандлар бахтлидир. Чунки уларда кўпроқ савобга эришиб қолиш имконияти бор. Ота-онани тириклигида қадрига етиб, иззат-ҳурматини жойига қўйганга нима етсин.
Умуман, кексаларимиз борлиги бизнинг катта давлатимиз. Улар гўё уйларимизнинг фаришталари. Кўпни кўрган бува-бувилар ёш оилалар учун ибрат мактаби. Улар набираларининг таълим-тарбиясини, одоб-ахлоқини назорат қилиб, ҳаётий тажрибалари асосида тўғри йўл кўрсатади.
Ота-она вафот этганидан кейин ҳам уларнинг фарзандлар устидаги ҳақлари тугамайди. Васиятларини адо этиш, ҳақларига доим дуода бўлиш фарзандлар бурчидир. Уларнинг қариндошлик алоқаларини давом эттириш, таниган-билган тенгқурларини йўқлаш, меҳмонга чақириш нур устига нур бўлади.
Расулуллоҳ ҳузурига бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ вафотларидан кейин ҳам ота-онамга яхшилик қила оламанми?” деб сўради. У зот : “Ҳа, тўрт иш бор, уларни бажарсанг, ота-онангга яхшилик қилган бўласан: улар ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечишини Аллоҳдан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васиятларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икром қилиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошликни давом эттириш”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).
Халқ орасида, ота-она меҳмондир, деган ибратли сўз бор. Вақт ғанимат, азиз меҳмонларингизнинг яхши дуоларини олиб қолишга улгуринг. Уларга нима қилсангиз, эртага фарзандингиздан қайтади. Бу ҳақиқатга ҳаётда кўп гувоҳ бўлганмиз...
Фазлиддин МУСАХОВ,
Оҳангарон туманидаги “Қурайш” жоме
масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Албаниянинг Тирана шаҳрида ўтказилаётган Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси (ISSA)нинг 13-Бош ассамблеясида миллий спортимиз кураш 2025 йили Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ташкил этиладиган Ислом бирдамлик ўйинлари дастурига киритилгани эътироф этилди.
Дунёнинг кўплаб давлатларидан делегатлар, спорт ташкилотларининг мутасаддилари, халқаро спорт федерацияларининг раҳбарлари қатнашиб, Ислом бирдамлик ўйинлари тизимидаги спорт турлари, техник-тактик жиҳатлар, мусобақалар тақвими кўриб чиқилди, муҳокама қилинди.
Ассамблеяда делегатларнинг таклифи ва қўллаб-қувватлаши натижасида ўзбек спорти - кураш Ислом бирдамлик ўйинлари тизимидан жой олгани эълон қилинди.
Ассамблея йиғилиши доирасидаги тадбирларда Халқаро кураш ассоциацияси раҳбарияти ISSA мутасаддилари билан курашни халқаро майдонда ривожлантириш, унинг оммавийлигини таъминлаш борасида фикрлашилди.
Муҳокамалар жараёнида IKA ва ISSA техник вакиллари кураш мусобақаларига тегишли масалалар, хусусан вазн тоифалари, ҳакамлик, қуръа ташлаш, трансляция, жиҳозлар, инвентарлар ва бошқа техник тафсилотлар борасида ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказиш лозимлигини таъкидлади. Келишувларга эришилди.
Ота-боболаримиздан мерос курашнинг спорт тури сифатида халқаро майдонда оммалашаётгани, қамрови йилдан йилга кенгаяётгани барчамизга чексиз ифтихор бағишлаши шубҳасиз. Ислом бирдамлик ўйинлари тизимидаги расмий спорт турларидан бири бўлгани эса Олимпиада сари ташланган муҳим қадам, дейиш мумкин.