Ҳар бир фиқҳий мазҳаб ўз таълимотини асослаш мақсадида дастлаб Қуръони карим ва Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларига суянган ҳолда иш тутган. Суннийлик йўналишидаги тўрт мазҳабдан бири ҳанафийлик мазҳаби ҳам, аслида Қуръон ва суннатга асосланган ўз фиқҳий таълимотига эга.
Ҳиндистонлик машҳур олим Зафар Аҳмад Усмон Таҳонавий ҳанафийлик мазҳабига оид ҳукмлар асли оят ва ҳадисларга асосланганини исботлашга уриниб, йигирма жилддан иборат “Эълоус-сунан” китобини ёзди. Бу китоб 1997-2001 йилларда икки марта Байрут шаҳрида чоп этилди. Муаллиф асарида олтита саҳиҳ тўплам соҳиблари Имом ал-Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Можжа асарларидан унумли фойдаланган.
“Эълоус-сунан” асари ҳам бошқа фиқҳий китобларнинг тартибидек таҳорат ва намоз каби боблар билан бошланган ва ҳар бир фиқҳий масала оят ва ҳадислар ҳамда асарлар (саҳобаларнинг сўзлари) билан далилланган.
Ҳанафийлик мазҳабига билдирилган эътирозлар, раддия ва ихтилофларни чуқурроқ ўрганиб чиқиш, бугунги кун илм аҳилларининг айни долзарб вазифалари ва ихтилофларга барҳам бериш йўлидаги мақсадларига мувофиқдир. Уламолар ихтилофлар ҳақида фикр билдириб, улар асосан икки тур, эътиқодий ва фиқҳий (аслий ва фаръий) ихтилофлардан иборат эканини таъкидлашган. Эътиқодий масалалар динимиз асосига тегишли бўлиб, бу соҳада ихтилофга йўл қўйиш асло мумкин эмас. Суннийлик йўналишида бу масалада ихтилофлар йўқ. Фиқҳга оид масалалардаги ихтилофларнинг ўзи ҳам иккига бўлинади. Биринчиси масаланинг турига қарши ихтилоф бўлиб, бу турдаги ихтилоф ҳаром ҳукмидадир. Чунки ихтилоф қилинаётган масаланинг ҳар иккиси ҳам китоб ва суннат далилларига асослангандир. Бу турдаги ихтилофларнинг ўзига яраша сабаблари ва ҳикматлари бор.
Мазҳаблар ўртасидаги “ихтилоф”лар деган ибора ўрнига масалаларнинг “турли хиллиги” иборасини қўллаган ўринлироқдир. Имомлари наздида бир масаланинг турли хил бўлиши далилларини турли хил даражада, яъни “саҳиҳ”, “ҳасан” ва “заиф” бўлиши ёки ҳадисларни етиб борган-бормаганлиги сабаб бўлган. Мазкур имомлар хусусида фақат яхши гумонда бўлиш вожибдир. Уларнинг ҳар бирлари мужтаҳид уламолар бўлиб, қилган ижтиҳодларида тўғри йўл топган бўлсалар иккита ажр, хатога йўл қўйган бўлсалар бир ажрга сазовор бўлаверадилар. Масалан, фиқҳий китобларда келтирилган таҳорат, намоз бобларидаги турли далилларга асосланган, тури хил кўринишга эга бўлган масалаларни олсак, бу масалалар турлилиги Расулуллоҳ алайҳиссалом суннатларида кузатилган ва уларнинг ўзига хос ҳикмат ҳамда сабаблари бор.
Маълумки, ислом дини бутун инсониятга юборилган дин бўлиб, ер юзининг турли минтақаларида, турли миллатларнинг урф-одатларида, турмуш тарзларида намоён бўлади. Масалан, Африка минтақаси каби сув танқис ҳудудларда таҳорат, таяммум, ғусл каби сув билан боғлиқ масалаларни чуқурроқ ўрганишга ҳамда турли шаклларини тадбиқ қилишга эҳтиёж каттадир. Шунингдек, совуқ ва ўта совуқ минтақаларнинг ҳам ўзига яраша муаммолари бор. Уламолар бу каби масалаларни атрофличи ўрганиб чиқиб, бир масала бир минтақа учун ўта муҳим бўлса, манбаларга асосланиб имкон қадар енгиллик яратиб, турли ҳил шаклларини ижтиҳод қилишган. Масалан, таҳорат бобидаги бошга масҳ тортиш масаласида қўлларнинг орқа томони билан гарданга масҳ тортишни ҳанафий уламолари мустаҳаб амал дейишган.“Эълоус-сунан” асарида “Гарданга масҳ тортиш боби” да мазкур амалнинг мустаҳаб эканига қуйидагича далил келтирилади:“Ким таҳорат қилганда икки қўли билан гарданига масҳ тортса, қиёмат куни унинг бўйни кишандан озод бўлади” (Абу Ҳасан ибн Форс ривояти)
Айнан шу амални бидъат деб ҳисоблайдиган тоифалар ҳам бор, улар бу каби масалалардаги турли хилликнинг сабаб ва ҳикматларини ўйлаб ҳам кўрмайдилар ва ўз ихтилофлари билан мусулмонлар оммаси, айниқса, Ислом таълимоти билан эндигина танишиб келаётган ёшлар ўртасида турли тушунмовчиликларни келтириб чиқаради. Натижада кўп ўринларда ёшлар билан ота-боболари ўртасида келишмовчилик ва норозиликлар вужудга келди. Бундай ихтилофларнинг шаръий ҳукми ҳаром ҳисобланади, чунки бу ихтилофлар бир диндаги одамлар ўртасида хусумат ва адоватни юзага келтиради. Шунингдек, таҳорат асносида қулоқларнинг ичи ва орқасига масҳ қилиш бидъат деб даво қилганлар ҳам бор, уларга раддия сифатида далил қилиб мазкур ҳадисни келтириш мумкин.
Шуайб ривоят қилади, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг олдига бир киши келиб, “Эй Расулуллоҳ, таҳорат қандай қилинади деб сўради. Расулуллоҳ бир идишда сув олиб келишни буюрдилар ва икки қўлларини кафтигача уч марта ювдилар, сўнг юзларини уч марта ювдилар, сўнг қўлларини чиғаноғигача уч марта ювдилар, сўнг бошларига масҳ тортдилар, сўнг икки бармоқларини қулоқларини ичига киритиб, бош бармоқлари билан қулоқларини орқасини ва икки кўрсаткич бармоқлари билан қулоқларини ичини масҳ қилдилар, сўнг оёқларини уч марта ювдилар, сўнг: “Таҳорат шунақа бўлади”, Ким бундан зиёда ёки кам қилса, аниқ бир ёмон иш қилибди ва ўзига ўзи зулм қилибди дедилар” (Аду Довуд ва Насоий ривоятлари)
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, таҳоратдаги ҳамма амаллар бир ҳадисни ўзида мукаммал акс этмаган бўлиши мумкин. Юқоридаги ҳадисда ҳам таҳоратдаги кўп амаллар зикр қилинмаган, аммо бу борадаги бошқа ҳадисларни ҳам эътиборга олиш керак. Таҳоратдага тўртта фарз адо этилиши билан таҳорат ибодат қилишга кифоя қилади, аммо ундаги далиллар орқали ворид бўлган суннат ва мустаҳаб амаллар фарз амалларни мукаммал бўлиши учун гаровдир. Уламолар таҳоратдаги амалларни, таҳорат масаласига тегишли барча ҳадисларни тўплаб, уларни атрофлича ўрганиб чиқиб сўнгра якуний хулоса беришган. Ҳукм чиқаришдан олдин айни масалага тегишли бўлган барча манбаларни атрофлича ўрганиб чиқмаслик ихтилофлар вужудга келишининг асосий омилидир. Шу ўринда бир ривоят ёдга тушади: фил ҳақида эшитган, лекин кўрмаган бир неча сўқир кишиларни филнинг олдига олиб бориб, мана қаршингизда фил турибди, уни ҳар бирингиз ушлаб кўришингиз мумкин, дейилибди. Шунда улардан ҳар бири алоҳида-алоҳида бориб филнинг дуч келган аъзосини ушлаб пайпаслаб кўрибди. Бири оёғини, бири қулоғини ва бири хартумини ушлаб кўрибди. Сўнгра ҳар биридан фил ҳақида сўралибди. Филнинг ҳар хил аъзосидан тутган сўқирларнинг хулосалари ҳам ҳар хил бўлибди. Оёғини ушлаб кўрган сўқир киши фил узун ва йўғон устунга ўхшаган нарса, деса; қулоғини ушлаб кўргани фил япалоқ, катта супрага ўхшайди, дебди; хартумидан тутгани фил узун арқонга ўхшаган маҳлуқ, дебди. Фил ҳақидаги бу маълумотлар тўғри, аммо атрофлича эмас. Иккинчи турдаги ихтилофлар айни бир амалга қарши чиқиш, уни йўққа чиқариш ихтилофидир. Бу каби ихтилофлар юқорида айтилган тўрт манбанинг бирортасида қайд этилмаган амалларга қарши юзага келади ҳамда ўринли бўлса унга қарши курашилади.
“Эълоус-сунан” асарида бу каби масалалар етарлича далиллар билан ёритилган. Бу каби манбаларни янада пухтароқ ўрганиш, илмий таҳлил қилиш ихтилофларга барҳам беришнинг асосий омилларидандир. Ихтилофлар ҳар қандай жамиятнинг ашаддий душмани, уни таназзулга олиб борувчи ёмон иллат экани маълум. Чунончи, Қуръони каримда ҳам бу иллатдан қаттиқ қайтарилганмиз: “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳни сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз” (Оли Имрон, 103), Шунингдек, Анфол сурасининг 46-ояти ҳамда Рум 31-32-оятларида ҳам ихтилофларга берилмаслик қатъиян амр этилган.
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам одамлар ўрталаридаги ғаразли тортишувлар, ихтилоф ва фирқабозликлар қаттиқ қораланади. Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ алайҳиссалом:”Ихтилоф қилманглар. Қалбларингиз ихтилофли, бир-бирига зид бўлиб кетади” (Имом Муслим ривояти).
Бу каби ҳадислар жуда кўп ривоят қилинган. Юқорида таъкидланганидек ихтилофлар, ўзаро келишмовчиликлар ҳар қандай жамият учун зарарлидир. Дарҳақиқат, ихтилофлар қалбларни бир-бирига зид қилиб қўяр экан, инсонларнинг жамият равнақига ҳисса қўшиши амримаҳол бўлиб қолади.
Манбалар хазинаси илмий ходими Муҳаммадсиддиқ Усмонов тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
1. Али ибн Ҳасан ибн Абу Исо Ҳилолий (ёшлари имом Муслимдан катта)
2. Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб Фарро (шайхларидан). Аммо Фарродан «Саҳиҳ»ларида ҳадис ривоят қилмаганлар.
3. Ҳусайн ибн Муҳаммад Қаббоний
4. Абу Бакр Муҳаммад ибн Назр ибн Салама Жорудий
5. Али ибн Ҳусайн ибн Жунайд Розий
6. Солиҳ ибн Муҳаммад Жазара
7. Абу Исо Термизий («Жомеъи Термизий»да)
8. Аҳмад ибн Муборак Мустамлий
9. Қози Абдуллоҳ ибн Яҳё Сарахсий
10. Абу Саъид Ҳотим ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Киндий Бухорий
11. Иброҳим ибн Исҳоқ Сайрафий
12. Сабоқдош дўстлари Иброҳим ибн Абу Толиб
13. Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Ҳамза
14. Фақиҳ Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Суфён («Саҳиҳи Муслим»нинг ровийларидан)
15. Абу Амр Аҳмад ибн Наср Хаффоф
16. Закариё ибн Довуд Хаффоф
17. Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Абдусалом Хаффоф
18. Ҳофиз Абу Али Абдуллоҳ ибн Маҳаммад ибн Али Балхий
19. Абдурраҳмон ибн Абу Ҳотим
20. Али ибн Исмоил Саффор
21. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Ҳамдун Аъмаший
22. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Шарқий
23. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Али ибн Ҳаснавайҳ Муқрий (заиф ровийлардан)
24. Ҳофиз Аҳмад ибн Салама
25. Саъид ибн Амр Барзаъий
26. Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Шарқий
27. Фазл ибн Муҳаммад Балхий
28. Абу Бакр ибн Хузайма
29. Абул Аббос Саррож
30. Муҳаммад ибн Абд ибн Ҳумайд
31. Муҳаммад ибн Махлад Аттор
32. Маккий ибн Абдон
33. Яҳё ибн Муҳаммад ибн Соъид
34. Ҳофиз Абу Авона
35. Ҳофиз Наср ибн Аҳмад ибн Наср.
Абу Амр Мустамлий айтганлар: «Бизга Исҳоқ Кавсаж 251 йилда ҳадис ёздирдилар. Муслим танлаб ёзардилар, мен эса айтганларини ёзардим ва давом этаверишларини сўрардим. Шунда Исҳоқ Кавсаж Муслимга: «Сиз мусулмонлар орасида экансиз, яхшилик доим биз билан бирга», – дедилар».
Термизий «Жомеъ»ларида имом Муслимдан биттагина ҳадис ривоят қилганлар («Рамазон бошланишини билиш учун шаъбонда ойни кузатинглар»).[1]
Абул Қосим ибн Асокирга Абу Наср Юнортий шундай деганлар: «Менга Солиҳ ибн Абу Солиҳ дарахт пўстлоғига ёзилган бир варақни бердилар. Унда имом Муслим дастхатлари билан Валид ибн Муслимдан эшитиб ёзиб олган ҳадислар битилган экан».
Бу санади узилган, ишончиз маълумот.
Аҳмад ибн Салама айтганлар: «Абу Зуръа ва Абу Ҳотимнинг саҳиҳ ҳадисларни билишда имом Муслимни замоналарининг шайхларидан устун қўйишларини кўрдим. Ҳусайн ибн Мансурдан эшитишимча, у киши Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг имом Муслим тўғриларида гапира туриб, форсча бир сўз айтганларини эшитганлар. Унинг маъноси – шу қадар улуғ инсон бўлар экан-да?!».
Аҳмад ибн Салама айтганлар: «Муслим бир илм мажлисига таклиф этилдилар. Унда бу киши билмайдиган бир ҳадис зикр қилинди. Уйларига бориб, чироқни ёқдилар-да, оила аҳлига: «Ҳузуримга ҳеч ким кирмасин», – дедилар. Бир пайт: «Бизга бир сават хурмо ҳадя қилинди», – дейишди. «Олиб киринглар», – дедилар. Хурмони киритишди. Тонг отгунча ундан битта-биттадан олиб, ўша ҳадисни қидиришга тушдилар. Хурмо ҳам тугади, ҳадис ҳам топилди».
Бу воқеани Абу Абдуллоҳ Ҳоким ҳам ривоят қилиб: «Ишончли дўстларимиздан бирининг айтишича, ўшандан кейин имом Муслим вафот этибдилар», – деганлар.
«Машҳур даҳолар сийрати» китобидан
[1] 687-ҳадис.