Ўзбекистоннинг бир гуруҳ исломшунос, шарқшунос олимлари Буюк Британияга сафари чоғида Кембриж университетига ташриф буюриб, ушбу нуфузли таълим даргоҳининг профессор ва мутахассислари билан учрашувлар ўтказди, деб хабар беради ЎзА.
Кембриж университетининг Марказий Осиё форуми директори профессор Сидхарт Саксена билан Ўзбекистонда яқинда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Имoм Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни татқиқ этиш маркази ҳамда Тошкент ислом университетининг исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди.
Олимнинг таъкидлашича, Кембриж профессор-ўқитувчилари Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Ислом академиясининг талаба ва тадқиқотчилари учун махсус маърузалар ўқийди, Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро форумларда иштирок этади.
«Жаҳон рейтингларида Оксфорд университетидан кейин иккинчи ўринни мунтазам эгаллаб келаётган Кембрижнинг нуфузли нашрларида ўзбекистонлик мутахассислар илмий мақолалари чоп этилади. Икки томон олимлари қўшма илмий гуруҳи ташкил этилади. Ҳамкорликда долзарб мавзуларда тадқиқотлар амалга оширилади», — дейилади хабарда.
Томонлар, шунингдек, Кембриж университетида Хоразмий ва Ибн Сино стипендияларини таъсис этиш тўғрисида ҳам келишиб олди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 12 февралидан эътиборан Кембриж университетида ўзбек тили дарслари ташкил этилди. Эришилган келишувларга мувофиқ, янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондан келган мутахассислар ушбу курсларда дарс бера бошлайди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бугун, 20 январь куни пойтахтимиздаги "Wyndham Tashkent" меҳмонхонасида "Тинчлик – дунё динларининг муҳим тамойили" мавзусида илмий-амалий конференцияси бошланди.
Нуфузли анжуманни Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров, Конрад Аденауэр жамғармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатли вакили Андре Алгермиссен, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ва бошқа мутасадди вакиллар табрик сўзи билан очиб берди.
Конференцияда диншунос экспертлар, исломшунослар, этник-маданий бирлашмалар, диний конфессия вакиллари, шунингдек, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамият, миллий маданий марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳам қатнашмоқда.
Конференция давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати