لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاء يَهَبُ لِمَنْ يَشَاء إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَن يَشَاء الذُّكُورَ
أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَن يَشَاء عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир” (Шўро, 49-50).
Ушбу оятнинг аввалида Аллоҳ таоло Еру Осмоннинг яратувчиси, эгаси, Еру Осмон унинг тасарруфида эканининг хабар бермоқда. У зот нимани хоҳласа, ўша бўлади, нимани хоҳламаса, у бўлмайди. У зот хоҳлаганига беради, хоҳлаганини маҳрум қилади. Унинг берганини манъ қилувчи, манъ қилганини эса берувчи йўқ. У зот Ўзи хоҳлаган кишисига Ўзи хоҳлаган нарсасини ато қилади. Чунки у зотгина бандасига ниманинг фойдаси кўпроғ-у, ниманинг фойдаси камроқлигини яхши билади. Аллоҳ – буюк билим соҳиби.
Қуръони каримда қиз боланинг ўғил боладан олдин зикр этилиши ҳам қиз фарзанднинг ўғилга нисбатан фазилатли ва баракали эканига далолат қилади.
Аллоҳ таоло оятнинг давомида бандаларни тўрт қисмга бўлмоқда:
Аллоҳ таоло кимга нима беришни ўзи билади ва уни яратишга қодир. Бу илоҳий тақсимотга итоат этиш ҳам ибодатдир. Аллоҳ ҳар бир банданинг фойдасини кўзлаб шу ишни бажаради. Банда эса гоҳо бунга шошқалоқлик билан ёндашади. Бу Аллоҳ бандасини ёмон кўради, дегани эмас. Шундай бўлганида ўзининг инсонлар орасидан суюкли қилиб танлаб олган пайғамбарларига ҳар иккисидан ҳам берган бўлмасмиди? Аллоҳ кимга, нимани, қандай, қанча ва қачон беришни ўзи билади.
Ҳаётда инсонлар тўрт хил ҳолатда яратилган: Одам алайҳиссалом эркак ва аёлсиз тупроқдан, Ҳавво онамиз аёлсиз фақат эркакдан, яъни Одам алайҳиссаломнинг чап қовурғасидан, Исо алайҳиссалом эркаксиз фақат аёлдан, яъни Марям онамиздан, қолган инсонлар эса эркагу аёлдан. Банда буни фикр қилиши ва фарзанддек буюк неъматни шукроналик ила қабул қилмоғи шарт. Бунга ношукур бўлиш – гуноҳи азим.
Аллоҳ таоло оятда қиз фарзандни биринчи ўринда келтирди. Бу Аллоҳнинг хоҳиши, ота-онанинг хоҳиши эмас. Ота-она кўпинча ўғил истайди. Аллоҳнинг иродаси эса банданинг иродасидан устун. Фарзанднинг ўғил бўлишида на ота-она ва на табибларнинг маҳорати қўл келади. Қўл келганида борми?... Бунга фақат Аллоҳ қодир.
Жоҳилият даврида баъзи араблар қиз болани ор-номус санаб тириклай кўмиб юборарди. Улар қиз болани одам санашмас, унга ҳайвондан-да паст назар билан боқар, бир-бирини ўғил туғилганда, қиз эса кўмилганда қутлашарди. Аллоҳ таоло эса мазкур оят билан қиз болага биринчи ўринда эътибор қаратиб, бандаларни ҳам шунга чорлади. Шу илоҳий хитоб қиз болаларнинг сақланиб қолишига, наслнинг давом этишига сабаб бўлди.
Шундай экан, қиз болани ёмон кўриш, қиз туғилганда хафа бўлиш, қиз туққан аёлини койиш жоҳил одамларнинг одатларидан. Аксинча, қиз болани яхши кўриш, совға-саломни ҳам ўғилдан олдин қиз болага бериш солиҳларнинг одатларидан. Қиз бола ўғилга қараганда меҳрибонроқ бўлиши ҳам табиий ҳол.
“Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади. У (қиз)ни камситган ҳолда олиб қолиш ёки (тириклай) тупроққа қориш (тўғрисида ўй суриб), ўзига хушхабар берилган нарсанинг “ёмон”лигидан (орият қилиб) одамлардан яшириниб олади. Огоҳ бўлингизки, уларнинг бу ҳукмлари жуда ёмондир” (Наҳл, 58-59).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: "Кимда учта қиз бўлиб, уларнинг тарбиясидаги қийинчиликка сабр этса ва топган молидан уларнинг кийим-кечакларини бут қилса, улар бу кишига дўзахдан парда бўлади" (Имом Бухорий ривояти).
"Ҳар бир мусулмон кишининг иккита қизи бўлиб, уларни яхши ахлоқ, яхши муомала билан тарбият қилса, қизлари албатта унинг жаннатга киришига сабабчи бўлади" (Имом Бухорий ривояти).
"Кимнинг учта қизи бўлиб, уларни ўз қўлида тарбия қилиб катта қилса ва уларга марҳамат назари билан қараса, жаннатга кириши, албатта, муқаррардир" (Имом Бухорий ривояти).
“Оиша розияллоҳу анҳо ўз яқинларида фарзанд туғилганда қиз ёки ўғиллигини сўрамасдан она ва боланинг бус-бутунлигини сўрардилар. Соғломлигини эшитгач, “Аллоҳга шукур”, деб дуо қилардилар” (Имом Бухорий ривояти).
“Бир нечта қизи бўлган бир киши Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ҳузурида бўлган вақтида уларнинг ўлишини орзу қилди. Шунда Абдуллоҳ у кишига қаттиқ ғазаб билан: "Қизларнинг ризқ-рўзини сен ўзингнинг ризқингдан берасанми?" деб койиган эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Абу Юсуф Яъқуб айтадилар: «Еттита қизим бор. Ҳар қиз туғилганда имом Аҳмад ҳузурларига борардим. У зот: “Эй Абу Юсуф! Пайғамбарлар ҳам қизларнинг оталари бўлганлар”, дердилар. Бу гапдан кейин мендан хафалик аломати йўқоларди».
Бир оилада қиз фарзанд туғилганда эру хотин ўртасида катта жанжал чиқибди. Ҳатто эркак бир неча кун аёли билан гаплашмай қўйганида ҳижрон алангаси қалбини тилка-пора қилган бечора аёл бир парча қоғозга шундай мактуб битибди:
Эримга не бўлди, гаплашмай қўйди,
Чароғон уйимиз зулматга тўлди.
Ширин сўзларининг гадоси бўлдим,
Гул эдим, бир кунда қуридим, сўлдим.
Дедим: гапимга бир қулоқ солинг, сиз,
Кўз очиб кўрганим жоним, дилимсиз.
Деҳқоним бўлинг, мен ерингиз бўлай,
Нимаки эксангиз, шуни ўстирай.
Дарҳақиқат, фарзанд берувчи ҳам, ризқини берувчи ҳам ягона Аллоҳ. Ундан кўра ўзимизнинг ота, жуфтимизнинг она, ота-онамизнинг неваралик бахтига сабабчи бўлган жигарбандлар билан хурсанд бўлиб, фарзанд неъматини насиб этган Яратганга шукрона қилайлик. Кунлар келиб шу қизимиз бизни бахтли этар; оиламизни обод, турмушимизни завқли этар; ҳадисларда ўрганганимиздек, жаннатга киришимизга сабабчи бўлар. Фикримизни бир жойга қўйиб, ўйлаб кўрайлик: агар Худо қалбимиз райҳонлари бўлмиш фарзанд бермаганда, нима қилардик. Шундай экан, уларнинг соғлигини, салоҳиятини, дину диёнатга, миллату мамлакатга манфаати тегадиган шахс бўлиб етишини сўрайлик, илму маърифатли, маънавияти юксак бўлишини тилаб дуо қилайлик. Зеро, ота-онанинг фарзандига қилган дуоси шаксиз мустажобдир.
Қиз бола нафақат бизнинг қизимиз, балки холамиз, аммамиз, опамиз ва синглимиз, қолаверса онамиз эканлигини бир дам бўлса-да унутмайлик.
Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
"Ли ийлафи қурайш" сураси, Қурайш қабиласига берилган неъматларга урғу беради.
Бу суранинг нозил бўлиши сабабини ўрганганда, Аллоҳдан янада қўрқиш ҳисси пайдо бўлади. Бу сура ҳаётдаги муҳим муаммолардан бири - неъматга одатланиб, уни қадрсизлантириш ҳақидадир.
Аллоҳ қурайшликларни икки мавсум - қиш ва ёздаги савдо сафарлари орқали тирикчиликларининг яхши кетишига одатланиб қолганликлари, лекин улар бу неъматларнинг ҳақиқий Эгасини тан олиб, шукр қилмаганларини айтади.
Жоҳилият даврида Қурайш қабиласи фақирлик ва очарчиликда яшаган, ҳаётлари жуда ночор ва қийин бўлган. Ҳаттоки, қашшоқлик кучайганида, баъзилар ўз оиласини олиб, “хубо” деб аталган жойга боришар ва ўша ерда очликдан ҳаммаси ҳалок бўлгунига қадар қолишарди. Бу одат жоҳилият даврида “иътифар” деб номланар эди.
Макканинг катта тожирларидан бўлган Ҳошим ибн Абдуманофга бир куни Бани Маҳзум қабиласининг барча аъзолари жуда қаттиқ очликда қолиб, ҳалок бўлиш арафасида экани ҳақидаги хабар етади. У Аллоҳнинг байти Каъбанинг хизматида турган одамларнинг шундай қашшоқлик ва ўта жоҳилона аҳволда эканликларидан ўкинди ва қаттиқ ғазабланди.
Шу сабабдан Ҳошим ибн Абдуманоф бу ёмон одатни ўзгартиришга қарор қилди ва қуйидагиларни амалга оширди:
– Сизлар Аллоҳнинг байтини хизматида бўлатуриб бутун арабларга ўзингизни шарманда қиладиган ёмон одатларни жорий қилгансизлар, деди ва бир қабилани бир нечта уруғларга бўлиб ташлади. Ҳар бир уруғдаги бой кишилардан ўз қариндошлари билан мол-мулкини тенг бўлишишни талаб қилди. Шундай қилиб, камбағал ҳам бой билан тенг бўлди.
Шундан кейин у Қурайш қабиласига тижорат усулларини ўргатди ва уларни йилда икки марта тижорат сафарига чиқиш йўлларини белгилаб берди. Ёзда мева-сабзавотлар савдоси учун Шомга, қишда эса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси учун Яманга сафарларини ташкил қилди.
Шундай қилиб, Шом ва Яманнинг баракаси Маккага олиб келинди ва қурайшликларнинг иқтисодий ҳолати яхшиланди. Шу билан бирга, “иътифар” одати ҳам йўқ бўлди. Бироқ, вақт ўтиши билан Қурайш қабиласи Аллоҳнинг бу неъматларига шукр қилиш ўрнига, уларга одатланиб қолди ва неъматни қадрламай қўйди. Неъматга ношукурлик қилиш – бу унга одатланиб, уни неъмат деб билмасликдир.
Қурайш қабиласи Аллоҳ томонидан туширилган неъматларга одатланиб, уни қадрсизлантиргани учун Аллоҳ уларга бу сурани туширди: "Мана шу Байт (Каъба)нинг Парвардигорига (шукрона учун) ибодат қилсинлар. Зеро, У уларни очликдан (қутқариб) тўйдирди ва хавфу хатардан омон қилди".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ