Қуръони карим ва ҳадис шарифда фақат эзгуликка даъват этилганини кўрамиз. Ислом дини зулм, тажовузкорлик адолатсизлик, турли хил фирқаларга бўлиниш каби разил ишларни қоралайди, улардан эҳтиёт бўлишга буюради. Тинчлик неъматини бериб қўйган Аллоҳ таоло инсонларни турли фирқа ва гуруҳларга бўлиниб кетишдан, шу йўл билан бир-бирларига душманлик қилишдан қайтарган. Бунга эришишнинг асосий йўли сифатида Қуръони карим ҳукмларидан чекинмасликка буюриб шундай деган:
“Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади!” (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Ислом дини нафақат инсоннинг ўзи, балки ўзга одамларга, ҳатто наботот ва ҳайвонотга, борингки, барча мавжудотга нисбатан раҳм-шафқатли ва меҳрибон бўлишга чақиради. Ислом дини ўзга дин вакиллари билан ҳамжиҳатликда ва улар билан гўзал услубда мунозара қилишга буюради.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурмат қилиш, ҳақларига риоя этишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилишдан чарчамадилар.
Аллоҳ таоло юртимиздаги барча миллат ва элатларни, дин вакилларини бирдам ва ҳамжиҳат бўлиб, осойишта ҳаёт кечирмоқларини насиб этсин, турли хил ихтилоф, келишмовчик ва зиддиятлардан, биз билган ва билмаган ҳар қандай бало-офатлардан Ўз паноҳида сақласин.
Дийдор АСКАРОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Биласизми? Силикат моддасига бой бўлган тупроққа дафн қилинган инсоннинг скелети вақт ўтиши билан тош ва харсангга айланади.
Агар у пирит (темир сульфиди) моддасига бой минтақага дафн қилинса, ундай жасад темир ҳайкалга айланиб қолиши мумкин!
Бу илмий ҳақиқат яқинда аниқланган бўлса-да, Қуръонда бу ҳақида 1445 йил олдин ҳайратланарли тарзда жуда аниқлик билан баён этилган. Қуръонда бундай дейилган:
وَقَالُوا أَإِذَا كُنَّا عِظَامًا وَرُفَاتًا أَإِنَّا لَمَبْعُوثُونَ خَلْقًا جَدِيدًا
"Улар: “Биз суякларга ва чанг- тупроқларга айланиб кетганимиздан кейин ҳам, янгитдан тирилтириламизми?” дедилар. “Сен уларга, тошга ёки темирга айланинглар”, деб айт"
(Исро сураси, 50-оят).
Бу оят яқин йилларда кашф этилган — суяклари тошга айланган ёки темир ҳайкалга айланган қазилмаларга очиқ ва равшан ишора қилмоқда. Гўёки Қуръонда хабар берилган ушбу далиллар олимлар кашф қилишларини узоқ асрлардан бери кутиб ётгандек.
Шундай экан, ақлли инсон бундай очиқ-ойдин ва равшан мўъжизани қандай инкор қила олади? Қуръоннинг бу мўъжизаси кундуздаги қуёшдек равшан эмасми?
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ