Маълумотларга кўра, Олмазор туманидаги "Охунгузар" жоме масжиди 1850 йилда қурилган. Ушбу масжид ўзининг тарихийлиги ва қурилиш услуби билан ажралиб туради.
Тарихий масжиднинг ёнида жойлашган уйнинг аянчли ҳолати масжидга ташриф буюрувчилар ва хорижлик сайёҳларнинг дилини хира қилиши турган гап.
Мамлакатимизда сайёҳлик соҳасига берилаётган эътибор, бу сингари кичик камчиликлар сабабли тўсиқларга учрамаслиги зарур.
Бундай нураб кетган деворлар ҳам масжид аҳлига ҳам хориждан келадиган сайёҳларга салбий таъсир этиши аниқ. Ким ҳам нураган деворни кўриб, бино ичига киради? Масжид ходимлари эса кунига юзлаб сайёҳларга: бу масжид жуда мустаҳкам деб, тушунтира олмайдиларку.
Келган сайёҳ масжид ҳолати яхши бўлсада, ёнбошида турган уй деворининг йиқилай деб турганини кўриб, ушбу обидани зиёрат қилиш ниятидан қайтмаслигига ким кафолат беради?!
Мутасадди ташкилот ва мазкур уй вакилларидан мавжуд ҳолат бўйича тегишли чора кўришларини кутиб қоламиз.
ЎМИ матбуот хизмати
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш бўлими мудири Шайх Алижон қори Файзуллоҳ Махдум ўғли ҳамда Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Бекобод шаҳридаги Қуръон ва тажвид марказига ташриф буюрдилар.
Марказ маъмурияти ҳамда у ерда таълим олаётган тингловчилар билан бўлиб ўтган суҳбат ҳар жиҳатдан самарали бўлди. Хусусан, учрашувда Шайх Алижон қори ҳафизаҳуллоҳ Қуръони каримни ёдлаш фазилатлари, бу борада яратилган шарт-шароитларнинг қадрига етиш, шукрона келтириш, вақтдан унумли фойдаланиш каби мавзуларда гўзал мавъиза қилиб бердилар.
Ҳақиқатан, Қуръони каримни ёдлаш, оятлар маъно-мазмунларини тафаккур ва тадаббур қилиш ибодат ва чинакам саодатдир.
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизларнинг яхшиларингиз Қуръони каримни ўрганган ва ўргатганларингиздир", деб марҳамат қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати