Сўнгги вақтларда muslim.uz ижодкорлари янгидан-янги лойиҳаларни мухлисларга тақдим этишмоқда. Айниқса, “Онлайн зиёрат”, “Соғлом эътиқод сабоқлари” рукнлари кўпчиликка манзур бўлди. Буларнинг бари дин хизмати, халқ ғами ва оғирини енгил қилиш учун қилинмоқда.
Навбатдаги янги “Фототанқид” лойиҳасида ўзига хос услубни ишга солган ҳолда бино-иншоотлардаги кишининг дилини хира қиладиган ҳолатлар, одамларга ноқулайлик туғдирадиган вазиятлар ҳамда динимиз ва ўзлигимизга тўғри келмайдиган воқеа-ҳодисалар ҳақида танқидий фоторепортажлар эълон қилинади.
Бу ишимиз билан бировни хафа қилиш, камситиш ёки қандайдир фойда топишдан мутлақо йироқмиз. Мақсадимиз харобани обод қилиш, эгрини тўғрилаш, жоҳилликни йўқотиш, бепарволикдан сақланиш ва доимо диққатли бўлишга чорлаш кабилардан иборат. Зеро, “Танқид – келажак меваси” деган нақл бир неча йилдирки ҳаётда ўз тасдиғини топмоқда.
Машойихларнинг ислоҳ қилишни олдин ўз нафсингда бошла, деган ҳикматларига амал қилган ҳолда танқид орқали тузатишни аввал ўзимизнинг ён-атрофимиздан, масжид-мадрасалардан бошладик.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Cавол: Коллежда ўқиб юрган вақтларимда баъзан автобусдан йўлкирани бермасдан тушиб кетардим. Бу ишнинг оғир гуноҳ эканини англаб етдим. Буни қандай тўғриласам бўлади? Тахминий ҳисоблаб, садақа қилсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ишингиз учун аввало истиғфор айтиб, тавба қиласиз. Тўламаган йўлкираларингизни тахминий ҳисоблайсиз ҳамда ўзингиз фойдаланган автобуслар бошқармасидан йўлкиралар тўланадиган ҳисоб рақамлари бўлса, қарзларингизни шунга ўтказиб қўясиз ва шу билан зиммангиздаги юкдан қутиласиз, иншааллоҳ. Агар уларда бундай имконият бўлмаса, садақа қилиб юборасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.