Аллоҳ таъолога беадад ҳамду – саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.
Ҳозир никоҳ тўйлари мавсуми айни қизиган паллада Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки пойтахтимиз, қолаверса, юртимизда ҳар куни бир неча ўнлаб никоҳ валималари уюштирилаяпти. Пойтахтдаги барча тўйхоналар бир кунда бир неча тўй маросимларини ўтказиш манзилига айланаяпти. Албатта бу борада тунги базмлар ва наҳорги никоҳ валимаси учун берилаётган ошлар эътиборга олинади. Биз бу ўринда бу базм ва наҳорги ошларни қандай ҳолатда ва қандай шарт-шароитда, қандай қонун-қоидаларга мувофиқ, миллийлигимиз ва урф-одатларимизга, хоссатан динимиз кўрсатмаларига қай даражада мувофиқ ёки номувофиқ келиши тўғрисида баҳс юритмоқчи эмасмиз. Чунки бу масалада халқимиз учун етарли даражада маълумотлар тақдим этилган ва уни такрор тақдим этиш ниятимиз йўқ. Балки айнан никоҳ валимаси бўладиган кунни ва ўз-ўзидан унга узвий боғланадиган келин билан куёвнинг гўшангага кириб, биргаликда оилавий ҳаётни бошлаш кунини аслида ким белгилаши тўғрисидаги муаммони кўтармоқчимиз. Тўғри, кимлар учундир бу ўз-ўзидан, йўл-йўлакай белгиланадиган, ҳеч қандай баҳс ва мунозарага сабаб бўладиган иш эмасдир. Баъзилар «Бунга ўта жиддий эътибор беришни ҳеч қандай ҳожати йўқ» дейди ёки «шу ҳам муаммоми, қариялар иш бошилар, нима десалар шу бўладида» ёки «шароитга қараб белгиланавериладиган оддий ишку» дейиши мумкин. Албатта бундай фикрларни мазкур муаммолар бўйича мутахассис бўлмаган, балки бирор маротаба шу иш юзасидан можарога тўғри келмаган оддий инсонлар айтиши мумкин, лекин бизга ўхшаш масжид ходимларига мурожаат қилинаётган шикоят ва маслаҳатларни таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур муаммони ҳам ҳал қилиш вақти етганлиги ва бу борадаги динимиз кўрсатмаларини аниқ ва тиниқ ҳолатда халқимизга тақдим қилишимиз керак эканлиги маълум бўлади. Демак бўлаётган мурожаатларга қарайдиган бўлсак, тўй кунини қачон ва қаерда бўлишини шак-шубҳасиз, ҳеч қандай гап сўзсиз, ҳаттоки қуда тараф билан бирор марта ҳам маслаҳат қилмасдан туриб, ўз-ўзидан куёв тараф белгилайди. Буни эса бир қанча сабаблари бор.
Биринчи: ҳозирги кунда куёв тараф ўзини келин тарафдан мутлақ юқори қўйиши;
Иккинчи: куёв тараф тўй кунини белгилашни ўзларининг ҳаққи деб билиши;
Учинчи: куёв тараф бу борада қуда тараф билан бомаслаҳат иш қиладиган бўлса обрўси тўкилиши тўғрисида тасаввури;
Тўртинчи: нафақат шариат бўйича, балки ҳақиқий урф-одатдан мутлақо бехабар бўлиши; (чунки асл урфимизда ҳам бундай бўлмаган).
Бешинчи: ҳозирги кунда бу асосийси ва муҳими бўлиб, қайсидир тўйхонанинг бўш вақтини эътиборга олиш;
Олтинчи: ўзи ёқтирган санъаткорларнинг бўш вақтини эътиборга олиши ва ҳоказолар.
Аслида ҳам ўзи шундаймикан? Бунга ойдинлик киритиш учун шариатимиз ва унга мувофиқ бўлган урф-одатимизда тўй куни қандай белгиланганлиги тўғрисида баъзи бир маълумотларни ўрганиб чиқамиз. Бунинг учун эса узоқ ўтмишимиз ва ҳаттоки 21 асргача бўлган урф-одатларимизга эътибор беришимизнинг ўзи кифоя қилади. Унда эса доимий ҳолатда тўй кунини куёв тараф келин тарафдан сўраб суриштириб, улар билан бомаслаҳат ва асосан келиннинг шарт-шароитига қараб туриб белгилаганлар. Бунда эса эътиборга олинган нарса шаръий жиҳатдан келиннинг узрли бўлиб қолишидир. Одатда аёллар уч кундан ўн кунгача шаръий узрли бўлишлари мумкин. Бу ҳолатнинг такрорланиши эса ўртача ҳисобда бир ойда бир марта бўлади. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ўртадаги покликни энг оз муддати ўн беш кун бўлиб, кўпиниг чегараси белгиланмагандир. Демак бўлажак келинниг онаси ўз қизининг ойнинг қайси кунларида узрли бўлишини билади ёки билмаса қизидан сўраб суриштириб, сўнгра пок бўладиган кунларининг бирига тўй кунини белгилайди. Шунда ҳар тарафлама тўғри ва ижобий қарор қабул қилинган бўлади. Акс ҳолда ҳозирги кунда тез-тез содир этиб турилаётган баъзи бир муаммолар келиб чиқади. Масалан: никоҳ тўйи бўлган кунларда келин узрли бўлиши мумкин. Бу эса ўзига яраша қийинчилик, машаққат ва баъзи бир келишмовчиликларни содир этилишига сабаб бўлади. Аввало, аёл-қизлар узрли ҳолатларида уларнинг деярли бутун вужудида ўзига яраша ўзгариш, инқилоб, инжиқлик, лоҳаслик, қувватсизлик, баъзи бирларида эса ўта кучли оғриқ ва ҳаттоки кўзига ҳеч нарса ёқмайдиган даражадаги ҳолат ва кайфиятининг ўта тушкинлик ҳолати кузатилади. Албатта келин ўзининг келинлик ҳаёси, ибоси, ахлоқ-одоби ва тарбиясидан келиб чиққан ҳолатда мазкур салбий ўзгаришлар тўғрисида керакли одамларга айта олмаслиги мумкин. Лекин унинг ўзини тутиши, хатти-ҳаракатлари янги куёв болага ва баъзи бир ҳолатларда эса мутлақо куёв тарафидан бўлган қайнона бошчилигидаги баъзи бир аёлларга ёқмаслиги мумкин. Агар ўз вақтида мазкур ҳолатни шаръий йўл билан тушунтириш ишлари олиб бориб, ўртадаги муаммонинг ечимини ислоҳ қилмаса, бу катта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу гапларни бежиз айтаётганимиз йўқ, балки айнан шу борадаги муаммолар кундан-кунга кўпайиб, ривожланиб бораётганлиги учун айтаяпмиз. Баъзи бир тушунган диний маърифати бор бўлган куёвлар келиб «қори ака тўйим бўлганига бир ҳафта бўлаябди, ҳалигача аёлим билан бирга бўлганим йўқ, қандайдир узри бормикан-е, «шунақа пайтда бирга бўлиш мумкин эмас», деб аёллар айтишаяпти. «Бундай муаммоси бор экан шуни аввалроқ айтмайдими» деб шикоят қилаётганлар йўқ эмас. Демак бу тўғрисидаги тушунча ва маълумотлар ҳам халқимизда ўзига яраша экан. Биз уларга мазкур маълумотларни тушунтирганимизда «қори ака ундай бўлса ўзларини ҳолатига қараб туриб тўйни белгиласа бўлмайдими?» дейишади. Биз эса «Тўғри айтасиз. Лекин сиз ва сизга ўхшаган баъзи бир кимсалар шариатимиз ва урф-одатларимиздан бехабарлигидан тўй кунини белгилашда келин тараф билан умуман маслаҳатлашмайди, тўғрими?», десам, ноиложликдан «ҳа, тўғри билмаган эканмизда», дейди.
Иккинчи бир мулоҳаза кўпинча келин тараф ош беради, лекин қайси куни бўлишини куёв тараф белгилайди. Келиннинг отаси наҳорги ошда Амру маъруф қилиш учун бизга ўхшаш масжид ходимларидан бирини таклиф қилишга келганида минг афсуски кўпчилик домлалар улар белгилаган вақтга банд бўлишади. Шунда улар: «эй қори ака фалонча қори акаларнинг олдига таклиф қилиб бордим ҳаммалари банд экан, нима қилсам экан» деб боши қотади.
«Тўй вақти, соатини ёки кунини ўзгартирсангиз бўлмайдими?» дейилса, «эй қори ака нимасини айтасиз? Қуда тараф шунга белгилаган, уларнинг белгилаган кунига эса зўрға тўйхонани гаплашиб тўғирладим, биласизку қудалик иш осон эмас» дейди.
Бир неча йиллар ўзининг қизини кўз қорачиғидек авайлаб-асраб, гавҳарни ҳимоя қилгандек ҳимоя қилиб, уни ўз эгасини, яъни турмуш ўртоғини қўлига қўш-қўллаб топшираётган қиз тараф айбдор-да. Шундай қилиб қиз тарафда ҳеч қандай ҳуқуқ қолмаяпти. «Майли. Аллоҳ сабр берсин. Ин шаа Аллоҳ бошқа иллатлар ва янги пайдо бўлаётган одатлар каби бу иллатларни ҳам секин-секин ислоҳ қилиш йўли билан тузатамизда», деб уларнинг кўнглига таскин берилади.
Мазкур ижобий ҳолатни тезроқ амалга ошиб, воқеликда ўз аксини топмоқлигини Аллоҳдан илтижолар қилиб сўраб қоламиз.
Исҳоқжон домла Бегматов
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
(Қуръоний дори)
Савол: Кўзга оқ тушганда жарроҳлик ёки дори томизишдан бошқа муолажалар ҳам борми?
Жавоб: Илмий қўлланма ва илмий назарияларда умумий уринишлар бор. Улар кўпроқ протеинни алмаштиришга, хусусан, оқ тушган кўзни аввалги ҳолатига қайтаришга қаратилган. Гоҳида кимёвий йўл билан имкон топилади. Бу ўзгартириш жузъий холос, мукаммал бўлмайди. Аммо кимёвий йўлни кўз гавҳаридаги протеинга қўллаш мумкин эмас.
Савол: Мана шундай нуқсонли ечимларгина мавжуд бўлган касалликка қандай қилиб сиз Қуръони карим орқали даво топдингиз?
Жавоб: Юқорида айтиб ўтганимдек, кўз гавҳарининг ташқи юзаси парда билан қопланган бўлиб, унда протеин бор. Ўша протеиннинг таркиби ўзгарса, гавҳарнинг ҳолати ҳам ўзгариб, оқибатда хиралик келиб чиқади. Шунинг учун биз ўша протеиндаги физиологик ўзгаришни тиклашнинг табиий услубини қидирдик. Бунда бизга Юсуф сурасидаги қуйидаги оятлар ёрдам берди:
«У булардан юз ўгириб, «Эсизгина Юсуф!» деди ва қайғудан кўзларига оқ тушди. У дардини ичига ютди (ожиз бўлиб қолди)» (84-оят). Юсуф алайҳиссалом Роббимиздан келган ваҳий сабабли акаларидан оталари ҳузурига кўйлагини олиб боришни талаб қилдилар:
«Мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзи очилур. Сўнг барчангиз аҳлингиз ила ҳузуримга келинглар. Карвон (Мисрдан) йўлга чиққан вақтда оталари (Яъқуб алайҳиссалом ўз уйларида туриб, ҳузиридаги кишиларга): «Мени ақлдан озган деманглар у, лекин мен Юсуфнинг ҳидини сезмоқдаман», деди. Улар: «Аллоҳга қасамки, албатта, сен эски адашувингдасан», дедилар. Хушхабарчи келиб, (кўйлакни) унинг юзига ташлаган эди, у яна кўрадиган бўлди. У: «Мен сизларга: «Аллоҳдан сизлар билмайдиган нарсани биламан», демаганмидим?» деди» (Юсуф сураси, 93–96-оятлар).
Юсуф алайҳиссаломнинг кўйлакларида қандай шифо бўлиши мумкин эди? Бу ҳақда ўйлаб-ўйлаб, тердан бошқа нарсани топмадик. Шундан сўнг инсон танасидан ажраладиган тернинг таркибий элементларини ўргандик. Анъанавий жарроҳлик йўли билан кўздан чиқариб олинган, хиралашган гавҳарни олиб, терга ботириб кўрганимизда унинг бироз шаффофлашганини кўрдик. Сўнгра савол туғилди: бу ҳолатда тердаги барча моддаларнинг шундай таъсири борми ёки ундаги қайсидир бир модданингми? Жавоб шуки, бу унинг таркибидаги бир модданинг – карбамиднинг («мочевина») таъсири экан. Бу моддани кимёвий усул билан ҳам тайёрлаб, лаборатория шароитида кўзи хиралашган ёки кўзига оқ тушган ҳайвонларда синаб кўрилди. Бироқ кузатувлар давомида кимёвий йўл билан тайёрланган ўша малҳам бу касалликни тузатмади, балки кўз гавҳарига оқ тушишига сабаб бўлди. Бу нарса йўналтирилган махсус чироқ (slit lamp), ультратовуш ҳамда кўз гавҳаридан аксланган ультрабинафша нур ёрдамида текшириб кўрилди. Бундан кейин компьютердаги физиологик окулярда 250 минг доллар тўлаб, ярим соат тажриба ўтказилганида унинг ёруғлик акслантириш даражаси 2 фоиздан ошмади. Лекин инсон теридан тайёрланган томчи қуйилганда 15 дақиқада 2 фоиздан 60 фоизга ёруғлик дарчаси очилди. 20 дақиқада 90 фоизга зиёдалашди. 30 дақиқада 95 фоизга зиёдалашди. 60 дақиқада 99 фоизга зиёдалашди.
Савол: Бу томчида ножўя таъсирлар кузатилдими?
Жавоб: Мутлақо. Тер танадан ажралиб чиқадиган модда бўлиб, юқорида айтганимиздек, унинг таркиби карбамиднинг таркиби билан деярли бир хил. Шунинг учун бу малҳам концентрациясини ўн баробарга ошириб, ҳайвонларда тажриба ўтказиш лозим. Бунда малҳам организмга оғиз орқали ёки бевосита юракнинг протеин пардасига киритиш орқали сингдирилди. Ушбу тажрибада ҳам ножўя таъсирлар кузатилмади, малҳам жигар, буйрак, мияга ёки қон таркибига умуман таъсир кўрсатмади.
Савол: Бу тажриба қуёнлар устида ўтказилган экан. Агар буни инсоннинг физиологик кўзи устида ўтказилса, нима бўлади?
Жавоб: Бундай тажриба 250 та кўнгилли иштирокчи устида ўтказилганида 90 фоиздан кўпроқ кишиларнинг кўзидаги оқлик кетиб, кўриши аввалги ҳолига қайтди. Клиник текширувлар шуни кўрсатдики, қолган 10 фоиз кишиларнинг кўз гавҳарида шаффофлик кузатилган, бироқ кўз тўрида бошқа касаллик бўлгани учун уларнинг кўриши яхшиланмаган.
Савол: Ана шу томчи кўздаги катарактадан бошқа кўз касалликларига шифо бўла оладими?
Жавоб: Ҳа, кўздаги шох пардага ҳам шифо бўлади. Кўз заифлашганда оқлик юзага келиши ана шу шох парда сиртида содир бўлади. Бу қон қуйилгандаги ёки шох парда таркибидаги протеинининг табиатида ўзгариш бўлгандаги ҳолатдир. Тажрибалардан собит бўлдики, ушбу томчини икки ҳафта давомида ҳар куни икки мартадан қуйиб борилса, кўриш хусусияти яхшиланиб, асл ҳолига қайтади.
Савол: Шох пардадаги оқлик авваллари қандай муолажа қилинар эди?
Жавоб: Авваллари ўлган кишининг кўз шох пардасини кўчириб ўтказиш орқали муолажа қилинар эди. Илова қилиб айтадиган бўлсак, бунда кўриш қуввати аввалги ҳолига қайтмас эди.
Савол: Сиз ўзингизни қандай ҳис қилдингиз? Чунки сиз бутун инсониятга Қуръон воқелигидан муолажа тақдим қилдингиз. Ваҳоланки, ичимиздаги баъзи кишилар дунёвий ишларга ёки илмий баҳсларга Қуръоннинг алоқаси йўқ деб ҳисоблашади.
Жавоб: Мен бу ишим билан илмнинг закотини адо қилдим, деб ҳисоблайман. Ахир молнинг закоти чиқарилганидек, илмнинг ҳам закоти чиқарилади-ку? Ахир илм инсонларнинг яхши кунига хизмат қилиши керак! Бундан ташқари, ушбу амалий тажриба сабабли Қуръони каримнинг азаматини ва улуғлигини яна бир бор ҳис этдим. «Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас» (Исро сураси, 82-оят). Шунга биноан, бу улуғ Китобга қайтишни умид қиламан. Агар ҳақиқий маънода қайтсаккина, аввалги давримизни қўлга киритиб, бутун инсониятни ҳидоятга чорлай оламиз.
Савол: Бу дори бозорларга чиқарилганида унга «Қуръоний дори» деб ишора қилинадими?
Жавоб: Ҳа, биз бу дорини ишлаб чиқарувчи ширкатга «Бу Қуръоний дори», деб ёзиб қўйишни шарт қилганмиз. Токи бутун олам ана шу Қуръоннинг ростлигини, дунё ва охиратда одамларни бахтли қилишда фаол эканини билсин. Суҳбатимиз охирида янги бир баҳсни, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳадиси шарифда васф қилганларидек, кўз тиббиётидаги бошқа бир дорини тақдим этмоқчиман. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) «Қўзиқорин ҳам бир овқат тури бўлиб, унинг суви кўз учун шифодир», деганлар.
Иншааллоҳ, Аллоҳнинг изни билан мана шу баҳс ҳам келажакда кенг қамровли илмларни очиб беради.
“Қуръон ва Суннатдаги илмий мўъжизалар” китобидан