Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир неча оятларида бизни муҳташам коинотдан ибрат олишга чақиради. Одам боласи Аллоҳ таолонинг борлигини, бирлигини, чексиз қудратини ҳис қилиш учун тоғларга, денгиз-дарёларга, ҳайвоноту ўсимлик оламига ва хусусан, энг катта мўъжиза бўлмиш инсонга ибрат назари билан боқиши, тафаккур қилиши керак. Зеро, мана бу ояти карималар шунга ундайди:
“(Эй инсонлар,) ерда ишонувчилар учун аломатлар бордир. Ўзларингизда ҳам. Ахир, кўрмайсизларми?!” (Зориёт, 20 -21).
“Ахир, улар туяга қараб, қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва Ернинг қандай ёйиб-текислаб қўйилганига боқмайдиларми?!” (Ғошия, 17-20).
Табиатда кечаётган қайта жонланиш, янгиланиш ва яшариш жараёнлари улуғ Аллоҳнинг яратувчилик қудратини намоён этадиган энг гўзал далиллар эканини пайқамаслик мумкинми? Аллоҳ таоло яратиқнинг нима учун ва қандай қилиб яратилганига диққатни тортиб, бундай марҳамат қилади:
Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми?! Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлур эдик. Бас, шукр қилмайсизларми?! Сизлар ёқаётган оловни (ўйлаб) кўрдингизми?! Унинг дарахтини сизлар пайдо қилдингизми ёки Биз пайдо қилувчимизми?! Биз уни (жаҳаннам ҳақида) бир эслатма ва йўловчилар учун фойдаланадиган нарса қилиб қўйдик. Бас, (Эй Муҳаммад,) Улуғ Раббингиз номини (поклаб) тасбеҳ айтинг!” (Воқеа, 68 -74).
Бу оятларни ўқигач, Аллоҳнинг борлигини, бирлигини, Унинг улуғ қудратини тасдиқ этишимиз, берган неъматларига шукр қилмасдан иложимиз қолмайди. Ер юзидаги ҳамма нарса ўз тили билан Аллоҳни ёд этиб, Унга тасбеҳ айтар экан, яралмишларнинг энг шарафлиси бўлмиш инсонларнинг Ундан узоқ қолиши тўғри бўладими?
Сўзимизни мана бу ояти карима билан якунлаймиз:
“(Эй Муҳаммад,) айтинг: “Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кечани қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси “илоҳ” сизларга бирор ёруғлик келтира олур?! Ахир, эшитмайсизларми?!” Айтинг: “Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кундузни қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси “илоҳ” сизларга таскин топадиган кечани келтира олур?! Ахир, кўрмайсизларми?!” (Қасас, 71-72).
ЎМИ Матбуот хизмати
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.