Кичик бир болакай денгиз бўйида кўзларини бир нуқтага тикиб ўтирарди. Бир соатдан бери ўтирган бу боланинг ҳоли яқин жойда ўтирган бир қариянинг диққатини ўзига тортди. Қария боланинг ëнига бориб:
- Ҳа, ўғлим, хорманг. Бугун денгиз жуда ҳам чиройлими-а? - деди.
Болакай қарияга қарамасдан:
- Лекин бугун шамол бор. Коптогим денгизга тушиб кетиб, шамол билан анча узоққа кетиб қолди.
- Агар ëш бўлганимда, сузиб бориб коптогингни олиб берардим - деди боланинг ëнига ўтирган қария.
Бола жавоб бермади. Кўз олдидан узоқлашиб кетаëтган коптогига қараб ўтиришда давом этди. Қария сокин овоз билан:
- Умидингни хеч қачон йўқотма. Менимча, дуо қилсанг, яхши бўлади.- деди. Бола қувонч билан:
- Дуо қилсам, коптогим қайтиб келадими? - дея сўради.
- Агар Аллоҳ истаса, қайтиб келади. Агар қайтиб келмаса ҳам дуоларингнинг савоби сенга етади.
Болакай қариянинг гаплари хақида озгина ўйланиб, орқасидан бувасидан ўрганган дуоларни ўқий бошлади. Кейин коптоги қайтиб келиши учун Аллоҳдан ëрдам сўради. Лекин бу унинг дардига дармон бўлмади. У коптокни олиш учун узоқ вақт харакат қилган, хатто байрамда олган пулларини хам копток учун асраб қўйган эди. Ҳозир копток қайтиб келишига биргина имконият шамолнинг ўз йўналишини ўзгартириши эди. Лекин денгиз катта, копток эса кичик.
Кечга яқин хаво ўзгарди. Қуëш ботиши арафасида балиқчилар денгиздан қайта бошлади. Уйига коптоксиз кетишни истамаган болакай қария билан бирга ўтириб балиқчиларни кутарди. Қария балиқни хар доим Шерзод балиқчидан харид қиларди. Кўзи билан Шерзодни излаб топган отахон:
- Овингиз бароридан келган бўлса керак иншоАллоҳ - деди. Шерзод балиқчи ëнидаги қутига ишора қилиб:
- Бу сафар балиқ оз - деди.
- Дуо қилмадингизми? - дея гапга аралашди болакай. -Умидингизни асло йўқотманг.
Шерзод балиқчи болакайнинг бошидан силаб:
- Дуо... Дуо қилсам балиқ тутаманми?
- Тута олмасангиз хам дуоларингизнинг савоби сизга етади. Мен ҳозиргина ўргандим буни.
Шерзод балиқчи бу гапни биринчи маротаба эшитаëтган эди.
- Мен ҳам энди ўргандим. Буни менга кичкина ўқитувчи ўргатди - деди балиқчи.
Бу гапларни эшитиб болакай жуда қувонди. Копток унинг эсидан ҳам чиқиб кетган эди. Балиқчи кемасига қайтиб чиқди ва қўлига бир копток олди. Уни болакайга узатиб:
- Ўқитувчилар хақини адо этиш қийин. Бу коптокни денгиздан топиб олдим - деди.
Болакай худди туш кўраëтгандек эди. Кутилмаган нарсалар бўлаëтган туш. Атрофга қаради. Хаммаси хақиқий. Балиқчи ҳам, кема ҳам, қария ҳам... Копток қўлида. Уни қаттиқ қучоқлаб:
- Мендан рухсатсиз узоққа кетиш йўқ - деди. Дуо қилмаганимда нима бўларди?
Манба: https://t.me/hikmatlar
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ