2 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда “Ҳалол касб – фаровонлик омили” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Ушбу тадбир жорий йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида тузилган Меморандум доирасида ўтказилди.
Тадбирда Ёшлар иттифоқи вакиллари, ёш тадбиркорлар, соҳа мутахассислари, диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент ислом институти ва мадрасалар талаба-ёшлари иштирок этди.
Учрашувда Ислом динида баён қилинган тижоратнинг қонун-қоидалари, одоблари ҳамда ҳалол меҳнат инсоннинг икки дунёсини обод қилиши ҳақида сўз юритилди. Тўғри касб-кор орқали қут-барака келиши, ҳалол тирикчилик ибодат даражасига кўтарилгани, унга катта ажр-савоблар ато этилиши тўғрисида маълумотлар берилди. Ўз навбатида бугун Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорларга кенг йўл очилгани, қулайликлар берилгани, қўллаб-қувватловчи чоралар кўрилгани ҳамда турли сунъий тўсиқ ва чекловлар олиб ташланганини алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур мулоқотда сўзга чиқиб, тижорат билан шуғулланувчи инсон энг аввало нияти тўғри бўлиши, яъни ҳалол меҳнати билан аввало оиласини покиза ризқ ила боқиши, жамият ва юртга фойда келтириши лозимлигини тушунтирди.
Зеро, ҳалол касб обод турмуш гаровидир. Инсон ўз қўл меҳнати орқали ризқ талаб қилиши эса вожиб амалдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно” (“Нисо” сураси, 29-оят).
Тадбирда диний идора масъул ходими Исоқжон Бегматов сўзга чиқиб, тижорат қилишда керакли билим ва диний кўрсатмаларга риоя этиш, бировнинг ҳақидан эҳтиёт бўлиш ҳамда дуруст савдо билан нодуруст савдони ажратиш зарурлигини изоҳлади. Шунингдек, савдо-сотиқ борасидаги Ислом дини кўрсатмалари, ҳалол-ҳаромнинг фарқлари, ўтмишдаги ибратли воқеалар ва улуғлар ўгитидан намуналар келтирди. Жумладан, Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу даврларида тобеинларнинг улуғлари бозорларни айланишлари ва бозордаги сотувчилардан тижоратга доир масалаларни сўрашлари, жавоб беролмаганларни то ўрганиб келмагунча бозордан четлатилганини сўзлаб берилди.
Исоқжон Бегматов сўзида давом этиб, агар тадбиркор ҳалолликни шиор қилиб меҳнат қилса, келишмовчиликлар барҳам топишини айтиб, инсонлар орасида бир-бирга ишонч ва ишда барака бўлишини айтди. Эрта тонгдан покиза ризқ топаман, оиламни боқаман, деган пок ниятда йўл олган кишига Аллоҳ таоло ҳузурида катта савоблар ёзилиши, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган холда тунаса, гуноҳлари кечирилган холда тунайди”, деган ҳадиси шарифларининг мазмун-моҳиятини тушунтирди.
Ҳақиқатан, ҳар бир пайғамбар ўз қалбини Аллоҳ зикри банд қилиб, ҳалол меҳнат ила ризқ топишни ўз бурчи деб билган. Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Идрис алайҳиссалом темирчилик, Мусо алайҳиссалом чўпонлик қилганлар. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тижорат билан шуғулланганлар.
Пайғамбарлардан мерос қолган ушбу қадрият кейинчалик валий зотлар томонидан давом эттирилган. Улуғ зотлар ушбу анъанага садоқат билан ёндошишган. Азиз авлиёлар ишсиз, маълум касб-ҳунар эгаси бўлмаган инсонларни муридликка қабул қилмаганлар, ўзлари албатта бирор касб-ҳунар билан машғул бўлганлар. Хожа Али Рометаний – тўқувчи, Муҳаммад Бобойи Самосий – боғбон, Саййид Амир Кулол – кулол, Баҳоуддин Нақшбанд – наққош, тўқувчи, Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор – чорвадор ва савдогар бўлишган.
Бу анъана асрлар давомида қалбини имон ҳаловати, жисмини меҳнат роҳати билан озиқлантирган комил инсонларнинг кўпайишига катта омил бўлган.
Сўзга чиққан нотиқлар бугунги кунда дунё аҳолисининг тахминан 1,8 миллиардини, яъни ер аҳолисининг 24 фоизини мусулмонлар ташкил этиши, “Ҳалол” белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва хизматларга талабнинг ошаётгани, ҳатто, Европа, АҚШ, Австралия, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Лотин Америкаси давлатлари ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилаётганини қайд этишди.
Бугунги кунда мўмин-мусулмонлар томонидан ҳалол, покиза озиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматларга бўлган талаб ортиб бораётгани ҳамда ишлаб чиқарувчилар томонидан “Ҳалол сертификат” жорий этиш бўйича мурожаатларни инобатга олиб, “Ўзстандарт” агентлиги томонидан “Ҳалол” стандарти қабул қилингани, “Ҳалол сертификат” йўриқномаси ва ушбу иш билан бевосита шуғулланадиган уламолар ҳайъати тузилганини маълум қилинди.
Тадбир якунида ёш тадбиркорларнинг қизиқтирган саволларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари томонидан батафсил жавоб берилди. Шу билан бирга ҳалол тадбиркорлик сир-асрорларини билиш масаласида диний идоранинг эшиклари улар учун ҳар доим очиқ экани, ҳар қандай савол ёки масала юзасидан бевосита идора масъул ходимларига ёки идоранинг расмий muslim.uz портали орқали ҳам мурожаат этишлари эслатиб ўтилди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилари “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги тарихий обидалар, осори атиқалар ва маънавий меросларимизни зиёрат қилиб, руҳий қувват олишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
"Аллоҳ сиздан енгиллатмоқни ирода қиладир. Ва инсон заиф яратилгандир".
Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Шунинг учун ҳам инсонга фақат Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларигина тўғри келиши мумкин. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи «заиф яратилган», деб турганидан кейин, шу заиф инсонга йўл кўрсатишда У Зот оғирликни хоҳлармиди? Йўқ, У Зот енгилликни хоҳлайди.
Ислом шариати, умуман, енгиллик устига бино қилингандир. Бу ҳақда кўплаб оят ва ҳадислар бор. Ҳаммаси ўз ўрнида баён қилинади. «Нисо» сурасининг бошидан муолажа қилиб келинаётган масалалар, хусусан, эркак ва аёл, оила, никоҳ масаласига келсак, ушбу оятда бу масалаларда ҳам Аллоҳ Ўз бандаларига енгилликни исташи таъкидланмоқда. Зоҳирий қаралганда, диний кўрсатмаларни бажариш қийин, шаҳватга эргашганларнинг йўлларида юриш осонга ўхшайди. Исломда ҳамма нарса ман қилинган-у, фақат биргина йўлга рухсат берилганга ўхшайди. «Номаҳрамга қарама», «У билан ёлғиз қолма», «Уйланмоқчи бўлсанг, олдин аҳлининг розилигини ол», «Маҳр бер», «Гувоҳ келтир» ва ҳоказо. Ҳаммаси қайдлаш ва қийинчиликдан иборат бўлиб туюлади. Шаҳватга эргашганлар эса «Ёшлигингда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади», дейишади. Бу эса содда ва осон кўринади. Ҳақиқатда эса ундай эмас. Натижага қараганимизда бу нарса яққол кўзга ташланади. Дунё тарихини кузатадиган бўлсак, оила масаласига енгил қараган, жинсий шаҳватга берилган халқлар, давлатлар ва маданиятлар инқирозга учраган. Қадимий буюк империяларнинг шармандаларча қулашининг асосий омилларидан бири ҳам шу бўлган.
Бизнинг асримизга келиб, Ғарбда, ўзларининг таъбири билан айтганда, жинсий инқилоб бўлди. Жинс борасида олимлар етишиб чиқдилар. Улар «Жинсий ҳуррият бўлмагунча, инсон тўлиқ ҳур бўла олмайди. Агар жинсий майллар жиловланса, инсонда руҳий тугун пайдо бўлиб, унда қўрқоқлик ва бошқа салбий сифатлар келиб чиқишига сабаб бўлади», каби ғояларни тарқатишди. Оқибатда жинсий инқилоб авжига чиқди.
Натижасини – ҳар хил бало-офатлар буҳронини ҳозир ўзлари кўриб-татиб туришибди. Ахлоқий бузуқлик, оиланинг ва жамиятнинг парчаланиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолишидан ташқари, сон-саноғига етиб бўлмайдиган муаммолар пайдо бўлди. Жинсий инқилоб оқибатида тараққий этган ғарб давлатларининг туб аҳолиси даҳшатли суръатда камайиб бормоқда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган таносил касалликлари келиб чиқди, ҳар йили сон-саноқсиз одамлар шу касалликлардан ўлмоқда. Насл бузилиб, одамлари заифҳол ва касалманд бўлиб бормоқда. Турли ақлий ва руҳий касалликлар урчиди. Охири келиб, касалликларга қарши инсондаги табиий монеликнинг йўқолиши (ОИТС) касаллиги пайдо бўлди. Бу касаллик ҳақли равишда, XX аср вабоси деб номланди. Унинг давоси йўқ. Бу дардга чалинишнинг сабаби зинодир. У билан касалланган одам тез муддатда ўлади. Ҳамма даҳшатда. Бу дардга чалинмасликнинг йўллари ахтарилмоқда, бу йўлда беҳисоб маблағлар сарфланмоқда, мазкур вабога чалинмасликнинг турли чоралари таклиф этилмоқда. Қонунлар чиқарилмоқда, идоралар очилмоқда.
Лекин шаҳватга эргашганлари сабабли улар энг осон, энг ишончли битта йўл – Аллоҳнинг йўлига қайтишни хаёлларига ҳам келтиришмаяпти. Ақалли ушбу дарднинг бевосита сабабчиси бўлмиш зинони ман этувчи қонун чиқаришни ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмаяпти. Чунки шаҳватга эргашганлар шаҳватга қарши чиқа олмайдилар. Уларнинг ўзлари шаҳватга банда бўлганлари учун унга эргашганлар. Ўзларини зоҳирий енгил кўринган ишга уриб, энди оғирликдан бошлари чиқмай юрибди. Зоҳирий оғир кўринган бўлса ҳам, Аллоҳ кўрсатган йўлга юрган бандалар бошида мазкур оғирлик ва машаққатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Улар мутлақ енгилликда, фаровон турмуш кечирмоқдалар.
"Тафсири Ҳилол" китобидан