بسم الله الرحمن الرحيم
ЖАННАТ- ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА
Муҳтарам жамоат! Оналаримизни бошга кўтаришга, уларга ҳамиша шафқатли, хокисор бўлишга, хизматларини қилишга буюрилганмиз. Фарзандини тўққиз ой қорнида авайлаб кўтариб юриш, ҳомиладорликнинг қийноқ-азобларига бардош бериш, туғиш чоғида бир ўлиб-бир тирилиш, туққанидан сўнг икки-уч йилгача бағридан бўшатмай, қўлидан қўймай ардоқлаб парваришлаш, боласи учун бир тунни бир неча бўлакка бўлиб оромдан кечиш, ҳатто улғайиб, уйли-жойли бўлиб кетганида ҳам меҳрини, шафқатини, марҳаматини аямаслик фақат оналаргагина хос илоҳий фазилатдир. Аллоҳ таоло она зотини улуғлаб, унинг меҳнатини қадрлаш учун одам фарзандининг эътиборини унга қаратиб, Аҳқоф сурасида шундай марҳамат қилади:
وَوَصَّيْنَا الْإِنْسَانَ بِوَالِدَيْهِ إِحْسَانًا حَمَلَتْهُ أُمُّهُ كُرْهًا وَوَضَعَتْهُ كُرْهًا وَحَمْلُهُ وَفِصَالُهُ ثَلَاثُونَ شَهْرًا
(سورة ﺍﻷحقاف/15آية)
яъни: “Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси уни (қорнида) қийналиб кўтариб юрган ва уни қийналиб туққандир. Унга ҳомиладорлик ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир…”.
Она зотини фарзандига ўта меҳрибонлиги ҳақида Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келади:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: جَاءَتْنِى مِسْكِينَةٌ تَحْمِلُ اِبْنْتَيْنِ لَهَا، فَأَطْعَمْتُهَا ثَلاَثَ تَمَرَاتٍ، فَأَعْطَتْ كُلَّ وَاحِدَةٍ مِنْهُمَا تَمْرَةً وَرَفَعَتْ إِلَى فِيهَا تَمْرةً لتَأَكُلَهَا، فَاسْتَطْعَمَتْهَا اِبْنَتَاهَا، فَشَقَّتْ التَّمْرَةَ الَّتِي كَانَتْ تُريدُ أَنْ تَأْكُلَهَا بَيْنَهُمَا، فَأَعْجَبَنِىْ شَأْنُهَا، فَذَكَرْتُ الَّذِيْ صَنَعَتْ لِرَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: "إنَّ اللَّهَ قَدْ أَوْجَبَ لَهَا بِهَا الْجنَّةَ، أَوْ أَعْتَقَهَا بِهَا مِنَ النَّارِ"
(رواه الإمام مسلم)
яъни: “Ҳузуримга бир мискина аёл икки қизини кўтариб келди. Шунда унга учта хурмо бердим. У ҳар бир қизга биттадан хурмо берди. Бир дона хурмони емоқчи бўлиб, оғзига тутди. Икки қиз уни ҳам беришини сўрашди. У ўзи емоқчи бўлган хурмони иккига бўлиб, икковига берди. Унинг ҳоли мени ажаблантирди. Унинг қилганини Расулуллоҳ (с.а.в)га айтдим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в) “Бунинг учун Аллоҳ унга жаннатни вожиб қилди ёки уни дўзахдан озод қилди”, дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Демак, фарзандларини дунёга келтириш, кейин боқиб катта қилишда бемисл матонат ва фидоийлик кўрсатувчи оналаримизнинг ҳурматини жойига қўйиш, улар олдида ҳамиша ўзини хоксор тутиш, уларга ёқимли гапларни сўзлаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиб туриш фарзанднинг энг муҳим бурчларидандир.
Муовия ибн Жоҳима (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келади:
عَنْ مُعَاوِيَةَ بْنِ جَاهِمَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ جَاءَ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ أَرَدْتُ أَنْ أَغْزُوَ، وَقَدْ جِئْتُ أَسْتَشِيْرُكَ؟ فَقَالَ:"هَلْ لَكَ أُمٌّ"؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ:"فَالْزَمْهَا فَإِنَّ الْجَنَّةَ تَحْتَ رِجْلَيْهَا"
(رواه الإمام النسائي والإمام الحاكم)
яъни: Муъовия ибн Жоҳима (р.а)дан ривоят қилинади, у зот Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳузурларига келиб, эй Расулуллоҳ, мен ғазотга бормоқчи эдим, маслаҳатингизни олишлик учун келдим, деди. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Онангиз борми?”, дедилар. У киши: “Ҳа”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Онангизни хизматларини ғанимат билинг, чунки жаннат унинг оёғи остидадир”, дедилар (Имом Насаий ва Ҳоким ривояти).
Ҳадиси шарифни шарҳлаган уламоларимиз шундай дейдилар: “Сен жаннатдаги насибангга фақат онанг орқалигина етишасан. Шундай экан, унинг розилигини олишга ҳаракат қилгин”.
Ибни Ҳажар Асқалоний (р.а) ўзларини “Ал-исоба” номли китобларида шундай дейдилар: ”Оналарни ҳурмат ва эҳтиром қилиш, уларга ғамхўр ва меҳрибон бўлиш, уларни олдиларидаги фарзандлик бурчини адо қилиш биз умматларга Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан меросдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг гўдаклик пайтларида оналари оламдан ўтганликлари учун Пайғамбаримиз (с.а.в.)га онанинг хизматини қилиш насиб этмаган, бироқ У зотни эмизган Ҳалима онамиз Пайғамбаримизни ҳузурларига келганларида ўрниларидан туриб, кийиб турган ридоларини Ҳалима онамизга тўшаб, устига ўтқизар эдилар”.
حِيْنَ سِيْقَ إِلَيْهِ السَّبْيُ مِنْ هَوَازِنَ كَانَتْ الشَيْمَاءُ بِنْتُ حَلِيْمَةَ فِيْهِمْ فَلَمَّا اِنْتَهَتْ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنِّي لَأُخْتُكَ مِنَ الرَّضَاعَةِ وَعَرَّفَتْهُ بِعَلاَمَةٍ عَرَّفَهَا صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَبَسَطَ لَهَا رِدَاءَهُ، وَدَمَعَتْ عَيْنَاهُ وَقَالَ لَهَا: هَهُنَا، فَأَجْلَسَهَا عَلَى رِدَائِهِ وَخَيَّرَهَا بَيْنَ أَنْ تُقِيْمَ مَعَهُ مُكْرَمَةً مُحَبَّبَةً أَوْ أَنْ تَرْجِعَ إِلَى قَوْمِهَا، فَأَسْلَمَتْ وَرَجَعَتْ إِلَى قَوْمِهَا، وَأَعْطَاهَا رَسُولُ اللهِ نَعَماً وَشَاةً وَثَلَاثَةَ أَعْبُدٍ وَجَارِيَةٍ
(كتاب الإصابة لابن الحجر الاسقلاني)
Расулуллоҳ (с.а.в)нинг ҳузурларига Ҳавозин асирлари олиб келинганда, уларнинг орасида Пайғамбаримизни эмизган Ҳалима онамизнинг Шаймо исмли қизлари ҳам бор эди. Шунда Шаймо Пайғамбар (с.а.в)га У зотга таниш бўлган бир белги орқали ўзини таништириб, “Эй Аллоҳнинг Расули мен сизни эмикдош синглингизман”, деди. Шунда, беихтиёр Расулуллоҳ (с.а.в)нинг кўзларидан севинч ёшлари балқиб чиқди, ридоларини тўшаб: “Мана бу ерга ўтиринг”, дедилар ва унга хоҳласа У зотнинг ҳузурларида иззат-икром кўриб яшаш, хоҳласа ўз қавмига қайтиш ихтиёрини бердилар. Шаймо Пайғамбаримиз (с.а.в)дан бундай ҳурмат ва эҳтиромни кўриб мусулмон бўлди ва ташаккур айтиб ўз қавмига қайтишини билдирди. У зот алайҳиссалом унга бир нечта туя ва қўйлар ҳамда учта қул ва чўри ҳадя қилиб, кузатдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) эмикдош сингилларига бундай иззат-эҳтиром қилишларини сабаби оналари Ҳалима онамизнинг ҳурматларидан эди (“Ал-исоба” китоби).
Имом Баззор ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:
أَنَّ رَجُلًا كَانَ بِالطَّوَافِ حَامِلًا أُمَّهُ يَطُوفُ بِهَا فَسَأَلَ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ هَلْ أَدَّيْتُ حَقَّهَا؟ قَالَ: "لَا وَلَا بِزَفْرَةٍ وَاحِدَةٍ!"
(رواه الإمام البزار)
яъни: Бир киши онасини елкасида кўтариб Байтуллоҳни тавоф қилдирар эди. Тавофни тугатгач: “Онамнинг мендаги ҳаққини адо этдимми?” деб сўради. Расулуллоҳ (с.а.в): “Йўқ, сен тўлғоқ азобидаги бир марта оҳ уришининг ҳаққини ҳам адо этолмадинг”, дедилар.
عَنْ ابْنِ عُمَرَ، أَنَّ رَجُلاً أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنِّي أَصَبْتُ ذَنْبًا عَظِيمًا فَهَلْ لِي تَوْبَةٌ؟ قَالَ: هَلْ لَكَ مِنْ أُمٍّ؟ قَالَ: لاَ، قَالَ: هَلْ لَكَ مِنْ خَالَةٍ؟ قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: "فَبِرَّهَا"
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: Бир киши қайғуга ботиб, Расулуллоҳ (с.а.в) ҳузурларига борди ва: “Эй Расулуллоҳ! Мен катта гуноҳ қилиб қўйдим, менинг тавбам қабул бўлармикин?" деди. Расулуллоҳ (с.а.в): "Онанг борми?" дедилар. У "Йўқ", деди. Расулуллоҳ (с.а.в) "Холангчи?", деб сўрадилар. "Ҳа," деб жавоб берди. Расулуллоҳ (с.а.в): "Ундай бўлса, холангга яхшилик қил", деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ривояти).
Муҳтарам жамоат! Мавъизамиз давомида фарзандларнинг ота-оналари олдидаги вазифалари ҳақида суҳбатлашамиз.
Ота-онанинг фарзанд зиммасида кўплаб ҳақлари бўлиб, уларнинг баъзиси ота-онанинг ҳаётлик вақтларига боғлиқ бўлса, қолгани эса вафотларидан кейинги даврга тааллуқлидир.
Ота-онаси ҳаёт бўлган даврда фарзанд бажариши лозим бўлган баъзи амаллар:
Ота-онаси вафотидан сўнг фарзанд бажариши лозим бўлган баъзи амаллар:
Аллоҳ таоло ҳаёт бўлган ота-оналаримизнинг умрларини узоқ қилсин, ўтганларини эса, Ўз раҳматига ғарқ айласин!
Қуръони каримда “ОНА” сўзи улуғвор ва мўътабар нарсаларни ифодалаш учун қўлланилади. Шунингдек, Аллоҳ таоло уларга ҳеч кимга насиб қилмаган буюк мақомни инъом этган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Луқмон сурасида: “Биз инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йил ичидадир” деган (14-оят).
Муфассир Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ ушбу оятнинг тафсирида: “Аллоҳ таоло бу оятда онанинг хизматини алоҳида таъкидлаб ўтгани, оналарнинг даражаси юқори эканига ишора қилади”, деган.
Ўз ҳавои нафсларидан бирор сўз айтмаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кимга яхшилик қилиш кераклиги сўралганда уч бора “онангга яхшилик қил” деб жавоб берганлар.
Онанинг вазифаси – фарзандни дунёга келтириш, боқиш ва уни тарбиялаб вояга етказиш билан чекланадими ёки уларнинг бунданда бошқа муҳим ҳамда каттароқ масъулиятлари борми?
Бу саволга замонавий илм-фан бизга жавоб беради...
Келинг, саволга жавобни она қорнида ривожланадиган ва она танасининг ажралмас қисми ҳисобланган ҳомиладан бошлайлик. Онанинг жисмоний ҳолати ва унинг овқатланиши ҳомилага таъсир қилганидек, онанинг ҳиссий ҳолати ҳам таъсир қилади.
2013 йилда Гранада (Испания) университети олимлари 5 йил давомида тадқиқот ўтказишди. 17 минг нафар оналар ва 18 минг чақалоқлар қамраб олган тадқиқотда соғлом овқатланиш ва эмизишнинг фарзанд саломатлигига таъсирини кузатдилар.
Унга кўра, ҳомиладорлик вақтида оналарнинг тўғри овқатланиши ва диета қилиши – фарзанднинг соғлом туғилиши ва ривожланиши учун асосий омил бўлиб хизмат қилиши аниқланган. Тадқиқотда онанинг ақлий салоҳиятининг юқори бўлиши фарзандга катта таъсир этиши исботланган.
Шунингдек, онанинг руҳий ҳолати ҳомилага тўғридан-тўғри таъсир қилиши кузатилган. Руҳий тушкунлик, депрессия, қайғу ва ташвиш ички стресс, хусусан, кортизол гормонини келтириб чиқаради.
Она тушкунликка тушганда кортизол фарзанд миясининг ривожланишига салбий таъсир қилади. Натижада бола мия қисмидаги ўзгаришлар сабабли безовтаналади.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кортизол гормони қондаги кислород миқдорига, натижада боланинг нафақат туғма нуқсонлар билан ёки эрта туғилиши, ҳатто унинг бутун келажакдаги ҳаётига таъсир қилиши мумкин.
Стрессни бошдан кечирган ҳомиладор аёллардан дунё келган фарзандларда руҳий касалликлар, семириш, қанд касаллиги, саратон ва асаб тизими касалликлари эҳтимоли ҳам уларда юқори бўлган.
Хавотирли ери шуки, бу аломатлар келгуси авлодга ҳам ўтган. Ҳа, унинг асорати нафақат фарзандлари, балки набираларининг ҳаётларига таъсир ўтказган.
Онанинг боласига бўлган ғамхўрлиги ва меҳри фарзанднинг мактабдаги фанларни яхши ўзлаштиришни, айниқса, математика ва чет тиллари каби фанларни пухта ўрганиш қобилиятини ҳамда ўқиш кўникмаларини шакллантиради.
Шунингдек, олимларнинг таъкидлашича, болага ижобий таъсир кўрсатадиган энг муҳим омиллардан бири бу – она-бола ўртасидаги илиқ муносабатлар саналади. Онанинг стресс ҳолати эса, фарзанднинг миясига жиддий таъсир қилади.
Миянинг тубига кириб боришга имкон берувчи сўнгги технологиялар онанинг меҳр-муҳаббати бола миясининг гиппокампус деб аталадиган қисмига таъсир қилиши аниқланган. У хотира ҳужайраларининг янгиланиши, ёдлаб қолиш қобилияти ва стрессга жавоб бериш вазифаларини бажаради.
Бошқа бир тадқиқотга кўра, гиппокампус кўрсаткичи онасидан меҳр кўрганларда меҳр кўрмаган болаларга қараганда юқори экани кузатилган.
Руминияда ёшлигидан стрессда, бепарво муносабатда улғайган болалар устида олиб борилган тадқиқот натижаларида уларнинг мия қисмида қора туйнуклар борлиги аниқланган.
Герҳард Сую ўзининг “Муҳаббат қандай таъсир қилади?” номли китобида “Фарзандга қилинган ҳар қандай муносабат унинг мия фаолиятига таъсир қилади. Агар фарзандга доимий равишда қаттиққўллик, дўқ-пўписа қилинса, у асабий, қўрқоқ, ўз фикрини эркин баён эта олмайдиган бўлиб вояга етади”.
АҚШда 3 мингга яқин шахслар ўртасида ўтказилган сўровномада, она ва бола ўртасида соғлом ҳиссий муносабатлар мавжуд бўлса, уларнинг жисмоний ва руҳий саломатлигига ижобий таъсири 74 йил давом этиши мумкинлигини аниқланган.
Демак, фарзанднинг нафақат соғлом, балки салоҳиятли бўлишида ҳам Оналарнинг ўрни ва масъулияти шунчалик юқори экан.
Даврон НУРМУҲАММАД