«Ўлим келиб, у: «Роббим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлардим», деб қолмасингиздан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Аллоҳ ажал келганда ҳеч бир жонни (вафот этдирмасдан) қолдирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Мунофиқун сураси, 10-11-оятлар).
Дарҳақиқат, умр ўткинчи. Шунинг учун уни ботил йўлда зое қилмаслик, ғанимат кунларни жоҳиллик билан ўтказмаслик зарур. Фарзандларни етим, аёлларни тул қолдирадиган, акани укадан, бойни молдан жудо қилиб, ҳаёт лаззатларини кесадиган ўлимни эсда тутишгина тўғри йўлда юриш мезонидир. Бойлигини турли шаҳвоний истакларга сарфлаб, умрини беҳуда ўтказаётганлар ўлимни унутганлардир.
Ҳадиси шарифда: «Ибрат учун ўлим, машғулот учун ибодат, тўғрилик учун ишонч кифоядир», дейилган.
Биздан сўнг ўзга уммат, Муҳаммад алайҳиссаломдан кейин ҳаргиз бошқа пайғамбар келмайди. Ўтиб кетганлар кейингиларни кутмоқда. Ўлим остонасида турганда на ҳасрат-надомат, на бола-чақаю ва на молу дунё фойда бермайди. Инсон кўз очиб-юмгунча ҳам, олган нафасини қайтиб чиқаргунича ҳам ўлимдан омон бўлмайди. Азроил келганда уни бирор қўриқчи, бирор посбон тўхтата олмайди. Ажал паймонаси қасд қилган кишисига етмасдан қолмайди.
Шунинг учун токи инсон тирик экан, либосни тоза тутишга интилгандек, руҳни поклашга, динни асрашга ҳаракат қилмоғи керак. Бўш қоп тик турмайди дейишади. Сафарга чиққан одам йўл учун керакли нарсаларини – кийим-кечагини, озуқасини жомадонига юклаб олади. Шундай экан, нега энди охират учун озуқа тўплашга интилмаймиз?
Шу вақтгача ажал домидан қутулган киши йўқ. Ўлим ота-онага ҳам, болага ҳам раҳм қилиб ўтирмайди. Аммо амалларимиз худди мангу яшайдигандек. Ўлимга бўлган ишончимиз гумонга, қайта тирилишга бўлган иймонимиз эса бўҳтонга аралашиб қолмаяптимикин?
Солиҳ зотлардан бири кўрган тушини шундай баён қилади: «Бир киши кийик қувмоқда, у эса тутқич бермай қочмоқда. Иккисининг кетидан баҳайбат арслон ҳам тушди. Киши арслоннинг келаётганини сезиб турса-да, унга парво қилмай, ўлжасининг кетидан югурмоқда. Унга етай-етай деганда арслон орқадан етиб олиб, уни ҳалок қилди. Кийик эса унинг ўлимига назар ҳам солмай юришда давом этаверди. Негадир арслон кийикнинг кетидан тушмади. Сал ўтмай ўша кийикнинг орқасидан бошқа одам тушди. Арслон уни ҳам қувиб етиб, ҳалок қилди. Сўнг яна биров кийикнинг ортидан югурди. У ҳам мақсадига етмай, арслон чангалида жон таслим этди. Шу йўсинда кийикнинг кетидан тушган одамларнинг бирортаси уни тута олмай, арслонга емиш бўлаверди. Кийик эса ҳамон тирик, сакрашда, югуришда давом этмоқда. Буни тушунмай лол қолиб турганимда арслон менга қараб: «Нимадан ажабланасан? Менинг кимлигимни, кийикнинг нималигини тушунмадинг шекилли? Мен ўлим фариштаси – Азроилман. Кийик эса дунё. Уни қувлаётган одамлар – дунё илинжида бойлик кетидан югуриб, ўлимдан қочмоқчи бўлганлар. Мен уларни бирма-бир тутиб, жонини олавераман», деди».
Ҳар бир инсон бир кун келиб, ўлим эшигидан кириши муқаррар. Эшикнинг нариги томонида нималар бўлиши эса фақат Парвардигоргагина аён. Аммо бир нарса аниқ – тўғри яшаганлар неъматли ҳаётга, хилоф ишни тутганлар жаҳаннамга маҳкумдир. Аллоҳнинг дўстлари вафот этиб, жаннатга кирсалар, У Зотнинг душманлари абадул абад жаҳаннам азобидадир.
Исо алайҳиссалом ҳузурида ўлим зикр қилинса, унинг қўрқинчи сабаб баданларидан тер томарди. Исо алайҳиссаломдек пайғамбар шу куйга тушган экан, бизнинг кўзимиз нега намланмайди? Баданнинг соғлиги, бойликнинг кўплиги, умрнинг ёшлигига ишонманг. Ўлим фариштаси кичикка иззат, каттага ҳурмат қилиб ўтирмай, ўз ишини бажариб кетаверади.
Азроил алайҳиссалом келганда инсон унга: «Менга имконият бер, яна озгина, ҳеч бўлмаса бирор кун яшай», дейди. Азроил: «Эй ғофил банда, кунларингни яшаб бўлгансан», деб жавоб беради. «Бирор соат имконият бер», деса, «Соатларинг тамом бўлган», дейди. «Бирор оғиз гапирай, оиламга ҳолатимни тушунтирай», деса, «Барча гапингни айтиб тугатгансан», деб, жонини суғуриб олади.
Инсон нима учун яралган бўлса, шунга тайёргарлик кўриши зарур. Чунки Аллоҳ таоло ҳеч бир бандани бекорга яратмаган. Инсон ибодат учун яратилган. Бандалар тоатга куч олиши учун Парвардигор уларга ризқ бериб туради. Аммо дунё бир кун келиб, заволга учраши табиий. Бу дунё – имтиҳон диёри. Ўлим эса ушбу имтиҳондан муваффақиятли ўтганлар учун роҳат бўлса, йиқилганлар учун ҳалокатдир.
Эркин ҚУДРАТОВ,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
ЎМИ Матбуот хизмати
Муҳтарама синглим! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида юз берган энг оғир, у зотга энг кўп қайғу келтирган мусибат ҳақида ўқишдан олдин фикрингизни бир жойга жамлаб, яхшилаб ўйлаб, қуйидаги саволларга жавоб бериб кўринг:
Ҳаётингизда қандай ҳолатлар сизни қайғуга солган?
Уларнинг сабаби ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?
Ўша ҳолатларда ўзингизни қандай тутгансиз?
Уларнинг қайси бирини энг оғир мусибат деб билгансиз?
Бу саволлар ҳақида кенгроқ фикр юритиб жавоб берган бўлсангиз, келинг, энди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида юз берган энг оғир мусибат билан танишамиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Оиша розияллоҳу анҳо бундай деганлар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Бошингизга Уҳуд кунидан ҳам оғирроқ кун келганми?» дедим. У зот шундай дедилар: «Ҳа, бу қавм менга кўп озорлар етказди. Аммо уларнинг энг оғири Ақаба куни бўлган. Ўшанда Ибн Абду Ялил ибн Абдукулолга мени ҳимояга олишни таклиф қилган эдим. Лекин у мен истаган нарсани қабул қилмади. Мен ташвишланиб, бошим оққан томонга қараб юриб кетдим. Бир жойга келганда ўзимга келиб, бошимни кўтардим. Қарасам, тепамда бир булут менга соя солиб турибди. Разм солсам, унинг устида Жаброил бор экан. У менга шундай нидо қилди: «Аллоҳ қавмингнинг сенга айтган гапини, сенга нима жавоб қайтарганини эшитди. У Зот ҳузурингга тоғ фариштасини юборди, уларни нима қилишни истасанг, буюришинг мумкин», деди. Шу пайт тоғ фариштаси менга салом бериб, «Эй Муҳаммад! Нима десангиз, шуни қиламан. Истасангиз, уларнинг устига Маккадаги иккита катта тоғни тўнтариб ташлайман», деди».
Оиша розияллоҳу анҳо Уҳуд жангида Расулуллоҳнинг қанчалар маҳзун бўлганларини кўрган эдилар. Бу жангда етмишта энг забардаст саҳоба шаҳид бўлган. Ўша жангда мушриклардан бири Расулуллоҳнинг юзларига қилич билан урганида юзлари қонаб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидаги қонни арта туриб, «Аллоҳга даъват қилаётган пайғамбарининг юзига жароҳат етказиб, тишини синдирган қавм қандай нажот топади?» деб, куйинган эдилар. Жанг тугагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳид бўлганларни бирма-бир кўздан кечира бошладилар. Амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталибнинг жасади қаршисида тўхтаб қолдилар. Ҳамза у зот учун энг суюкли, қариндошлари ичида энг қадрли инсон эди. Мушриклар Ҳамзанинг қорнини ёриб, ички аъзоларини чиқариб ташлашибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни кўриб, қаттиқ изтироб чекдилар, «Энди менга сизнинг фироқингиздан оғир мусибат йўқ», дедилар.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳамза ибн Абдулмутталибга йиғлаганларидек қаттиқ йиғлаганларини кўрмаганмиз. У зот амакиларини қибла тарафга қўйиб, жанозасини ўқишга турганларида йиғидан ўзларига сиғмай кетдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига, саҳобаларига етган мусибатларни дуо билан, сабр билан енгар эдилар.
Убайд ибн Рифоъа Зуроқий отасидан ривоят қилади:
Уҳуд жанги куни кўз ёшлари қонларига аралашиб, ниҳоятда оғир мусибат етиб турган лаҳзаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўллари энг тўғри йўл эди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг олдида туриб, Аллоҳ таолога дуо қилиб, уларнинг қалбидаги иймонни янада мустаҳкамладилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло берган нарсани тўсувчи йўқ, У Зот тўсганини эса берувчи йўқ.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.