Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Феврал, 2025   |   8 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:08
Қуёш
07:28
Пешин
12:42
Аср
16:05
Шом
17:50
Хуфтон
19:05
Bismillah
07 Феврал, 2025, 8 Шаъбон, 1446

Силаи раҳм умрни узайтиради

2.03.2018   11539   2 min.
Силаи раҳм умрни узайтиради

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло ризқини кенг қилиши ва ажалини кечиктириши кимни қувонтирса, у силаи раҳм қилсин” (Бухорий ва Термизий).

Силаи раҳм дейилганида, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш тушунилади. Соддароқ ифодаласак, қавм-қариндош, ёру биродарлар билан ўзаро борди-келдини узиб қўймаслик, доимо қондошлар, айниқса, улар орасидаги бетоблари ва ҳожатмандлари ҳолидан хабар олиш, қўлдан келганича уларнинг оғирини енгил қилиш каби улуғ инсоний фазилатларга силаи раҳм дейилади.

Мўътабар ақида китобларимизда, жумладан, “Ақоиди Насафий”да бундай дейилади: “Ажал биттадир”.

Шундай экан, умрни узайтиришни қандай тушуниш керак?

Баъзи уламолар бундай жавоб берганлар: “Амалларда баракот ва тавфиқ ҳосил бўлиши умрнинг бекорга ўтмаслигидир. Бу худди унинг узайганига ўхшайди”.

Айрим уламолар, силаи раҳм ўлганидан кейин яхшилик билан ёдланишига сабабдир, бу умрнинг маънан узайишидир, дейишган.

Баъзи ҳадис олимларига кўра, ажалнинг кечикиши дейилганида умрнинг ортиши эмас, балки Аллоҳ силаи раҳм қилувчининг наслидан хайрли зурриёт чиқариши тушунилади. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида “Ким силаи раҳм қилса, ажали кечиктирилади”, дейилганида, у зот бундай марҳамат қилдилар: “Умр узаймайди. Аллоҳ таоло: “Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар” (Аъроф, 34), дея огоҳлантирган. Аммо киши силаи раҳм қилса, унинг ортидан дуо қиладиган хайрли зурриёти бўлади(Табароний ривояти).

Бу масалага Ибн Ҳажар Асқалоний бундай шарҳ келтирган: “Умрнинг узайиши дейилса, бандани тоатга йўллаш ва охират учун фойдали амалларни бажаришга иштиёқ бериш, вақтини бекорга ўтказишдан сақлаш орқали умрини баракотли қилиб қўйиш тушунилади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларининг умри бошқа умматларга нисбатан жуда қисқалигини айтиб, дуо қилганларида, Қадр кечаси берилган. Зеро, ким ушбу кечага етишиб, уни тоат-ибодат билан ўтказса, саксон уч йил ибодат қилганнинг савобини олиши ҳақида ҳадислар бор.

Хуллас, силаи раҳм тоатнинг ортиши ва гуноҳларнинг камайишига сабабдир, у орқали банда ўзидан яхши хотира қолдиради ва ўлганидан сўнг ҳам унга савоб ёзилиб тураверади. Мўминга асқатадиган нарсалар ичида ўзидан кейин фойдаланиладиган илм, садақаи жория ва солиҳ фарзанддир”.

“Кутуби ситта” асосида

Содиқ НОСИР

тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Ҳадиси шариф
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Бош имом ватандошлар билан учрашди

6.02.2025   3794   1 min.
Бош имом ватандошлар билан учрашди

Россия Федерациясида вақтинча меҳнат қилаётган, таълим олаётган ва бошқа мақсадларда борган юртдошларимиз билан самимий мулоқот қилиш, улар билан дилдан гаплашиш, маърифий суҳбатлар қилиб бериш мақсадида айни кунларда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов мазкур мамлакатда бўлиб турибди.

Дастлаб Москва вилояти Одинцово шаҳридаги "Монотек" масъулияти чекланган жамияти қурилиш ширкатида ишлаётган ватандошларимиз билан, сўнгра Москва шаҳридаги "АнтЯпи" масъулияти чекланган жамияти қурилиш фирмасида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари билан самимий мулоқот қилди.

Ватандошларимиз маърифий суҳбатлар асносида Абдуқаҳҳор домладан ўзларини қизиқтирган диний ва бошқа мавзулардаги саволларга атрофлича жавоблар олди.

Бош имом ватандошларимизга қаерда бўлса ҳам юртимиз шаънини баланд тутишни, ақидаси бузуқ ҳар хил оқимларга қўшилиб қолмаслик зарурлигини алоҳида таъкидлади. 

Хизмат сафари  Санкт-Петербург шаҳрида давом этади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Тошкент шаҳар вакиллиги

Матбуот хизмати

Бош имом ватандошлар билан учрашди Бош имом ватандошлар билан учрашди
Ўзбекистон янгиликлари