1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси фондида сақланаётган тарихчи-манбашунос олим Комилхон Каттаевнинг “Тасаввуф алломалари” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда тасаввуф олимлари, профессор-ўқитувчилар, уламолар, имом-хатиблар ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбир аввалида Қуръони карим оятларидан тиловат ва дуо қилиниб, сўнг муаллиф Комилхон Каттаевга сўз берилди. Муаллиф мазкур китобнинг ёзилиш тарихи, устозларнинг беқиёс кўмаги, келтирилган маълумотлар илмий асосга эга экани, асарда келтирилган азиз авлиёлар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур “Тасаввуф алломалари” китоби ҳақида гапирар экан, муаллиф ушбу китобни ёзишда жуда кўп меҳнат қилгани, соҳа мутахассислари ва тарихий манбаларга мурожаат этганини билдирди. Имом Термизий халқаро илмий- тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов юртимиздан етишиб чиққан алломаларнинг қабрларини топишда Комилхон Каттаев жуда катта ҳисса қўшганини маълум қилди. Жумладан, Имом Мотуридий ва Бурҳониддин Марғиноний каби кўплаб алломаларнинг қабрларини топишда иштирок этганини айтиб ўтди.
Ўзбекистон Фанлар Академияси Тил ва адабиёт институтининг катта илмий ходими Сайфиддин Сайфуллоҳ тарихчи-манбашунос олим Комилхон Каттаевнинг “Тасаввуф алломалари” китобида улуғ авлиёлар ва ориф зотларнинг ҳаёти ва ижоди қаламга олингани, мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида маънавий меросимизга янгича ёндошиш туфайли тасаввуф алломаларига бўлган эътибор катта бўлаётганини билдирди. Эндиликда уларнинг илмий-маърифий меросларини ўрганиш, ҳаётга татбиқ этиш улкан ижобий натижаларни беришини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда профессор ўқитувчилар, соҳа мутахассислари ҳам сўзга чиқиб, муаллифнинг ижодига улкан муваффақиятлар тилашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўтган солиҳлардан қоида ва мерос бўлган сўз бор:
من رام العلم جملة ذهب عنه جملة
."Кимки илмнинг ҳаммасини бирданига ўрганишни истаса, илмнинг ҳаммасидан қуруқ қолади"
Оз вақтда илмнинг ҳаммасини ўрганиб оламан, дея хомтама бўлган талаба, илмнинг ҳаммасидан бебаҳра қолади. Ҳеч нарсага эришмайди.
Қуръони карим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида нозил бўлган...
Имом Бурҳониддин Марғиноний раҳимаҳуллоҳ "Ҳидоя" асарини 13 йил мобайнида рўзадор ҳолда ёзганлар...
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ "Саҳиҳул Бухорий"ни 16 йилда, таҳорат олган ҳолда ва икки ракат нафл намоз ўқиб, ёзганлар...
Илм китоблари ҳарфма-ҳарф ва калима-калима изоҳлаб ўрганилади. Игна билан қудуқ қазишга сабр-тоқат, олий ҳиммат, интизом ва узоқ вақт зарур. Шошқалоқлик ва пухталик бир-бирига зид – ҳеч қачон жамланмайди.
Муҳтарам толиби илм! Илмнинг боши сабрдир: китобга сабр қиласиз, устозга сабр қиласиз, яшаётган шаҳрингизга сабр қиласиз, ҳамдарсларингизга сабр қиласиз ва ҳоказо.
Илм олиш лаззатига эришгач, сабр мақомидан розилик ва муҳаббат мақомига ўтиб олгач ҳаётингиз мазмуни китоб ва устозлар суҳбатига айланади.