frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Қарз олиш ва қайтариш ҳақида

02.03.2018   18816   2 min.
Қарз олиш ва қайтариш ҳақида

Савол: Агар кимдан қанча қарз олганим эсимдан чиқиб кетган бўлса қарзимни қандай адо қилсам бўлади?
Жавоб: Одатда, қарз олиб юрадиган одамларингиздан қарзингиз бор ёки йўқлиги ҳақида сўраб чиқасиз. Аслида қарз олган кишининг унутиб юбориши - унинг жуда ҳам лоқайдлигидир. Қарз берган киши унутиб қўйишини тушуниш мумкин. Лекин қарз олган кишининг унутиб юбориши унинг диёнатсизлиги ҳисобланади. Агар эсдан чиқариб қўйиш хавфи бўлса, ёзиб юринг.


يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِذَا تَدَايَنْتُمْ بِدَيْنٍ إِلَى أَجَلٍ مُسَمًّى فَاكْتُبُوهُ


Эй, имон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз*!.
Аллоҳнинг буйруғига амал қилинмаганидан турли муаммолар келиб чиқаверади. Юқоридаги ҳолат ҳам шулардан биридир. Шунинг учун ҳам мусулмон киши ҳар бир ишни қилишдан олдин, “бунга шариатимиз нима дейди?” деган саволга жавоб топиб, сўнгра унга мувофиқ иш қилмоғи керак. Акс ҳолда муаммолар кўпаяверади. Кейин эса ўша муаммоларнинг ечимини топишни сўраб аҳли илмларнинг боши қотирилади.
Савол: Агар киши бошқа бир кишидан ўртада туриб биродари учун қарз олиб берса, қарз берган киши қарздордан қарзини сўрамаса, қарздор ҳам қарзни қайтариш ташвишини қилмаса, ҳар хил баҳоналар қилса, ўртада турган киши нима қилиши керак?
Жавоб: “...қарз берган киши қарздордан қарзини сўрамаса”. Аслида қарз берган киши агар қарзни қайтариб олиш нияти бўлса, албатта, қарздордан уч марта вақти-вақти билан сўраши шарт. Агар сўрамасдан ўзидан ўзи хафа бўлиб юраверадиган бўлса, у ноҳақ бўлади. Зотан, инсон унутивчидир, балки қарздорлигини унутиб қўйгандир, унга уч марта эслатиш керак. Агар шунда ҳам қарзни бермаса кейин бошқа чора кўрилади. Яъни хоҳласа кечиб юборади ёки маҳкама орқали ундириб олса ҳам бўлади ёхуд ўртада кафил турган кишидан ундириб олса ҳам бўлади. Кейин кафил бўлган киши ҳақиқий қарздордан ундириб олаверади.


Исҳоқжон домла Бегматов

ЎМИ масжидлари бўлими ходими
ЎМИ матбуот хизмати

Фиқҳ
Бошқа мақолалар

Отамдан қолган сабоқлар: Аллоҳга шукр. Аллоҳ барака берсин

02.07.2026   8213   2 min.
Отамдан қолган сабоқлар: Аллоҳга шукр. Аллоҳ барака берсин

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Кўпчилик хўл меванинг энг чиройли ва пишган бўлагини танлайди. Аммо отам (Аллоҳ раҳматига олсин) бошқача йўл тутар эдилар.

Отам жорий қилган оилавий анъаналарнинг энг гўзалларидан бири — ҳар куни кечки овқатни бутун оила даврасида қилиш эди. У киши кун давомида ҳар ким ўз иши билан банд бўлса ҳам, ҳеч бўлмаганда кечки таом пайтида ҳаммамиз бир дастурхон атрофида йиғилиб, бир-биримизнинг ҳолимиздан хабар олишимизни истар эдилар.

Таомдан олдин мева қўйилганда эса, отам ҳар сафар бир хил ишни қилардилар. У киши доимо доғ тушган мевани танлар эдилар. Меванинг уринган қисмини кесиб ташлар, қолган қисмини эса истеъмол қилардилар.

Болалигимдан бошлаб, отам вафот этгунларига қадар бу ҳолатни минглаб марта кўрганман. Ўша оддий одат менга сўзсиз, насиҳатсиз жуда катта сабоқ берди. Бу – неъматнинг қадрига етиш.

Ахир дастурхонимизга келган ҳар бир мева ортида қанча меҳнат ётади: деҳқон ер ҳайдайди, уруғ қадайди, сув беради, парвариш қилади, ҳосилни йиғади, одамлар уни ташийди ва ниҳоят у бизнинг дастурхонимизга етиб келади.

Бугунги кунда дунёда озиқ-овқатнинг катта қисми исроф қилинмоқда.

2022 йил дунёда 1 миллиард 52 миллион тонна озиқ-овқат исроф қилинган. Бу истеъмолчиларга етиб борган озиқ-овқатнинг қарийб 19 фоизи, яъни ҳар бешта неъматдан биттаси ташлаб юборилганини англатади. Бу ҳолат дунёда 783 миллион инсон очликдан азият чекаётган бир пайтда содир бўлмоқда.

Отам менга бирор нуқсонли нарсани бутунлай ташлаб юбормасликни, агар бир қисми бузилган бўлса, фақат ўша қисмини олиб ташлаб, қолганини истеъмол қилишни ўргатганлар.

Отамнинг яна бир одатлари бор эди. Ҳар сафар овқатдан кейин: Алҳамдулиллаҳ. Аллоҳга шукр. Аллоҳ барака берсин, дер эдилар.

Отам мевани ер эдилар, мен эса неъматнинг қадрига етишни ўрганар эдим. Отам дунёдан ўтганларидан кейин бу оддий одатларнинг асл қадрини янада чуқурроқ англадим.

Аллоҳ барча ўтган ота-оналаримизни Ўз раҳматига олсин, ҳаётдагиларининг умрларини узоқ, ризқларини баракали қилсин.


Даврон НУРМУҲАММАД