Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Январ, 2025   |   23 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:20
Қуёш
07:42
Пешин
12:40
Аср
15:47
Шом
17:31
Хуфтон
18:48
Bismillah
23 Январ, 2025, 23 Ражаб, 1446

Қуръон қалбига етган аъробий

1.03.2018   7890   4 min.
Қуръон қалбига етган аъробий

 Қуръон забт этган қалблар

Абул Фазл Аббос ибн Фараж Риёший Басрий ҳикоя қилади: “Асмаъийнинг (асл исми Абдулмалик ибн Қарийб ибн Абдулмалик ибн Али Асмаъий Абу Саъийд Басрий бўлиб, 216 ҳижрий санада, тўқсон ёшга яқинлашиб вафот этган дейилади) бундай деганини эшитдим:

“Бир куни Басрадаги жоме масжиддан чиқиб кетаётсам, рўпарамдан туя минган, белига қилич осиб, қўлига камон ушлаб олган аъробий чиқиб қолди. Яқинлашиб, менга салом берди-да: “Сен қаерликсан?” деб сўради. “Асмаъ уруғиданман”, деб жавоб бердим. У: “Эй Асмаъиймисан?”, деди. Мен: “Ҳа”, дедим. У: “Қаердан келяпсан?” деб сўради. Мен: “Раҳмоннинг Каломи тиловат қилинадиган жойдан”, деб жавоб бердим. У ҳайрон бўлиб: “Раҳмоннинг одамлар тиловат қиладиган Каломи борми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, бор” деб жавоб бердим. “Менга ўшандан тиловат қилиб бер!” деди у. Мен унга: “Туянгдан туш!” дедим. У туясидан тушди. Зарият сурасининг бошидан тиловат қила бошладим. Аллоҳ таолонинг:

 

 وَفِي السَّمَاء رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ

 

Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятига етганимда, аъробий: “Эй Асмаъий, бу Раҳмоннинг Каломими?” деб сўради. Мен: “Ҳа, шундай. Муҳаммадни ҳақ ила хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборган Зотга қасамки, бу Унинг Каломи! У Зот буни Муҳаммадга нозил қилгандир”, дедим. Аъробийнинг юзида ажиб бир ўзгариши кўрдим: “Шу кифоя қилади”, деди.

Кейин туясининг олдига борди ва уни сўйди. Гўштини бўлакларга бўлиб, менга: “Бу ёққа келиб, бу гўштларни тарқатишга ёрдамлашиб юбор!” деди. Кейин биз бўлинган гўштни ўтган-қайтганларга тарқатдик. сўнгра қиличини ва камонини қўлига олиб, уларни синдирди. Синиқларни қум остига яширди.

 Кейин саҳро ичкарисига қараб кетди. Кетаркан,  “Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятини ўқиб борар эди. Бу ҳолатни кўргач, ўзимни маломат қила бошладим. “Нега аъробий таъсирланганда, Аллоҳнинг каломи қалбига етиб борганда, сен таъсирланмадинг!..” дедим.

Кейинги йили ҳажга борганимда Каъбани тавоф қилиб турсам, кимдир паст, мулойим овозда мени чақирди. Ўгирилиб қарасам, ўша аъробий турибди. Менга салом берди. Қўлимдан тутди-да, Мақоми Иброҳимнинг орқасига бошлаб борди. Кейин мени ўша ерга ўтқазиб, “Менга Раҳмоннинг Каломини тиловат қилиб бер!” деди. Мен яна “Зарият” сурасини бошидан бошлаб ўқидим. Аллоҳ таолонинг:

 

وَفِي السَّمَاء رِزْقُكُمْ وَمَا تُوعَدُونَ

 

Ва осмонда ризқингиз ҳамда сизга ваъда қилинаётган нарсалар (бор)” оятига етганимда, аъробий қичқириб юборди ва: “Раббимиз бизга ваъда қилган нарсани ҳақиқатда топдик, кўрдик” деди. Кейин: “Бундан бошқа Каломи ҳам борми?” деб сўради. Мен: “Ҳа, Аллоҳ таоло бу оятнинг давомида:

 

فَوَرَبِّ السَّمَاء وَالْأَرْضِ إِنَّهُ لَحَقٌّ مِّثْلَ مَا أَنَّكُمْ تَنطِقُونَ

 

Осмону ернинг Раббиси ила қасамки, албатта, у (гап) мисоли сиз нутқ қилаётганингиздек ҳақиқатдир” деб марҳамат қилган”, дедим. Шунда аъробий шунақа қаттиқ қичқирдики, “Субҳаналлоҳ! Буюк Аллоҳни ким ғазаблантирдики, ҳатто У Зот Каломини қасам ила таъкидлаяпти. Бандалар Унинг Каломини тасдиқламайдими? Унинг Каломига ишонмайдими? У Зот Каломи ҳақлигини таъкидлаш учун қасам ила гапиряпти” деб уч марта такрорлади. Учинчи марта қайтарди-ю, ўша заҳоти жон таслим қилди”.

Абу Исҳоқ Саълабийнинг “Қотла-л-Қуръан” асаридан Нозимжон Иминжонов таржима қилди

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони карим
Бошқа мақолалар

Нега Усмонли султонлар ҳаж зиёратига бормаган?

14.01.2025   4058   1 min.
Нега Усмонли султонлар ҳаж зиёратига бормаган?

Тарихчилар Усмонли султонларининг ҳаж зиёратига бормаганига икки сабабни кўрсатадилар:

1. Хавфсизлик муаммолари:
Султонлар ҳаж сафарига боришда хавфсизлик муаммоларига дуч келган бўлишлари мумкин. Улар учун ҳажга бориш оддий одамларникидан фарқли равишда мураккаб бўлган, чунки султоннинг йўлда ҳужумга учраш хавфи катта эди. Бу ҳолат катта қўшин билан сафар қилишни талаб қиларди. Ҳаж ниятида йўлга чиқиб қон тўкишга сабаб бўлмаслигини афзал билганлар.

2. Давлат бошқарувидаги масъулият:
Султонлар мамлакатни муддатсиз тарк этиш хавфли деб ҳисоблашган. Ҳаж сафарлари бир неча ой давом этгани сабабли, давлатни ҳукмдорсиз қолдириш анархия ва сиёсий беқарорликка олиб келиши мумкин эди. Шунинг учун султонлар ҳаж ўрнига давлат бошқаруви ва харбий юришларга устунлик берганлар.

Вақт ўтиши билан Усмонлилар сулоласига бу анъанага айланди. Султонлар “ҳажжи бадал” қилишни тайинлаган бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, Усмоний султонлари Макка ва Мадинага доим эътибор қаратган. Улар ҳар йили хайрия карвонларини жўнатиб, муқаддас шаҳарларнинг аҳолисига молиявий ёрдам кўрсатганлар ва Ҳарамайн масжидларини таъмирлаб, кенгайтириб турганлар.

Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.