Баҳор фаслининг илк кунида Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти билан Тожикистоннинг Сўғд вилоятини ажратиб турувчи Ургут туманидаги “Саразм–Жартепа” назорат-пунктида катта шодиёна бўлди. Бу ерда вилоят ва туман ҳокимлиги, зиёлилар, имом-хатиблар, ёшу кекса, эркагу аёллар гувоҳлигида ўн йил муқаддам ёпилган чегара назорат пункти қайта очилди.
Сўнгги ойларда қўшнилар билан яқин алоқалар қайта тикланди. Минтақадаги барча мамлакатлар сари яқинлашдик. Тан олиш керакки, Тожикистон билан алоқаларни тиклашни халқларимиз интиқлик билан кутган эди. Ўзаро манфаатли, хайрихоҳ дўстлик, самимият, тарихий қардошликка асосланган янгиланишлар рўй бериши Яратганнинг катта марҳамати бўлди.
Муҳтарам Юртбошимизнинг саъй-ҳаракатлари ортидан қардош халқлар орасида алоқаларни мустаҳкамлаш, икки давлат орасидаги ҳамкорликни ривожлантириш йўлида ташланган навбатдаги муҳим қадам чин маънодаги тарихий воқеа бўлди.
Айтиш жоизки, бу хайрли янгиланишларни илгари турли сабаблар туфайли беркитиб қўйилган чегаранинг ҳар икки томонида яшовчи кишилар теран ҳис қилишди. Қариндошлари, дўстлари билан кўришиш энди аввалгидай узоқ вақт ва асаббузарликни талаб этувчи мушкул вазифа эмас, балки қувончли ҳодисага айланди. Ахир бизнинг қардошлик ришталари билан боғланган, меҳмондўстлик билан ном чиқарган минтақамизда шундай бўлиши ҳам керак.
Халқимизга хос анъана фақат байрам ё хурсандчиликни баҳам кўришдан иборат эмас. Аксинча, қийин вазиятда елкадош, сўз ва амалий иш билан халқларимизни жалб қилган ҳолда, муаммони биргаликда ҳал этиш ундан-да муҳим.
Чегаралар очилиши маросимида иштирок этганлар икки халқ ўртасидаги қадим-қадимдан давом этиб келаётган азалий анъаналар қайта жонланаётганини кўриб, Яратган Парвардигорга шукроналар айтишди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Самарқанд вилояти вакиллиги,
ЎМИ Матбуот хизмати
Сайёр йиғилиш
Хабарингиз бор, шу йил ҳажга борган юртдошларимиз Арафот водийсида муҳтарам Президентимизга Қурбон ҳайити табиригини йўллаб, юртга қайтгач ҳар бир ҳожи «Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари» деган эзгу ташаббусни бир овоздан олға сурган эдилар.
Ана шу эзгу ташаббус бугун амалга кўчиб, ҳожилар имом-хатиблар, маҳалла фаоллари билан биргаликда хонадонларга, оилаларга кириб боряпти.
Шу йил 17 июль куни Тошкент вилояти бош имом-хатиби Дониёр домла Икромов бошчилигида Ўрта Чирчиқ туманидаги «Усмон ота» жоме масжидида туманлар/шаҳарлар бош имом-хатиблари, «Ҳаж 2025» ҳожилари, маҳалла фаоллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирдан сўнг тумандаги маҳаллаларга чиқилиб, оилалар ўрганилди. Ажрим ёқасида турган ёшлар яраштирилди, спиртли ичимликка ружу қўйган кишилар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларга йўл-йўриқлар кўрсатилди, тавсиялар берилди.
Бундай тадбир қамрови кенглиги билан алоҳида аҳамият касб этяпти. Гап шундаки, тадбир доирасида бир оила 12 номдаги турли адабий-бадиий китоблар совға қилинди.
Тумандаги масжидлар имом-хатиблари ҳам тадбирда фаол қатнашдилар.
Шундан сўнг яна «Усмон ота» масжидига қайтилиб, амалга оширилган ишлар кўриб чиқилиб, келгусидаги режалар белгилаб олинди.
Хайрли дуолар билан сайёр йиғилиш ниҳоясига етди.
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати