Ҳадиси шарифлардан бирида: “Тунги намозда бардавом бўлинг. Чунки у сизлардан олдинги мўътабар зотларнинг одати эди. Тунги сажда инсонни Аллоҳга яқинлаштириб, йўл қўйган гуноҳларидан фориғ қилади, кўплаб касалликлардан қутқаради ва гуноҳу маъсият ишлардан қайтаради” (Термизий ривояти), дейилган. Аллоҳ таоло Расулига хитобан: “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса” (Исро, 79), деб марҳамат қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини ҳеч қачон канда қилмаганлар. Ҳатто, оғир беморлик вақтларида ҳам таҳажжудни ўтирган ҳолларида ўқиганлар (Абу Довуд).
Тунги намоз ўқиладиган уйда нур пайдо бўлади. Уни осмон аҳли кўради. Биз тунда осмонга қараганимизда, юлдузлар ёруғлигини кўрганимиздек, осмон аҳли ердаги нурнинг намоз ўқувчининг уйидан таралаётганини кўради. Ундан ҳам ажабланарлиси шуки, ҳар куни уйингдаги нурни кўришга одатланган фаришталар тунги намоз ўқимаган кунинг сени сўраб-суриштирадилар, чунки улар уйингда зулматни кўрадилар. Уларга сенинг беморлигинг ёки ғамга ботиб қолганинг айтилади. Фаришталар сенга шифо ва ғамдан халос бўлишингни сўрайдилар ёки эҳтиёжингга қараб дуо қиладилар. Чунки улар сенинг намозинг сабабли нур таралаётган уйингни кўришни истайдилар.
Ҳурматли мўмин биродар. Агар уйингиз нурли, ўзингиз файзли бўлиб доимо фаришталар эътиборида бўлишни истасангиз, бугундан бошлаб тунги намозни бошланг, агар ўқиб юрган бўлсангиз давомий бўлишида Аллоҳ сизга ёрдамчи бўлсин!
ЎМИ Матбуот хизмати
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.