Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“…Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, дедилар (Ҳадиснинг тўлиқ матни қуйида келтирилади).
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишнинг ҳикматларидан асосийсини эслатиб ўтмоқдалар.
У ҳам бўлса, охиратни эслашдир. Охиратни эслаган одам эса дунёни қўйиб, охират ҳаракатини кўпроқ қилади. Яна ўлганларни кўриб, ибрат олиш, ўлимни ёдга олиш, дунё муҳаббатини кетказиш, манманлик, мақтаниш ва ғурурланишни тарк қилиш ҳам қабр зиёратининг ҳикматларидандир.
Қабр зиёратининг ҳукми
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломнинг илк даврларида қабрларни зиёрат қилишни тақиқлаган эдилар. Чунки унда баъзи жоҳилия даврининг одатлари сақланиб қолган бўлиб, айрим қабилалар мақтаниш ва ғурурланиш учун ўликларининг қаҳрамонликларини санаб, бақир-чақир қилар, ошкора йиғи-сиғига зўр берар эдилар. Ислом одоб ва аҳлоқи инсонлар қалбига ўрнашгач, қабрлар зиёратига изн берилди.
Сулаймон ибн Бурайда отасидан ривоят қилади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Батаҳқиқ, Муҳаммадга онасини зиёрат қилишга изн бўлди. Бас, у(қабр)ларни зиёрат қилинг. Албатта, улар охиратни эслатади”, дедилар” (Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Лафз Термизийники).
Бу ҳадисдан маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нафақат изн бердилар, балки бу ишга амр қилдилар, тарғиб этдилар.
Уламолар эркакларнинг қабрларни зиёрат қилишлари мумкинлиги борасида барчалари иттифоқ бўлишган. Лекин аёлларнинг зиёратини эса жумҳур уламолар макруҳ санашган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Аллоҳ қабрларни зиёрат қилувчи аёлларни лаънатласин”, дедилар” (Термизий ривоят қилган).
Ушбу ҳадисда аёл кишиларнинг қабрлар зиёратига бориши яхши эмаслиги қаттиқ таъкидланмоқда.
Жумҳур “уламолар: “Ҳадисда айтилган лаънат қабрлар зиёратига бориб, дод солиб йиғлаган, сабрсизлик қилган ва ношаръий хатти-ҳаракатлар қилган аёлларга хосдир”, дейдилар”.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса макруҳ эмас, дейишган ва бунга юқорида биринчи келтирилган ҳадисни далил қилиб келтирадилар.
Алхойрур-Ромлий: “Агар бунда бу зиёрат ўзларини хафагарчилик, доимгидек йиғи-сиғиларини, бақир-чақирларини янгилаш учун бўлса, жоиз эмас. Агар йиғламасдан, қариндош-уруғчилик муҳаббати эътиборидан, солиҳ кишиларнинг қабрлари зиёрати билан ибратланиш мақсадида борса, ёши ўтган бўлса, зарари йўқ, бўйи етган қиз бўлса, макруҳ бўлади”, деб, икки ҳадисни мувофиқлаштирган. Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу гўзал мувофиқлаштириш”, деб эътироф этган[1].
Аҳмад Иззуддин ал-Байянуний ўзининг “Таҳорат ва намоз ҳукмлари” китобининг “Қабрларни зиёрат этиш ва уларнинг ҳаққига дуо қилиш” боби, 147-саҳифасида қуйидагиларни ёзади:
“Қабрларни зиёрат қилиш эркаклар учун жоиз бўлганидек, агар фитна хавфи бўлмаса, охиратни эслаб, ўлимдан ибрат олиш учун аёллар ҳам зиёратга борсалар, жоиз. Агар зиёрат сафар масофасида бўлса, унда албатта, маҳрам бўлиши шарт”[2].
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа пайғамбарларнинг қабрларини зиёрат қилиш эса бундан мустасно.
Аёллар ўзлари юраётган йўлларида бирор қабр учратсалар, унинг эгасининг ҳаққига дуо қилишлари мумкин.
[1] “Ал мавсуатул-Фиқҳиятул-Кувайтийя”, Қувайт, Дорус Салосил. –Ж. 24, –Б. 88
[2] Мирзо Аҳмад “Хушназар, “Қабристон зиёрати одоби”. Тошкент”, Мовароуннаҳр 2005. –Б. 9
ЎМИ Матбуот хизмати
“Мусулмон банда таҳорат олганида тана аъзолари покланишидан ташқари гуноҳлари ҳам кечирилади”, деб эшитганмиз. Бунга далил бўлувчи ҳадислар бор-ми?
Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳоратни мукаммал адо этса, гуноҳлари танасидан, ҳатто тирноқлари остидан чиқиб кетади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).
Одатда, очиқ аъзолардаги кирлар ёпиқ турган ёки тирноқ остида йиғилган кирларга нисбатан осон покланади. Тирноқ остидаги кирларни тозалаш учун алоҳида эътибор талаб этилади. Бу ерда банда тирноғи остидаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда. Бу эса таҳорат сабабидан Аллоҳ ва банда ўртасидаги кичик гуноҳларнинг биронтаси ҳам қолмай кечирилишига далолат қилади.
Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мусулмон банда таҳорат қилса, гуноҳлари қулоғидан, кўзидан, икки қўлидан, икки оёғидан чиқиб кетади. Агар ўтирса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтиради” (Имом Аҳмад, Имом Табароний “Авсат”да ва Имом Байҳақий ривояти).
Банда таҳоратини рисоладагидек бажарса, қулоғи, кўзи, қўли ва оёғи содир этган гуноҳлари кечирилади. Агар у таҳорат қилиб бўлса, биронта ҳам гуноҳи қолмайди.
Абдуллоҳ Сунобиҳий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мўмин банда таҳорат қилиб, оғзини чайса, оғзидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бурнига сув олиб қоқса, бурнидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан, ҳатто икки кўзининг четидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки қўлини ювса, қўлидан, ҳатто қўлининг тирноқлари тагидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бошига масҳ тортса, бошидан, ҳатто икки қулоғидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки оёғини ювса, оёғидан, ҳатто оёғининг тирноқлари остидан гуноҳлари чиқиб кетади. Сўнгра масжидга бориши, (ўқиган) намози унга қўшимча (савоб) бўлади” (Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).
Маълумки, таҳорат билан намоз банда гуноҳларига каффорат бўлади. Агар таҳоратни мукаммал қилиб, хушу билан намоз ўқилса, бу намоз орқали банда кўп ажрларга эришади.