Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Январ, 2025   |   15 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:47
Пешин
12:37
Аср
15:37
Шом
17:22
Хуфтон
18:40
Bismillah
15 Январ, 2025, 15 Ражаб, 1446

“Кўз-кўз қилманг, кўз тегар”

27.02.2018   4158   8 min.
“Кўз-кўз қилманг, кўз тегар”

Устоз Эркин Аъзамнинг шундай сарлавҳали фиқраси бор. Шу ибора тилимга хуш келиб қолганиданми бир куни нимадир сабаб бўлиб: “Кўз-кўз қилманг, кўз тегар”, деган эдим, жуфти ҳалолим: “Ҳозир баъзиларни Интернет орқали иссиқ-совуқ, дуоибад ва бошқача сеҳр-жодулар қилаётган эмиш. Шунинг учун Интернетга расм қўймаслик керак экан”, деб қолди... 

Эрталаб гижинглаган тойдек бўлиб соғу саломат юрган кишини кечга яқин тез ёрдам машинаси олиб кетганини эшитасиз. Яна уч-тўрт кун ўтиб унинг дўхтирхонама-дўхтирхона кезиб юргани қулоғингизга чалинади, дўхтирлар ташхис қўя олмаётган эмиш – кўз текканми?..

Нега бундай ҳолатлар кўп учраяпти, “мерган”лар шунчалик кўпайиб кетганми ё. “islam today” эълон қилинган “Ижтимоий тармоқ орқали кўзикиш ростми?” (Муаллиф – София Мусаева) сарлавҳали мақолада ёзилишича, оммавий равишда кўзикишнинг сабабчиси бу – Интернет ва ижтимоий тармоқлардир. Чунки замондошларимиз уларга кўз-кўз қилиш учун бахтдан масрур бўлиб турган суратларини жойлайди. Шунчаки «Инстаграм»га бир бўйлаб кўринг: унда муҳташам ошхонада энг ширин таомларни тайёрлаш ҳам тўғридан-тўғри эфирга узатилмоқда. Бахтдан масрур соҳибжамол аёл ниҳоятда ҳашаматли ошхонада, бундаги ҳар бир ашёни кўрган киши унинг жимжимасига ҳаваси келади. Шахсий саҳифадаги суратлар ниҳоятда бой хонадонни намойиш этади.

Ҳатто одамда шундай фикр туғиладики, одамлар гўёки жамики сарватларни ижтимоий тармоқларга жойлаб кимлардандир олқиш олиш учун яшаётгандек. Шунингдек, «Ватсап»нинг деярли ҳар бир аватаркасига – мурғак болаларнинг, севишган ёшларнинг, совға қилинган гулдастанинг, безалган, ширин тортларнинг ва бошқа нарсаларнинг фотосурати жойланган. Бу ерда гап ҳатто моддий бойликларини ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилиб мақтаниш ҳам эмас, Гап – унинг қанчалик бахтиёр эканини имкон қадар кўп одамлар кўриши ва ҳамманинг ҳайратга тушишини жуда қаттиқ исташдадир. Аммо бир нарсани унутмайликки, биз ўша ижтимоий  тармоқларга жойлаётган бахтимизни унда кўраётган юзлаб, минглаб, миллионлаб бегона кўзлар ундан ўзимиз севинганимиздек севинмайди...

Яқинда танишларим оиласида катта жанжал бўлди… Ёш жуфтлик ўртасидаги муомалада чуқур жарлик пайдо бўлди. Кўп ўтмай уларнинг қизчаси оғриб қолди.  Албатта, бунинг турлича сабаблари бордир. Аммо улардан бирини тахмин қилиш мумкинки, келинчак ҳар куни ижтимоий тармоқда  гоҳ гулдаста тутиб турган жуфти билан, гоҳ бағрига олиб турган қизчаси билан кўзларида бахт учқуни порлаб турган ҳолатда пайдо бўлади. Аммо уларни кўрган ҳар киши “Яратганнинг марҳаматини қаранг, қандай ажойиб жуфт! Аллоҳ таоло уларнинг бахтини бардавом қилсин!” демайди-да. Аксинча, айрим феълида қусури борлар ҳасад қилиб: “Нега унинг эри шундай чиройли букетлар совға қилади? Нима учун уларнинг қизчаси бунчалик ёқимтой? Унинг омади кулибди...” ва шунга ўхшаш гапларни айтиши мумкин, деб ёзади София Мусаева.

Бунинг ижтимоий жиҳатлари ҳам бор, Айтайлик, йиллар давомида тирноққа зор бўлиб биргина фарзанд кўра олмаётган оилалар бор. Ўша оилаларга қизчасини кўз-кўз қилиш оғир ботиши ҳам мумкин. Яна оилавий етишмовчиликлардан азият чекаётганлар қанча. Биз мақтаниб ижтимоий тармоққа жойлаётган чиройли тортлар, сарёққа қовурилган товуқ гўштлари, рулетлар, сихга тортилна кабоблар ва ҳоказолар уларнинг қайғусини янада зиёда қилмасмикан. Дунёда ўзининг муносиб жуфтини топа олмасдан изтироб чекаётганлар қанча?! Оила қуриб ҳам сира роҳат кўрмасдан ажралиш остонасидагилар-чи! Ёки юрагига энг яқин одамини бой бериб фироқ азобини тортаётганлар йўқми...

Нима бўлганда ҳам ўз ҳаётини кўз-кўз қилиш бу – тўғри иш эмас. Буни динимиз ҳам маъқулламайди. Шариатимиз бизни ҳамма нарсада вазмин бўлишни, меъёрни сақлашни, ўз бахти ҳақида оламга жар солмасликни, одамларда ўзининг бахтига нисбатан ҳасад туйғусини уйғотмасликка чақиради.

“Кўп йиллар бурун бир домлага ўқитишга бордим. Уйини сўроқлаб топиб бордик. Ҳовлида тумонат одам йиғилиб турибди. Навбат кутаётганлар экан. Биз ҳам уларга қўшилиб турдик. Бир маҳал ичкаридан бир сурув одам чиқди. Кейин бизга киринглар деган ишора бўлди. Кирсак ўртада катта хонтахта. Унинг усти тўла одамларнинг сурати: ўсмир қизлар, аёллар, турли ёшдаги эркаклар, ҳатто болаларнинг ҳам суратлари бор. Биз хонтахтани айланиб ўтирдик. Ҳамма ўтирганидан кейин тўрда ўтирган домла кўзини хиёл ёпиб ўқишга тушиб кетди. Мен тўрдагилардан бошлаб ўқиб навбатма-навбат дам солар экан-да, деб тахмин қилиб турган эдим бир маҳал худди калашников автоматидан ўқ отгандек қилиб “суф, суф, суф...” деб ҳаммага, хонтахта устидаги суратларга ҳам дам солиб юборди”, дейди бир қўшнимиз.

Бу ҳикоядан суратга қараб дам солиш тажрибаси амалда қўлланилаётгани аён бўлади. Демак, Интернетдаги суратларга қараб дам солар экан, кўз тегар экан, иссиқ-совуқ қилар экан деганлари асоссиз эмас экан-да.

Бизнинг бахтиёрлигимизни қанчалик кам одам билса, уни муҳофаза этишимиз шунчалик қулай бўлади. Кўп одам биз ҳақда билмагандан кейин “кўзи” бор одамларнинг ҳам кўпи биздан бехабар бўлади ва кўзикиш деган нарса бизни четлаб ўтиб кетади.

Ушбу мавзуда берилган бир саволга жавоб берган Одилхон қори Юнусхон ўғли бундай деган экан: “Кўз тегишидан ҳимояланиш учун, аввало, Аллоҳ таоло берган неъматлар шукри адо этилади, улар билан мақтанчоқлик қилинмайди, имкон қадар кўпчиликдан – тўғри маънода – беркитилади, неъматни кўз-кўз қилавермайди”.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан 2011 йилда кўз тегиши ҳақида  сўрашганида бу саволга жавобни ушбу ҳадис билан бошлаган эканлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кўз тегиши ҳақдир», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган. Муслим ва Термизий қуйидагиларни зиёда қилишган:
«Агар бирор нарса қадардан ўтадиган бўлса, албатта, кўз тегиши ўтар эди. Қачонки сиздан ғуслга ёрдам сўралса, ғуслга ёрдам беринг», дедилар».
Ғуслнинг баёни Аҳмад, Насаий ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилган ҳадисда қуйидагича баён қилинади:

«Кўзи теккан киши юзини ва икки қўлини чиғаноғи билан ювади. Кейин киндигидан жисмининг пастигача ювади. Сувни қадаҳга қуйиб туриб, кўз текканнинг бошидан ва елкасидан қуйилади. Сўнгра қадаҳни тўнтарилиб қўйилади. Аллоҳнинг изни ила тузалиб кетади».

Ушбу ҳадиси шарифдан аён бўладики, кўз тегишининг давосини топиш унчалик қулай иш эмас. Биринчидан, беморга кимнинг кўзи текканини аниқлаб олиш осон иш эмас, Иккинчидан, кўзи теккан киши киши уялганидан ёки одамларнинг маломат қилишидан қўрқиб ўзининг кўзи текканини тан олмаслгиги мумкин. Учинчидан эса ижтимоий тармоққа суратларини жойлаган одамга дунёнинг қайси бир кунжагидан кимнингдир кўзи теккан бўлса, уни аниқлаб бўладими, аниқлаган тақдирда ҳам Африкагами, Хитойгами бориб уни ким олиб келади. Ким унга бу ишларни тушунтиради...

Шундай экан, азизлар, кўз-кўз қилманг, кўз тегар

Донишмандлар ҳам бахтни мустаҳкам қурғон ичра сақлаш даркор ва уни ҳадеб одамларга кўрсатавериш шарт эмас, дейдилар. Ахир одам энг баҳоли ва қадрли нарсаларни кўздан пана қилади – бойлигини яширади, бошқа нарсаларини яширади, нега бахтини яширмасин!

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Умавийлар даври

13.01.2025   4378   7 min.
Умавийлар даври

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар», дедилар (Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳанбал ривоят қилишган).

Мусулмон уммати тарихидаги энг яхши давр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари яшаб ўтган аср бўлиб, у тарих зарварақларидан «Саодат асри» деган ном билан жой олди. Кейинги аср тўрт буюк саҳоба бошчилигида олиб борилган асрларга татигулик ишлар сабабли «Рошид халифалар даври» деган ном билан тарих саҳифаларига битиб қўйилди. Кейинги аср «Умавийлар асри» дея аталиб, мана шу даврдан поғонама-поғона пастлаш ҳолати кузатилди.

Умавийлар давлати Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманофга нисбат берилади.

Умайя исмли ушбу шахс жоҳилият даврида Қурайш уруғларидан бирининг бошлиғи бўлиб, амакиси Ҳошим ибн Абдуманоф билан ҳар доим Қурайшнинг раҳбарлигини талашиб келар эди. Ислом келгач, мазкур талашув очиқ-ойдин душманликка айланди: Бану Умайя қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг даъватларига қарши турди; Бану Ҳошим қабиласи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга барча ишларда кўмакдош бўлди, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни душманларнинг ёмонликларидан ҳимоя қилди.

Бану Умайя одамлари Макка фатҳи даврида бошқа иложлари қолмаганидан кейингина Исломни қабул қилишди. Дастлабки асрларда Исломда пешқадам бўлган уруғларнинг энг катта бобоси Абдуманоф ҳисобланади.

Бану Умайя (умавийлар) тарихини бузиш

Бану Умайянинг тарихи тафсилотларига эътибор берадиган бўлсак, унинг бузиб кўрсатилганлиги, уларни кўпроқ қоралаш ҳолатларини кузатамиз. Бу ишларнинг кўпчилиги уларнинг асосий сиёсий хусуматчилари – аббосийлар томонидан қилинган, чунки тарихга оид китобларнинг кўп қисми айнан аббосийларнинг ҳукмдорлик даврида ёзилган. Шунингдек, шийъалар, хаворижлар, тарихни яхши билмай туриб оғзаки сўзлаб юрадиган оми кишилар ҳам Бану ­Умайянинг сиёсий душманлари ҳисобланиб, улар ушбу қабиланинг жуда кўп туҳматларга қолишига ҳам сабаб бўлган.

Бу туҳмат ва қоралашлар турли-туман бўлиб, асосий эътибор Бану Умайянинг обрўсини тўкадиган тарихий ҳодисаларга қаратилган, улар бўрттириб кўрсатилган. Ушбу ҳодисаларни нишон қилиб, уларнинг қадрини туширишга олиб борадиган гаплар айтилган:

1. Бану Умайянинг илк даврда Исломга қарши турганлари, Исломни кечикиб қабул қилганлари жуда кўп такрорланади, лекин уларнинг Исломга кирганларидан кейинги буюк ишлари, жумладан, кўплаб юртларни фатҳ этишда кўрсатган хизматлари мутлақо эсланмайди.

2. Бану Умайя даврида содир этилган мусибатлар бўрттириб гапирилади. Карбало воқеаси, имом Ҳусайн ва у кишининг оилаларининг қатл этилиши, Ҳарра воқеаси, Мадинадаги Ҳарамни эътиборсиз қўйиш, манжаниқ билан Маккага тош отиш масалалари шулар жумласидандир.

3. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши, Зайд ибн Алий ибн Ҳусайннинг қўзғалони ва у кишининг қатл қилиниши, шунингдек, бошқа тарафларда содир бўлган хатоларни эътиборга олмаслик, халифага қарши чиқиш, тоатни бузиш каби ишларни Бану Умайяга катта айб қилиб, уларга қарши кенг тарғибот ишлари амалга оширилади.

4. Бану Умайянинг душманлари томонидан уларнинг инсоний нафсидаги заифлик нуқталарига алоҳида эътибор берилади, Бану умайялик баъзи кишилардан содир бўлган хатолар бўрттириб гапирилади, бироқ яхшиликлари беркитилади. Хусусан, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида бу очиқ-ойдин кўринади.

5. Абу Суфён ва Муовия розияллоҳу анҳумо ҳақларида ҳам бу каби ноўрин гаплар ниҳоятда кўпайган. Бану умайялик баъзи волийлар ботил ишларни қилувчи мутаассиблар дея сифатланади. Бу Ҳажжож ибн Юсуф ва Зиёд ибн Абийҳлар мисолида кўринади.

6. Язид ибн Муовия ҳамда Валид ибн Язид каби халифалар ҳақида ҳам уларга қарши жуда бўлмағур миш-мишлар тўпланиб тарқатилган. Аслида эса мусулмончилик одоби бўйича Бану Умайя даврида рошид халифалар давридагидан кўра бир оз пастлаш – сустлашиш бўлганини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Вақт ўтиши билан хатога йўл қўйиш ҳам аста-секин кўпайиб борган. Бану Умайя давридаги мусулмонлар жамияти ҳар жиҳатдан рошид халифалар жамиятига яқин бўлган. Лекин қўлга киритилган ўлжалар, мол-мулкнинг кўпайиши натижасида катта-катта уйлар, қасрлар қуриш, шунингдек, чўри тутишнинг оммалашганлиги бор. Шу билан бирга, Бану Умайянинг жуда кўп яхши фазилатлари ҳам бўлганлиги бор ҳақиқат, лекин уларга қарши бўлган тарихчилар бу фазилатларни эътиборга олмаганлар, балки унутиб қўйганлар.

Улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:

1. Ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу катта саҳоба бўлиб, у киши Халифа Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши масалаларда ижтиҳод қилган, фақат ижтиҳоди унчалик тўғри бўлмаган. Лекин барибир у зот одил кишилар сафида қолган. Зотан, барча саҳобалар розияллоҳу анҳум адолатлидирлар.

Бану Умайянинг энг катта арбобларидан бири саналган Марвон ибн Ҳакам тобеъинларнинг биринчи табақасидан бўлган. У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Усмон розияллоҳу анҳу ва бошқа катта саҳобалардан ҳадислар ривоят қилган.

Яна бир Бану умайялик Абдуллоҳ ибн Марвон халифа бўлишидан олдин аҳли илм ва аҳли фиқҳ бўлган. Мадинаи мунавваранинг катта олимларидан ҳисобланган.

Умар ибн Абдулазиз эса мужтаҳид имомлардан бўлган. Кўпчилик у кишини рошид халифалар қаторида санайди.

Бану Умайя қабиласининг аъзолари қозилик ишларига аралашмас эдилар. Улар кўп жойларда аҳли илм ва аҳли фазлларнинг олдинги сафларида бўлганлар.

2. Бану Умайя даврида жуда кўп буюк исломий фатҳлар бўлган. Улар шарқда Хитойгача, ғарбда Франция ва Андалус юртларигача етиб борганлар.

3. Бану Умайя даврида Ислом давлати тарихлар давомида мисли кўрилмаган энг катта кенгайишни бошидан кечирди.

4. Бану Умайя даврида жуда кўп қўриқ ерлар ўзлаштирилди, улар боғ-роғларга айлантирилди, каналлар қазилди, шаҳарлар қурилиб, ободончилик ишлари олиб борилди, атроф гуллаб-яшнади, тараққий этди.

Шу ўринда таъкидлаб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар» деган ҳадислари бежиз айтилмаган. Зеро, Бану Умайя қабиласининг аъзолари, раҳбарлари ва давлат бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига яқин асрда яшаб ўтганлар.

«Ислом тарихи» иккинчи жузи асосида тайёрланди