Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Январ, 2025   |   7 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:34
Аср
15:29
Шом
17:13
Хуфтон
18:32
Bismillah
07 Январ, 2025, 7 Ражаб, 1446

Зиёрат туризмидан аввало халқимиз манфаатдор бўлади

24.02.2018   2564   3 min.
Зиёрат туризмидан аввало халқимиз манфаатдор бўлади

Муносабат: Туризм мамлакатнинг қиёфасини, одамларнинг турмуш тарзини, муомала маданиятини буткул ўзгартириб юборадиган ҳодиса.

Аввало, туристлар кўп келадиган мамлакат гуллаб кетади. Чунки сайёҳларга қулайликлар яратиш учун кўплаб меҳмонхоналар, боғлар барпо этилади, йўллар таъмирланади, кўприклар солинади. Одамларнинг муомаласи ўзгариб қаршисидаги киши билан очиқ чеҳрали тарзда мулойим гаплашишни одат қилади Узоқ-яқиндан келган меҳмонлар кўрганда уялиб қолмайлик деган андешада ҳамма жой топ-тоза қилинади, давлатга валюта тушуми ортади.

Зиёрат туризми эса, инчунун. Зеро, бунда зиёрат туризмига келган сайёҳлар ҳам, уларга хизмат кўрсатган мамлакатимиз аҳолиси ҳам савоб олади. Ўтган азизларнинг қаровсиз қолиб кетган қабрлари обод этилади. Ўша манзилларда ётган Аллоҳнинг дўстларини зиёрат этишга келганлар қабр қошида туриб тиловат қилар экан, қабристонда ётган мўмин-мусулмонларнинг ҳақларига ҳам дуо қилиб, Каломи шарифнинг фазилатидан жамики қабр аҳлининг руҳи баҳраманд бўлади.

Ушбу масала 22 февраль куни Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган туризмни ривожлантиришга бағишланган видеоселекторда қуйидагича таъкидлаб ўтилди: «Юртимизда ислом дунёсида тан олинган алломаларнинг мақбаралари, табаррук қадамжолар кўп. Масалан, турли вилоятларда Нақшбандия тариқатини тарғиб қилган 12 уламонинг қабри бор. Биз ҳозир уларнинг 8таси, яъни Бухородаги «Етти пир» ва Самарқанддаги «Хўжа Аҳрор Валий» зиёратгоҳларини обод қиляпмиз. Лекин Сурхондарёдаги Муҳаммад Зоҳид Бухорий, Алоуддин Аттор ва Қашқадарёдаги Муҳаммад Дарвеш, Муҳаммад Инганакий мақбаралари таъмирга муҳтож», деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари ҳокимларига ушбу қадамжоларни ободонлаштириш, уларга олиб борувчи йўллар ҳолатини яхшилаш, зиёратчилар учун барча шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берди. Ушбу азизларнинг қабрлари, қабристоннинг атрофи обод бўлиши, ўйдум-чуқур бўлиб ётган йўлларнинг текисланиши, сайёҳлар учун яратиладиган шароитлардан сайёҳлардан ҳам кўпроқ маҳаллий аҳоли фойдаланади. Сайёҳлик манзилларига турникетлар, видеокамералар ва йўл кўрсаткичлари ўрнатилади, ахборот марказлари ташкил этиб, уларда туристларни қизиқтирувчи хизматлар йўлга қўйилади. Хизматлар кўрсатилади, савдолар ташкил этилади, сантитария-гигиена шохобчалари очилади. Бу  орқали давлат ғазнасига валюта тушуми кўпайтирилади ҳамда аҳолига ўз-ўзидан янги иш ўринлари, даромад манбалари пайдо бўлади.  

Демак, зиёрат туризми маҳаллий аҳоли учун ҳам ҳар жиҳатдан катта фойда келтиради, кишиларимизнинг турмуш шароитини яхшилайди.

Йиғилишда зиёрат туризми бўйича мамлакатимизнинг салоҳияти жуда юқори экани, бу йўналишда зарур қулайликлар яратиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита таркибида Зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилгани Малайзия, Туркия, Индонезия каби давлатлар учун визасиз режим жорий этилгани таъкидланди. Шунингдек, хориж давлатлардаги элчилар мамлакатимиз, миллий қадриятларимизнинг тарғиботчилари бўлиши, бунга чет элдаги ватандошларимиз ҳам  ҳисса қўшиши зарурлиги таъкидланди. Туризм ривожи учун зарур шароитлар яратишга доир устувор йўналишлар белгилаб берилди.

Хорижга борган юртдошларимиз яхши билади: сайёҳлар кўп борадиган давлатлардаги эътиборли биноларга ёки шунга ўхшаш иншоотларнинг кўринарли жойига ушбу иншоотнинг қачон, ким томонидан барпо этилгани, қайси йилларда таъмирлангани, таъмирланганлик даражаси қанчалик даражада бўлгани ёзиб йирик-йирик ҳарфларда қўйилади. Бизда ҳам шу тажриба қўлланилса, бу – сайёҳлар учун яна бир қулайлик бўлиши баробарида уларга йўлбошловчилик қилаётганларга ҳам фойдаси тегарди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

7.01.2025   224   2 min.
Аллоҳим, Сен мендан юз ўгирма

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!

Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Мақолалар