26 яшар ҳиндистонлик Ҳадия ўзининг исломни қабул қилганлиги боис Олий судда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишига тўғри келди.
Ўтган йили Ҳадия (унинг аввалги исми – Акхила Ашокан) нинг отаси Керала штати судига мурожаат қилиб, “қизининг эрини мусулмон бўлганлиги учун ўз динига киришга мажбурлашда айблаб, шу боис бу никоҳни бекор қилишни сўради. Керала штати суди Ҳадиянинг ислом динини ўқишдаги дугоналари билан суҳбатлардан кейин қабул қилишига қарамай, унинг эри билан никоҳини бекор қилди ва унинг бошқа динга ўтганлигини тан олишни рад этди.
Кейинчалик Олий суд қуйи судларнинг қарорини бекор қилиб, Ҳадияга ота-онаси эътирозига қарамай, ўз эри билан бирга яшашга рухсат берди.
Аммо Hindustan Times нашрининг хабарига кўра, бу ҳафта тинимсиз полиция кузатуви ва ота-оналарининг босими туфайли Ҳадия яна судга мурожаат қилишга мажбур бўлди.
«Шафин Жаҳон – менинг эрим, мен бундан кейин ҳам суюкли турмуш ўртоғим билан бирга яшаш ниятидаман, мен ўз хоҳишимга кўра исломни қабул қилдим ва турмушга чиқдим. Мен суддан илтижо қилиб эримни менга васий қилиб тайинлаб беришларини сўрайман, - деди суддаги ўз чиқишида Ҳадия. –Ҳаттоки ҳозир ҳам полиция кузатуви остидаман. Ўтиниб сўрайман, менинг эркимни тўлиқ ўз ихтиёримга қайтариб беринглар”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
IQNA сайти хабарига кўра, Мисрдаги машҳур “Қуръон карим” радиоэшиттириши раҳбари Исмоил Дувайдар узоқ танаффусдан сўнг машҳур “Мусҳаф муаллим” дастури яна эфирга қайтганини маълум қилди. Дастур ҳар куни маҳаллий вақт билан соат 09:45 да эфирга узатилади. Уни Саъд ал-Мутъаний олиб боради.
Ушбу дастур Қуръон каримни янги ўрганаётган ва ёд олишни истаган кишилар учун мўлжалланган бўлиб, унда тажвид қоидаларига мувофиқ тўғри талаффуз ўргатилади. Дастурда Шайх Маҳмуд Халил Ҳусарийнинг тиловатлари асос қилиб олинган.
Шунингдек, Қуръон карим радиоэшиттириши Миср Вақфлар вазирлиги билан ҳамкорликда ҳар куни диний танлов ҳам ўтказмоқда. Ғолиблардан икки нафарига 2 500 миср фунти миқдорида мукофот берилади. Тингловчиларнинг саволига жавобни (сура ва оят рақами) вазирликнинг “Facebook” саҳифасидаги махсус ҳавола орқали юборишлари лозим.
Исмоил Дувайдар таъкидлашича, радиоэшиттириш ҳозирда Мисрнинг етук қори ва машҳур уламолари марҳум шайх Абдуфаттоҳ Шаъшаъийнинг илгари эфирга узатилмаган ноёб тиловатларини ҳам тақдим этмоқда. Бу тиловатларни шайхнинг оиласи радиоэшиттиришга совға қилган.
Шунингдек, шайх Мустафо Исмоилнинг набираси томонидан берилган 18 та ноёб тиловат ҳам ушбу бой жамғармага қўшилди. Шу билан бирга, Шайх Муҳаммад Рифъат, Шайх Абдулбосит Абдуссомад ва Шайх Муҳаммад Табловий каби машҳур етук қориларнинг тиловатлари ҳам эфирда янграмоқда.
Илёсхон Аҳмедов,
тайёрлади.