frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Қуръон ояти ва қудсий ҳадис ўртасида қандай фарқ бор?

23.02.2018   16019   2 min.
Қуръон ояти ва қудсий ҳадис ўртасида қандай фарқ бор?

Қуръони карим билан қудсий ҳадис ўртасида қандай фарқ бор? 

Бу ҳақда билишни истасангиз қуйидаги мақола билан танишинг.

Қуръони карим: 

  1. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Жаброил (алайҳиссалом) орқали ваҳий қилинган. Унинг лафзи ҳам, маъноси ҳам илоҳийдир. Ҳеч бир жиҳатдан бирортанинг унга даҳли бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмас. 

Аллоҳ таоло айтади: 

“Уни Руҳул амин (Жаброил) олиб келиб, огоҳлантирувчи (пайғамбар)лардан бўлишингиз учун қалбингизга туширди, у аниқ араб тилида эди” (Шуаро, 193–195). 

  1. У ожиз қолдирувчидир, на инс, жин маънода ва лафзда унга ўхшашини, ҳатто кичкина бир сурасига ўхшашни ҳам тўқий олмайди. 
  1. Қуръони карим то қиёмат кунигача боқий қолувчи, ўзгариш ва алмашишдан сақлангандир. 
  1. У бизга Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мутавотир тарзда нақл қилинган. Ундан бирор нарсани инкор қилган киши кофир бўлади. 
  1. Қуръони карим намозда ва бошқа вақт ўқилади. Унинг қироати ибодат саналади ва ҳар бир ҳарфига ўнта савоб берилади. 
  1. Уни таҳоратсиз ушлаш ва кўтариш, жунуб, хайз, нифос ҳолатда тиловат қилиш мумкин эмас. 

Ҳадиси қудсий: 

– унинг лафзи Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га оид, маъноси илоҳийдир; 

– ожиз қолдирувчи эмас; 

– ўзгариш ва алмашишдан сақланган эмас; 

– бизларга оҳод хабар тарзда етиб келган; 

– ундан бирор нарсани инкор қилган киши кофир саналмайди; 

– намозда ўқилмайди; 

– уни ўқиш ибодат эмас; 

– уни таҳоратсиз ўқиш, ушлаш ёки кўтариш мумкин. 

Ҳадиси қудсий асли Аллоҳ таолонинг сўзи бўлсада, Пайғамбаримизга Жаброил (алайҳиссалом) орқали туширилмаган, балки бевосита илҳом қилинганидан кейин эълон этилган

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   39716   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари