“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. (Ҳужурот сураси, 13-оят). Ушбу раббоний чақириқ барча инсонларнинг асли бир эканлигига, шунинг учун бир-бирлари билан гўзал муомалада бўлиб, аҳил ҳаёт кечиришларига далолат қилади. Бошқа бир оятда мана бундай хитоб қилинади: "Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз." (Ҳужурот сураси, 10-оят).
Дарҳақиқат, бу биродарлик дин қардошлиги бўлиб, дунёдаги барча инсоний алоқалардан устун туради. Бу биродарлик Аллоҳ учун, дину - диёнат учун, Ислом - иймон учундир. У ўзаро муҳаббат, тинчлик-омонлик ва ҳамкорлик асосига қурилган бўлади. Бу биродарликка путур етса зудлик билан ислоҳ қилишга ўтмоқ керак. Чин мўмин бошқа бировга зарра миқдорда бўлса ҳам озор бермаслиги лозим.
Афсуски, бугун кўп мусулмонлар на бу ояти каримадан насиҳат оладилар ва на тарихий тажрибалардан сабоқ оладилар. Бирлашишлари учун минглаб сабаб, туртки ва омиллар бор, бирортасига қиё боқиб қўймайдилар. Балки тафриқа учун баҳона истаб тургандек, биргина сабаб топиб қолишса бас, ҳар ким ўзини тўғри деб, ҳидоятда санаб, бошқани гумроҳликда айблаб, тумтарақай бўлиб кетаверишади. Шунинг учун ҳам ҳозирда нима бало бўлса, мусулмонларнинг бошида бўлмоқда. Ўлдирилаётганлар ҳам, таланаётганлар ҳам, қийноққа солинаётганлар ҳам асосан мусулмонлар. Аммо шунда ҳам ўзларига келмаётганлари янада ачинарли ҳол. Хилма-хил фирқаларга бўлиниб, жанжаллашиб, бир-бирини кофирга чиқариб, ҳатто хунрезликкача борадиганлар ҳам топилаётгани эса энг катта мусибатдир. Шариатимиз тафриқанинг барча турлари ва кўринишларига қарши курашади. Мусулмонлар шу пайтгача ташқи душманга мағлуб бўлмаганлар, фақат ички низо сабаблигина мағлубиятга учраганлар. Бугун ҳам уларнинг заифлашуви, мусибатларининг асосий сабаби ихтилоф ва тафриқага тушиш бўлмоқда. Эътиқоди бузуқ баъзи тоифалар динимизнинг соф қарашларига рахна солиш билан кўпгина кишиларнинг эътиқодига рахна соляптилар. Диний атамаларни атайлаб бузиб талқин қилиш ва одамларни куфрда айблаш орқали уларнинг молу жонларига тажовуз қилиб, обод юртларини харобага айлантирмоқдалар. Аслида эса Ислом ўзаро муҳаббат, биродарлик руҳини таратувчи дин бўлиб, ҳатто кундалик ҳаётимизда, оилавий муносабатларимизда ҳам бўлинишга, тафриқага йўл қўймайди. Чунончи, болалар, етимлар ўртасида адолатсизлик қилиб, уларнинг бирини иккинчисидан устун қўймасликка, эру хотин, қариндош-уруғлар ўртасида чақимчилик қилиб, туҳмат, бўҳтон уюштириб ораларини ажратмасликка қаттиқ буюради.
Сўзимиз охирида Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасини озгина тафсир қилиб тушунтирмоқчимиз: «Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг» (Оли Имрон, 103-оят). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг китоби – Аллоҳнинг осмондан ергача тортилган арқонидир», дедилар. Ояти каримадаги «Аллоҳнинг ипи» деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон ип-арқонни маҳкам ушласа, қутилиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам бирдан-бир чораси – Қуръони каримни маҳкам ушлашдир. Шундагина инсон нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни маҳкам тутишлари лозимдир.
Баъзи муфассирлар «Аллоҳнинг арқони» деганда Ислом дини назарда тутилган дейдилар. Баъзилар эса уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам деб тафсилот берганлар. Яъни, «Аллоҳнинг Расули суннатини маҳкам ушланг, унга амал қилинг, унинг атрофида жамланинг, ундан узоқлашманг!»
Бўлиниб кетманг, акс ҳолда, Аллоҳнинг арқонини қўлдан бериб, ҳалокатга учрайсиз. Ушбу оятдан ўзаро тафриқага тушиш Аллоҳнинг арқонини тутишнинг зидди экани тушунилади. Демак, тафриқага тушиш Аллоҳнинг арқонини қўйиб юбориш, унинг нажотидан узоқлашиш экан.
Ҳа, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг инсониятни дунё қийинчиликларидан ва охират азобидан қутқариш учун туширган арқонидир. Қуръони карим ҳайвонийлик чоҳидан малаклик чўққисига олиб чиқувчи нурли арқондир. Қуръони карим ғафлат ботқоғидан қутулиш учун ягона воситадир.
Азизхўжа Иноятов,
“Жўйбори Калон” аёл-қизлар ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
ЎМИ Матбуот хизмати
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир ажойиб ҳолат ҳақида фикр юритдим: баъзида мўминнинг бошига бир иш тушса, у астойдил дуо қилади, аммо дуоларининг ижобати кўринмайди. Умидсизликка тушай деганда, унинг қалбига қаралади. Агарда у Аллоҳнинг фазлидан умидини узмагани ҳолда тақдирига рози бўлса, дуонинг ижобати тезлашади. Бу маънолар Аллоҳ таоло нозил қилган ояти каримада ўз ифодасини топган: «...Ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Аллоҳнинг ёрдами қачон (келар экан)?» деган эдилар. Огоҳ бўлингки, Аллоҳнинг ёрдами (ҳамиша) яқиндир”»[1].
Шундай ҳолат Яъқуб алайҳиссалом билан ҳам бўлган. У зотнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом дом-дараксиз йўқолиб қолганида, кушойиш келишидан ноумид бўлмаганлар. Кейинги ўғиллари ҳам тортиб олинганида, у зот Аллоҳнинг фазлидан умидларини узмаганлари ҳолда: «...Шоядки, Аллоҳ уларнинг (Юсуф, Бинямин ва Мисрда қолган ўғлимнинг) барчаларини (бағримга) қайтарса...»[2], деганлар.
“Дуойимнинг ижобат бўлиш муддати узайиб кетди”, деб қайғурманг. Аллоҳ таоло сизнинг тазарруингиз, ялиниб-ёлворишларингизни кўришни ирода қилмоқда. Сизни қилган сабрингизга ажр ила мукофотламоқчи. Сиз шайтон билан жанг қилишингиз учун ҳам дуойингизнинг ижобатини кечиктириш ила сизни синаяпти.
Гоҳида Аллоҳ таоло сизнинг азиймат, қатъиятингиз нақадар қувватли экани ва балога қанчалик сабрли эканингизни кўриш учун ҳам дард бериб имтиҳон қилади. Агар сабр қила олсангиз, демак, сиз итоаткор бандалар сафидасиз. Борди-ю, иродасизлик қилсангиз, зиёнкорлардан бўласиз. Сабрдан кейин фақат ва фақат ечим, ёруғ кунлар бор.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Сабр қилсанг, ажрга эга бўласан, барибир ёзилгани бўлади. Сабрсизлик қилсанг, гуноҳкор бўлиб қоласан, барибир ёзилгани бўлади”, деганлар.
Шоир айтади:
Балою имтиҳон келса, аларга ҳар он ризо кўрсат,
Синов берган сиҳатни ҳам Ўзи бергай аниқ, албат.
Бандасига не ҳукм этса, ҳикмати бор, итоат қил,
Битганидан қутулмоқлик чорасиздир, бил, эй ғофил!
Ноумидлик ханжарини кўкрагингга урма аммо,
Ки Аллоҳнинг қудратила ечилгайдир ҳар муаммо.
Аллоҳдан умидингизни узманг. Синовларга сабр қилинг, шундагина улкан ажрларни қўлга киритасиз. Фазл ибн Саҳл айтади: “Касалликларда неъматлар бор”. Бу борада қуйидагиларга эътиборли бўлинг:
– гуноҳлардан тозалаш;
– савобни қўлга киритиш;
– ғафлатдан уйғониш;
– соғлик неъматини эслаб қўйиш;
– тавбага шошилиш.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Бақара сураси, 214-оят.
[2] Юсуф сураси, 83-оят.