Уламолар янги бир ишни чоршанба кунидан бошлашни тавсия этадилар. Шунда иш оқибати хайрли бўлиб, охирига етади дейдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳам ушбу кўрсатмага қатъий риоя қилардилар. У зот раҳимаҳуллоҳ китобларининг баъзисида қачон, қаерда ва соат нечида ушбу китобни ёзишга киришганликларини асарнинг кириш қисмида баён этардилар. Масалан, Ҳазрат раҳимаҳуллоҳ Ислом тарихи мухтасар баён этилган сўнгги китобларидан бири “Ислом тарихи” номли асарларида бундай ёзадилар: “Ниҳоят, Аллоҳнинг таолонинг иродаси ила 2014 йил 12 март куни, соат 05 дан 17 дақиқа ўтганда баъзи араб тилидаги китоблардан, ўзимизда битилган асарлар ва интернет тармоқларидан олинган маълумотлардан фойдаланган ҳолда ёзишга жазм этиб, Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўраган ҳолда ушбу ишни бошладик”.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг китоб ёзишни бошлаган ва тугатган саналари тақвимдан кўрилса чоршанба кунидан бошланиб, шу кунда тугатилгани маълум бўлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари ҳам ушбу тавсияга амал қилган ҳолда Аллоҳ таолонинг Каломи – Мусҳафи шарифни чоп қилишни Аллоҳнинг фазли билан айнан чоршанба куни (3 январь 2018 йил)дан бошлашди. Аллоҳ таоло ушбу бошланган ишни хайрли ва юртимиздаги барча мўмин-мусулмонлар учун манфаатли қилсин.
Аллоҳ таоло Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳни Ўзининг ҳузуридаги энг олий мақомларга етказсин.
Даврон НУРМУҲАММАД
ЎМИ Матбуот хизмати
1. Ушбу зикрни кўп қилиш: “Лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайин қодийр”.
Маъноси: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, У ёлғиз, Унинг шериги ҳам йўқ, бутун мулк Уники, ҳамд ҳам Унга хос ва У ҳар бир нарсага қодирдир.
2. Аллоҳдан дўзах азобидан паноҳ сўраш. Арафа куни одамлар дўзахдан озод бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа куни Аллоҳ бандаларни дўзахдан кўп озод қилганчалик бошқа бирор кун йўқ”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳим! Бизни, ота-оналаримизни, фарзандларимизни, аёлларимизни, дўстларимизни ва барча мўмин-мусулмонларни жаҳаннам оловидан асра!
3. Такбири ташриқ айтиш. Арафа кунининг бомдод намозидан бошлаб такбир айтилади. “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар ва лиллааҳил ҳамд”.
4. Рўза тутиш. Арафа куни тутилган рўза икки йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Арафа кунининг рўзаси ундан олдинги ва ундан кейинги йиллардаги гуноҳларга каффорат бўлади деб Аллоҳдан умид қиламан”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ғафлатда қолманг! Арафа кунининг фазилатларидан бебаҳра қолманг! Буни бошқаларга ҳам эслатинг.
Даврон НУРМУҲАММАД