Қуръони карим ва ҳадиси шарифда ёмғир суви инсонларга ва ер юзидгаи жамики тирик мавжудотга шифобахш неъмат экани таъкидланган.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло айтади:
وَهُوَ الَّذِي أَرْسَلَ الرِّيَاحَ بُشْرًا بَيْنَ يَدَيْ رَحْمَتِهِ وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً طَهُورًا.
“У Ўз раҳмати олдидан шамолларни хушхабар қилиб юборган Зотдир. Ва осмондан пок сув туширдик” (Фурқон сурасининг 48-ояти).
Ёмғир сувида чўмилиш сеҳр ва кўзиккан одамга шифо бўлади. Ёмғир сувининг шайтонни ҳайдаши Қуръони каримнинг қуйидаги оятида баён қилинган:
إِذْ يُغَشِّيكُمُ النُّعَاسَ أَمَنَةً مِّنْهُ وَيُنَزِّلُ عَلَيْكُم مِّنَ السَّمَاءِ مَاءً لِّيُطَهِّرَكُم بِهِ وَيُذْهِبَ عَنكُمْ رِجْزَ الشَّيْطَانِ وَلِيَرْبِطَ عَلَى قُلُوبِكُمْ وَيُثَبِّتَ بِهِ الْأَقْدَامَ.
“Унинг тарафидан хотиржамлик учун сизларни мудроқ бостиргани, устингизга осмондан сув (ёмғир) тушириб, у билан сизларни поклаш, шайтоннинг васвасасини сизлардан даф этиш, дилларингизга (ўзаро) алоқа пайдо қилиш ва у билан қадамларингизни собит (мустаҳкам) қилишни ирода этганини эслангиз! (Анфол сурасининг 11-ояти).
Шубҳасиз, сеҳр ва кўз тегиши шайтоннинг ифлос ишларидан биридир. Ёмғир суви ана шу нопокликдан бемор бўлиб қолган кишининг шифо топишига ёрдам беради. Қуръони каримда айтилади:
خَلَقَ السَّمَاوَاتِ بِغَيْرِ عَمَدٍ تَرَوْنَهَا وَأَلْقَى فِي الْأَرْضِ رَوَاسِيَ أَن تَمِيدَ بِكُمْ وَبَثَّ فِيهَا مِن كُلِّ دَابَّةٍ وَأَنزَلْنَا مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَنبَتْنَا فِيهَا مِن كُلِّ زَوْجٍ كَرِيمٍ
“У, сиз кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз яратган, сизларни тебратмаслиги учун ер юзига оғир тоғларни ташлаган ва (ер)да ҳар турли жониворларни таратиб қўйган зотдир. Ва осмондан сув тушириб, у билан унда (ер юзи) турли гўзал ва фойдали жуфтларни ўстириб қўйдик. (Оятда «ўсимликларни ўстириб қўйдик», дейилмасдан, «карамли (гўзал ва фойдали) жуфтларни ўстириб қўйдик», деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги гўзаллик ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти. Аллоҳнинг китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатга илм яқиндагина етди. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хўжайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ қодирдир)” (Луқмон сурасининг 10-ояти).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи всалламнинг суннатларига мувофиқ ёмғир ёққан вақтда бажариладиган қатор амаллар бор:
اللَّهُمَّ صَيِّبًا نَافِعًا.
“Ё Аллоҳ, бу ёмғирни бизга фойдали қил”.
Имом Бухорий раҳматуллоҳу алайҳ ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар сафар ёмғир ёққан вақтда ушбу дуони ўқиганларини айтганлар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида эканимизда ёмғир ёғиб бизни шалоббо қилиб юборди. у зот ҳатто ёмғир суви яхшироқ тегсин дея елкаларини очдилар. Нега бундан қилганларининг сабабини сўраганимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай жавоб бердилар: “Негаки, у (ёмғир) Аллоҳ таолога юзланиб қилинган илтижога жавоб бўладиган жойга яқиндир” (Имом Муслим ривояти).
Муфассир олим Абу Аббос ал-Қуртубий: “Аллоҳ таолодан Расулига тушган нарсалардан ёмғирни у иноят ва шифо ўлароқ қабул этди, Буюк Яратувчи ёмғирни покловчи, раҳм-шафқат ва иноят манбаи ҳамда уни барча ғам-қайғуларни бартараф этишга сабабчи қилди. Бундан аён бўладики, биз ёмғирни ҳурмат қилишимиз ва унга эҳтиёткорона тарзда муносабатда бўлмоғимиз кераклиги аён бўлади.
Ёмғир ёғиб турган вақт бу – Раббимиз туширган иноят вақти ва Аллоҳ таолога қайси маконда кўпчилик эътиқод қилса ва кўп ибодат қилинса, ўша юртга мулойим ёмғирлар ёғади. Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ таоло икки ҳолатда қилинган дуони қайтармайди: ёмғир ёғишидан олдин чақмоқ чаққан вақтда ва намозга азон чақирилган чоқда”, дея марҳамат қилинган (Ал-Ҳаким, Ат-Табароний).
اللهم حوالينا ولا علينا، اللهم على الآكام والضراب وبطون الأودية ومنابت الشجر.
«Ё Аллоҳ, ёмғирни атрофимизга ёғдир ва зиёнимизга ёғдирма. Тепаликларга, тоғларга, баланд ерларга ва яйловларга ёғдир”.
مطرنا بفضل الله ورحمته.
“Биз Аллоҳ таолонинг фазлу марҳамати ила ёмғир билан мукофотландик” (Имом Бухорий ривояти).
Робия ЖЎРАҚУЛОВА тайёрлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Савол: Chatgpt (сунъий интеллект) орқали диний саволларимизга жавоб олсак бўладими, шу жавобларга амал қилсак бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, бу жоиз эмас. Тўғри, Chatgpt платформаси айрим соҳаларда инсонларга фойда бермоқда. Аммо диний саволларга тўғри жавоб беришга ожизлик қилади. Чунки у ҳам инсон омили томонидан ишлаб чиқилган бир маҳсулот. Қолаверса, баъзан саволларга тахминий жавоблар, ҳатто бу масала фалон китобда бор деб, арабий иборалар ҳам бериши мумкин. Лекин у келтирган иборалар на у айтган китобда ва на бошқа фиқҳий манбаларда учрамайди. Шу боис шаръий масалаларга аҳли илм, мутахассисларга мурожаат қилиш орқали ечим топиш даркор. Аллоҳ таоло ояти каримада бундай марҳамат қилган:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنْتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз!” (Анбиё сураси, 7-оят).
Мусулмон одам бирор нарсани билмай қолса, уни биладиган кишидан, ўша соҳанинг «зикр аҳли»дан ўрганиши лозим бўлади. Шундай экан, эътиқод ва дину-диёнатга тегишли нарсаларни ҳам шу соҳанинг билимдонларидан сўраш талаб этилади. Буюк тобеий Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم. رواه مسلم
“Албатта, бу илм диндир. Бас, динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар” (Имом Муслим ривояти).
Мазкур иборанинг шарҳида Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Бу илм” сўзидан мурод Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга олиб келган Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан иборат бўлган таълимотдир. Уни ишончли ва адолатли зотлардан олмоқдамисиз ёки йўқ, шунга назар солинглар, яъни қаердан, кимдан илм олаётгангизни аниқ билинглар”. (“Мирқотул мафотиҳ” китоби). Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.