Аллоҳ таоло беҳисоб неъматлар берган. Биздан бу неъматларни дунё ва охират ҳаёти учун фойдали бўлган йўлда ишлатиш талаб этилади. Уларни исроф қилиш, беҳуда нарсаларга сарфлаш қаттиқ қораланади. Аллоҳ ҳар бир ишда меъёрга риоя қилишга ва ҳаддан ошмасликка буюради: «Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай» (Аъроф сураси, 31-оят).
Исрофнинг бир қанча турлари мавжуд. Хусусан, “бу давлатники” ёки “пулини тўлаб қўйганман” деган нотўғри тушунча билан уйимизда газ, электр токи ва сув каби умумий истеъмол воситаларини керагидан ортиқча сарфлаш, бир дона гугурт чўпини ишлатмаслик учун кун бўйи газ плитасидаги газни ўчирмаслик ва ҳоказолар исрофнинг кенг тарқалган туридир. Ахир бу билан қайсидир биродаримизнинг ҳақини суистеъмол қиляпганимизни ёки бу Ватан барчамизники эканини эсдан чиқариб қўймоқдамиз.
Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Ахир, ҳамма нарсанинг уволи бор. Халқимиз “нимани хор қилсанг, ўшанга муҳтож бўласан”, дейди. Исроф ўрнига ён-атрофдаги ночор яшаётган оиланинг кам-кўстига кўмаклашиш, ўқиш учун тўлов пулини тўлолмаётган талабага ёрдамлашиш, уйланиш учун маблағ топа олмай юрган ёшларнинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлолмай турган қарздорга кўмаклашиш мумкин-ку!
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аҳли солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш пайғамбарликнинг етмиш жузидан бир жуздир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти).
Тежамкор бўлиш, исроф қилмаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик пайғамбарликнинг етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон, эркагу аёл, ёшу қари яхши ўзлаштириб, ҳаётига татбиқ қилмоғи керак. Зеро, тежамкорлик аввало кишининг ўзига кўплаб манфаатлар келтиради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
Муҳаммад ибн Ҳанафий айтадилар: “Камолот уч нарсададир: Иффатли бўлиш; қийинчиликларга сабр қилиш ҳамда маишатда тежамкор ва гўзал тадбирли бўлиш”.
Шу билан бирга умумхалқ эҳтиёжлари учун фойдаланаётган газ, хоналаримизни ёруғ қилаётган электр токи, иссиқ ва совуқ сувга тўловини ўз вақтида адо этиш лозим. Чунки бу хизматларнинг ҳақини ўз вақтида тўламаслик ўзганинг ҳақига хиёнат ҳисобланади. Бинобарин, ушбу хизматларни қарзга олганмиз ва уни вақтида ҳисоб-китоб қилиб, тўлаш учун жавобгармиз, шундай экан тўловларни адо этиш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Афсуски, баъзи кишилар ҳисоблаш жиҳозларини вақтинча тўхтатиб туриш, орқага айлантириш каби номақбул ишларга қўл уришмоқда. Аллоҳ таоло: «Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!» (Бақара сураси, 188-оят) деб бундай гуноҳ йўлдан қайтаради. Зеро, давлат мулкига тажовуз қилиш, уни ўзлаштириш ҳам жиноят, ҳам гуноҳдир.
Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу) мўминларнинг амири ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг зиёратига келди. Салом бериб, бироз кутиб турди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ёниб турган шамни ўчириб, бошқасини ёқди. Бу ҳолат Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу)нинг диққатини тортди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу)га: “Ё Амирул мўминин олдингизда шам ёниб турарди, нега уни ўчириб, бошқасини ёқдингиз?” деб сўради.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) табассум билан: “Ё Абдураҳмон ўчирганим давлатнинг шами. Ёққаним эса ўзимнинг шахсий шамим. Давлат ишлари билан машғул бўлсам биринчи шамни ёқаман. Ҳозир сен билан суҳбат қуриб ўтирганимда далат шамини ёқиш тўғри бўлмайди. Шунинг учун уни ўчириб, ўзимнинг шамимни ёқдим. Агар бундай қилмасам охиратда Аллоҳга қандай жавоб бераман”, деди.
Ҳалоллик ҳамиша ҳар бир инсон учун зарурий фазилатдир. Кишининг ўзи ва оиласи учун фойдаланган маиший хизматларга тўловларни ўз вақтида холис адо этиши жамият олдидаги катта бурчи ва вазифасидир. Исрофнинг энг оғир гуноҳлардан эканини ҳис этиб, ҳамма ишда тежамкор ва тадбирли бўлиш мусулмон ахлоқининг зарур шартларидандир. Қанчалик ҳалоллик мезонига амал қилсак, юртимиз шунча тинч ва обод, фарзандларимиз одоб-ахлоқли, инсофли, диёнатли бўлиб вояга етади.
Абдураҳмон АБДУРАҲМОНОВ
Фарғона вилояти Олтиариқ тумани
“Бирлашган” жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир нечтаси сафарга чиқишди. Улар араб маҳаллаларидан бирига тушиб, меҳмон қилишини сўрашди. Маҳалладагилар эса уларни меҳмон қилишдан бош тортишди. Ногаҳон, ана шу маҳалла оқсоқолини бир нарса чақиб олди. Унга ҳамма нарсани қилиб кўришди, аммо фойда бермади. Баъзилар: «Ана у меҳмонларга боринглар-чи, шояд, уларда бирор нарса бўлса?» дейишди. Улар бориб: «Эй меҳмонлар жамоаси, бизнинг бошлиғимизни бир нарса чақиб олди. Ҳамма ҳаракатни қилиб кўрдик, аммо фойда бермади. Сизларда бирор нарса борми?» деб сўрашди.
Меҳмонлардан биттаси: «Аллоҳга қасамки, мен дам солинадиган бир дуони биламан. Лекин сизлардан бизни меҳмон қилишингизни сўраганимизда, рад этдинглар. Бизга бу дуонинг эвазига бирор нарса бермасанглар, уни айтмайман», деди. Улар бир тўда қўй беришга келишиб олишди. Шунда у саҳоба «Алҳамду лиллаҳи Роббил ъаламийн»ни (яъни, Фотиҳа сурасини) ўқиб суфлади. Оқсоқол гўё арқон ечилганидек ҳаракатга келди. Унда бирор оғриқ қолмай юриб кетди. Кейин улар келишилган нарсани беришди. Саҳобалар: «Уни тақсимланглар», дейишган эди, дам солган киши: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу тўғрида сўраб, бизга бирор нарсани буюрмагунларича тақсимламанглар», деди. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб, бу воқеани айтиб беришди. Шунда у зот: «Сен унинг (Фотиҳа сурасининг) шифо эканини қаердан билдинг? - дедилар, сўнгра тўғри қилибсизлар, уларни тақсимланглар. Менга ҳам улуш ажратинглар», деб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб қўйдилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
Мана шу имом Бухорийнинг ривоятлари мукаммалроқдир.
Бошқа ривоятда эса: «Фотиҳани ўқиб, туфугини тўплаб суфлаб қўйди. Сўнг ҳалиги киши тузалиб кетди», дейилади.
Имом Нававийнинг «Ал-Азкор» китобидан