Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
19 Июн, 2025   |   23 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:50
Пешин
12:29
Аср
17:40
Шом
20:02
Хуфтон
21:41
Bismillah
19 Июн, 2025, 23 Зулҳижжа, 1446

Тежамкор қашшоқлик кўрмас

21.02.2018   5011   4 min.
Тежамкор қашшоқлик кўрмас

Аллоҳ таоло беҳисоб неъматлар берган. Биздан бу неъматларни дунё ва охират ҳаёти учун фойдали бўлган йўлда ишлатиш талаб этилади. Уларни исроф қилиш, беҳуда нарсаларга сарфлаш қаттиқ қораланади. Аллоҳ ҳар бир ишда меъёрга риоя қилишга ва ҳаддан ошмасликка буюради: «Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай» (Аъроф сураси, 31-оят).

Исрофнинг бир қанча турлари мавжуд. Хусусан, “бу давлатники” ёки “пулини тўлаб қўйганман” деган нотўғри тушунча билан уйимизда газ, электр токи ва сув каби умумий истеъмол воситаларини керагидан ортиқча сарфлаш, бир дона гугурт чўпини ишлатмаслик учун кун бўйи газ плитасидаги газни ўчирмаслик ва ҳоказолар исрофнинг кенг тарқалган туридир. Ахир бу билан қайсидир биродаримизнинг ҳақини суистеъмол қиляпганимизни ёки бу Ватан барчамизники эканини эсдан чиқариб қўймоқдамиз.

Исрофнинг катта-кичиги бўлмайди. Ахир, ҳамма нарсанинг уволи бор. Халқимиз “нимани хор қилсанг, ўшанга муҳтож бўласан”, дейди. Исроф ўрнига ён-атрофдаги ночор яшаётган оиланинг кам-кўстига кўмаклашиш, ўқиш учун тўлов пулини тўлолмаётган талабага ёрдамлашиш, уйланиш учун маблағ топа олмай юрган ёшларнинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлолмай турган қарздорга кўмаклашиш мумкин-ку!

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аҳли солиҳ ҳидоят, гўзал кўриниш ва иқтисодли бўлиш пайғамбарликнинг етмиш жузидан бир жуздир”, дедилар (Имом Термизий, Имом Абу Довуд ривояти). 

Тежамкор бўлиш, исроф қилмаслик, ҳар бир нарсани ўз ўрнида, меъёрида тасарруф қилиш, керагидан ортиқ, беҳудага сарфламаслик пайғамбарликнинг етмиш бўлагидан бир бўлак экан. Буни ҳар бир мўмин-мусулмон, эркагу аёл, ёшу қари яхши ўзлаштириб, ҳаётига татбиқ қилмоғи керак. Зеро, тежамкорлик аввало кишининг ўзига кўплаб манфаатлар келтиради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тежамкор одам ҳеч қачон қашшоқлик кўрмайди”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Муҳаммад ибн Ҳанафий айтадилар: “Камолот уч нарсададир: Иффатли бўлиш; қийинчиликларга сабр қилиш ҳамда маишатда тежамкор ва гўзал тадбирли бўлиш”.

Шу билан бирга умумхалқ эҳтиёжлари учун фойдаланаётган газ, хоналаримизни ёруғ қилаётган электр токи, иссиқ ва совуқ сувга тўловини ўз вақтида адо этиш лозим. Чунки бу хизматларнинг ҳақини ўз вақтида тўламаслик ўзганинг ҳақига хиёнат ҳисобланади. Бинобарин, ушбу хизматларни қарзга олганмиз ва уни вақтида ҳисоб-китоб қилиб, тўлаш учун жавобгармиз, шундай экан тўловларни адо этиш ҳар биримизнинг вазифамиздир. Афсуски, баъзи кишилар ҳисоблаш жиҳозларини вақтинча тўхтатиб туриш, орқага айлантириш каби номақбул ишларга қўл уришмоқда. Аллоҳ таоло: «Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!» (Бақара сураси, 188-оят) деб бундай гуноҳ йўлдан қайтаради. Зеро, давлат мулкига тажовуз қилиш, уни ўзлаштириш ҳам жиноят, ҳам гуноҳдир.

Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу) мўминларнинг амири ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)нинг зиёратига келди. Салом бериб, бироз кутиб турди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ёниб турган шамни ўчириб, бошқасини ёқди. Бу ҳолат Абдураҳмон ибн Авф (розияллоҳу анҳу)нинг диққатини тортди. Шунда Умар (розияллоҳу анҳу)га: “Ё Амирул мўминин олдингизда шам ёниб турарди, нега уни ўчириб, бошқасини ёқдингиз?” деб сўради.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) табассум билан: “Ё Абдураҳмон ўчирганим давлатнинг шами. Ёққаним эса ўзимнинг шахсий шамим. Давлат ишлари билан машғул бўлсам биринчи шамни ёқаман. Ҳозир сен билан суҳбат қуриб ўтирганимда далат шамини ёқиш тўғри бўлмайди. Шунинг учун уни ўчириб, ўзимнинг шамимни ёқдим. Агар бундай қилмасам охиратда Аллоҳга қандай жавоб бераман”, деди.

Ҳалоллик ҳамиша ҳар бир инсон учун зарурий фазилатдир. Кишининг ўзи ва оиласи учун фойдаланган маиший хизматларга тўловларни ўз вақтида холис адо этиши жамият олдидаги катта бурчи ва вазифасидир. Исрофнинг энг оғир гуноҳлардан эканини ҳис этиб, ҳамма ишда тежамкор ва тадбирли бўлиш мусулмон ахлоқининг зарур шартларидандир. Қанчалик ҳалоллик мезонига амал қилсак, юртимиз шунча тинч ва обод, фарзандларимиз одоб-ахлоқли, инсофли, диёнатли бўлиб вояга етади.

 

Абдураҳмон АБДУРАҲМОНОВ

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани

“Бирлашган” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

"МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ (4-қисм)"

16.06.2025   5052   36 min.

МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ

ни

УЛУҒ УСТОЗ УЛАМОЛАРИМИЗ баён қилиб берганлар:

(4-қисм)

МОШИНА ҲАЙДОВЧИНИНГ 66 та ОДОБИ

(буларнинг акси

мўмин-мусулмон инсонга

мутлақо тўғри келмайди!!!)

 

 

1)  Мошинага минишда яхши ният билан энг аввало آ«Ауузу биллоҳи минашшайтонир ражим!آ», آ«Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим!آ» деб, ўнг қўл билан эшикни очиб, ўнг оёғини олдин босиб чиқишлик.

2)  Мошинага чиқаётиб, салом беришлик.

3)  Мошинага минганда, қисқагина тиловат қилиб, ўтганларнинг ҳақларига дуо қилиб, белгиланган дуоларини ўқишлик.

4)  Мошинада ўзини худди бировнинг уйида ёки жамоатчилик жойида ўтиргандек тутишлик.

5)  Мошинани ички ва ташқи томонларини доим тоза, озода ва покиза тутишлик.

6)  Мошинанинг техник талабларини бузмасдан, уларга сўзсиз ва тўлиқ риоя этишлик.

7)  Мошинани ҳар доим барча жойлари созланган ва минишга яроқли ҳолда ҳайдамоқлик.

8)  Йўлга чиқишдан олдин улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)нинг дуоларини олиб чиқишлик.

9)  Ўзи яхши кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўришлик.

10)  Бир-бирига нисбатан раҳмдиллик, меҳр-оқибат, ҳурмат ва бағрикенглик билан муомала қилишлик.

11)  Одамлар билан муомалада ҳаё, уятни унутмаслик.

12)  Нафақат инсонлар билан, балки ҳайвон, парранда, ҳашаротлар ҳатто ўсимликлар билан ҳам чиройли хулқ-одоб билан муомала қилишлик.

13)  Ўзидан катталарни доим ҳурмат қилишлик.

14)  Ўзидан кичикларни доим иззат қилишлик.

15)  Ҳаргиз ва ҳаргиз бошқаларга ноқулайлик туғдирмаслик.

16)  Ҳеч кимга ҳеч қаерда ва ҳеч нарсага жаҳл қилмаслик!

17)  Атрофдагилар билан доим ширинсухан бўлишлик!

18)  Йўл асносида атрофдагиларга бирор савол билан мурожаат қилганда, жавоб берган одамга миннатдорчилик изҳор этишлик.

19)  Мошина ҳайдовчиси тил, қўл, оёқ ва бошқа ҳаракатлар орқали ҳам бошқаларга озор бериши динимиз кўрсатмаларига асло тўғри келмайдиган амал. Чунки бундай ишлар муборак ояти-карималар ва ҳадиси-шарифларда қаттиқ қораланган.

20)  Йўл ҳаракат қоидалари ва йўлда юриш одобларига тўлиқ ва дин-диёнат билан риоя қилишлик.

21)  Мошина билан ҳам кечаю-кундуз ОТА-ОНАНИНГ хизматларини оғринмасдан, меҳр билан бажариб, УЛАРНИНГ бебаҳо, беқиёс ва бетакрор дуоларини олишлик.

22)  Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) нинг ҳурматларини жойига қўйишлик.

23)  Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) га нисбатан беодоблик қилмаслик.

24)  Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар) олдиларидан имкон қадар кесиб ўтмаслик. Мабодо шунга мажбур бўлиб қолган ҳолда, узр айтиб, кечирим сўрашлик.

25)  Улуғлар (ОТА-ОНА, устоз, раҳбар, ўзидан ёши катта, улуғ инсон, табаррук одамлар)  нинг имкон қадар олдиларига тушиб юрмаслик. Мабодо шунга мажбур бўлиб қолган ҳолда, узр айтиб, кечирим сўрашлик.

26)  Ўз ака-ука, опа-сингилларига мошина билан ҳам меҳрибонлик қилиб, доим хизмат-юмушларини беминнат адо этишлик.

27)  Қавм-қариндошлар билан яхши муносабатда бўлиб, иссиқ-совуқ кунларида мошина билан ҳам беминнат хизмат қилишлик.

28)  Қўни-қўшнилар билан чиройли муомала қилиб, иссиқ-совуқ кунларида ҳам, улар эҳтиёж сезганларида ҳам мошина билан ҳам беминнат хизмат қилишлик.

29)  Инсон зотини манфаати кўзлаб ўрнатилган тартиб-қоидаларга инсоф билан, дин-диёнат билан риоя этишлик.

30)  Инсон зотини манфаати кўзлаб қўйилган йўл белги (знак)лар талабларини ҳамда светофор ишораларини бузмаслик.

31)  Оғир бўлиб, босиқлик ва сабр билан юришлик.

32)  Сира ҳам шошилмаслик, зеро шошилиш آ– шайтондандир.

33)  Жуда секин ҳам ҳаракатланмаслик.

34)  Касалхона, қабристон, масжид, мактаб ва шу каби жойларда имкон қадар сигнал чалмаслик.

35)  Касалхона, қабристон, масжид, мактаб ва шу каби жойларда видео-овоз чиқариш ускуналарини овозини кескин пасайтиришлик.

36)  Агар мутлақо ўчириб қўйилса, янада улуғроқ бўлади.

37)  Ҳар қандай катта-кичик йўлдаги ҳар қандай қабристоннинг ҳам ёнидан ўтганда, тезликни сезиларли даражада пасайтиришлик.

38)  Касалхона, қабристон, масжид, мактаб ва шу каби жойларда имкон қадар секинроқ ҳаракатланишлик.

39)  Ҳар қандай катта-кичик йўлдаги қабристоннинг ёнидан ўтганда, ўтганларимизнинг ҳақларига дуо қилишлик.

40)  Ҳар қандай катта-кичик йўлдаги ҳар қандай касалхонанинг ёнидан ўтганда, барча беморларнинг ҳақларига дуо қилишлик.

41)  Қулоқчин (наушник) ишлатмаслик.

42)  Имкон қадар телефон билан гаплашмаслик.

43)  Ҳаракат давомида ойнадан бошқа ҳайдовчилар ва йўловчилар билан гаплашмаслик.

44)  Автомошина ойнасидан турли нарсаларни ташлаб юбормаслик.

45)  Бўлар-бўлмасга сигнал чалмаслик.

46)  Мошинадаги (видео, овоз чиқариш) ускуналарини овозини баланд қўйиш билан ўзгаларга озор бермаслик.

47)  Кўпчилик ҳаракатланаётган жойда юрганда жамоатчилик одобларига риоя қилиш лозим.

48)  Эҳтиёжмандларга тез-тез хайр-эҳсон, садақа қилиб туришлик.

49)  Уйда, кўчада ва барча жамоат жойларида бирор нарса умидвор бўлиб, сўраб келган инсонни қуруқ қайтармаслик.

50)  Кўпчилик ҳаракатланаётган жойлар ҳам худди мажлислар кабидир. Уларда ҳам мажлислар одобларига риоя қилган каби одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш лозим бўлади.

51)  Йўл ҳаракати асносида ҳам Ёнғин хавфсизлиги, Тез тиббий ёрдам ва шу каби ташкилотларнинг мошиналарига имкон қадар йўлни тезроқ бўшатиб қўйиш лозим.

52)  Мошина ҳайдовчиси шовқин-сурон, бақир-чақир қилмаслиги ҳам одобдандир. Зеро бақир-чақир, шовқин-сурон қилишлик мусулмон кишиларга мутлақо ярашмайди.

53)  Ҳақиқий мўмин-мусулмон киши қачон, кимнинг олдида ва қаерда бўлишидан қатъи назар, ўзини юксак одоб доирасида тутади.

54)  Кечки пайтда бошқа ҳайдовчиларнинг ҳамда пиёдаларнинг кўзларини қамаштирадиган даражада ёритгичларни ёқиб юрмаслик.

55)  Йўлда сарсон бўлиб, қийналиб турганларга имкон қадар кўмаклашиб, ёрдам беришлик آ– ҳақиқий мўмин-мусулмон кишининг энг савобли ишларидан ҳисобланади. Жаноби Пайғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: آ“Ким бир мусулмонга бу дунёда ёрдам берса, Аллоҳ Охиратда унга ёрдам қиладиآ”.

56)  Бораётган манзилга бир оз етмасдан 10-20 метр олдин тўхташлик.

57)  Бораётган манзилда мабодо одамлар тўпланган жой бўлса, ундан камида 20-30 метр олдин тўхташлик.

58)  Борган манзилга мошинани ўша жойнинг эшиги, дарвозаси, кириб-чиқиш жойига рўпара қўймаслик ҳамда атрофдаги одамлар ва бошқа мошиналарга ҳам ҳар томонлама халақит бермайдиган даражада қилиб қўйишлик.

59)  Киши билан хайрлашганда одамнинг олдида эшикни қаттиқ ёпмаслик. Имкони бўлса, бир оз юргандан кейин ёпишлик.

60)  Уйга келганда келганини билдириш учун ёки эшик, дарвозани очишлари учун мошина сигнали билан ёки ўз овози билан бошқаларга озор бермаслик.

61)  Автоуловни дуч келган жойда қолдирмасдан, бошқаларга зарар бермайдиган жойни танлаш лозим.

62)  Турли жамоат жойлари (касалхона, бозор, мактаб, масжид, савдо марказлари, автотураргоҳ ва ҳоказо)да мошинани жуда катта диққат ва ниҳоятда жиддий эътибор билан, мошиналарга ҳам, одамларга ҳам мутлақо озор етказмайдиган ҳолда қилиб қўйишлик.

63)  Ҳатто ўз уйининг, ўз ишхонасининг олдига ҳам қўшнилар, йўловчиларга асло озор бермайдиган қилиб қўйишлик.

64)  Бирор жойга меҳмонга борганда ҳам ёки бирон юмуш билан тўхтаганда ҳам мошинани қўшнилар, йўловчиларга асло озор бермайдиган, бировларни йўлини тўсиб қўймайдиган қилиб қўйишлик.

65)  Манзилига етиб борганидан кейин, Худога шукр қилиб, мошинага ҳам миннатдорчилик изҳор этилади.

66)  Ўзидаги мавжуд уловга доим шукр қилишлик.

 

Меҳрибон Парвардигоримиз

ўзларимизни ҳам,

фарзанд-зурриётларимизни ҳам

Ўзи буюрган,

Жаноби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия этган,

ўтмишда ўтганларимизнинг руҳлари шод бўладиган,

халқимиз хурсанд бўладиган,

ота-оналаримиз рози бўладиган

йўллардан юришимизни насиб этсин!

 

Иброҳимжон домла Иномов.

Мақолалар