frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Қуръон каримда зикр этилган 26 та жонзот

21.02.2018   38645   5 min.
Қуръон каримда зикр этилган 26 та жонзот
  • Ҳудҳуд. У қушларни кўздан кечириб: «Нега мен ҳудҳудни кўрмаяпман, балки у (берухсат) ғойиб бўлувчилардандир?! (Намл сураси, 20-оят).
  • Бедана. Аллоҳ деди: «Эй, Исроил авлоди! Биз сизларга душманингиздан нажот бердик ва сизларга (Мусога Таврот нозил қилиш учун) Тур (тоғи)нинг ўнг томонини ваъдалашдик ва сизларга ширинлик ва беданалар ёғдирдик (Тоҳо сураси, 80-оят)
  • Қарға. Шундан сўнг, Аллоҳ унга биродари мурдасини қандай кўмишни кўрсатиш учун ерни кавловчи бир қарғани юборди. «Ҳолимга вой! Наҳот шу қарғачалик бўлишдан ожиз бўлсам? (Мен ҳам) биродарим жасадини (тупроққа) кўма қолай», – деди. Шундай қилиб (у) пушаймон қилувчилардан бўлиб қолди (Намл сураси, 31-оят).
  • Асалари. (Эй, Муҳаммад!) Раббингиз асалариларга ваҳий (бўйруқ) қилди: «Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга ин қурингиз (Наҳл сураси, 68-оят).
  • Кўршапалак. У куни одамлар тўзитиб юборилган кўршапалаклар каби бўлурлар (Қориа сураси, 4-оят).
  • Чивин. Аллоҳ чивин, балки ундан ҳам «юқори» нарсалар ҳақида зарбулмасал айтишдан уялмайди. Имонли кишилар-ку, уни (масални) ҳақиқатан ўзларининг Рабби томонидан (юборилган) ҳақ нарса деб биладилар (Бақара сураси, 26-оят-оят).
  • Пашша. Эй, инсонлар! (Сизларга) зарбулмасал қилинди. Бас, унга қулоқ тутингиз! Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб, сиғинаётган нарсаларингизнинг барчаси бирлашганда ҳам, бир пашшани ярата олмаслар, агар пашша улардан бирор нарсани тортиб олса, уни ундан айириб ололмаслар. Талаб қилувчи ҳам, талаб этилувчи (бутлар) ҳам заифлик қилурлар (Ҳаж сураси, 73-оят).
  • Чигиртка. (Улар) кўзлари (қўрқувдан) қуйига боққан ҳолларида, гўё тўзиган чигирткалар каби қабрларидан чиқиб келурлар (Қамар сураси, 7-оят).
  • Бит ва бақа. Шундан кейин улар устига тўфон, чигиртка, бит, бақалар ва қон (балолари)ни аниқ мўъжизалар сифатида юбордик. (Шундан) сўнг (ҳам улар) кибр қилдилар. (Улар олдиндан) жиноятчилар қавми эди (Аъроф сураси, 133-оят).
  • Чумоли. То улар чумолилар водийсига етганларида, бир чумоли: «Эй, чумолилар! Уяларингизга кирингиз, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни эзиб кетмасинлар!» – деди (Намл сураси, 18-оят)
  • Ўргимчак. Аллоҳдан ўзгаларни дўст тутган кимсаларнинг мисоли худди ин қуриб олган ўргимчакка ўхшайди. Зотан, инларнинг энг нимжони, албатта, ўргимчак инидир, агар билсалар (Анкабут сураси, 41-оят).
  • Наҳанг балиқ. Бас, маломатга қолган ҳолида уни бир наҳанг балиқ ютиб юборди. Бас, агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида, албатта, у (балиқ) қорнида, то (одамлар) қайта тириладиган кунларигача (қиёматгача), қолиб кетган бўлур эди (Соффот сураси, 142-144-оят).
  • Қўй. (Уларнинг бири деди:) «Дарвоқе, мана бу менинг биродарим, унинг тўқсон тўққиз совлиқ қўйи бор, менинг эса биргина совлиғим бордир. Бас, у: «Ўшани ҳам менга топширгин!» – деди ва мени баҳсда енгиб қўйди» (Сод сураси, 23-оят).
  • Эчки. Саккиз жуфт (ҳайвонлар) – қўйдан икки (жинс) ва эчкидан (икки жинс)ни (яратди) (Аъном сураси, 143-оят).
  • Сигир. Эсланг, Мусо ўз қавмига: «Аллоҳ сизларни (бирор) сигир сўйишга буюрди», – деганида, улар: «Бизни истеҳзога тутяпсанми?» – дедилар. (Мусо) деди: «Жоҳиллардан бўлиб қолишимдан мени Аллоҳ асрасин!» (Бақара сураси, 67-оят).
  • Туя. Ахир, улар туяларга қараб, қандай яратилганига (Ғошия сураси, 17-оят).
  • От. Қасамёд этаман пишқириб чопадиган, (чопганда туёқларидан) чақмоқ чақнатадиган, тонг пайтида (ёв сари) бостириб борадиган, бас, ўша пайтда (ортида) чанг қолдирадиган, шу (чанг) билан (душман) жамоасининг ўртасига кириб борадиган (от)лар биланки, ҳақиқатан, (кофир бўлган) инсон Парвардигори (ато этган неъматлар)га ношукурдир! (Одиёт сураси, 1-6-оят).
  • Хачир ва эшак. У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур (Наҳл сураси, 8-оят).
  • Чўчқа. У сизларга ўлимтик, қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни (истеъмол қилишни қатъий) ҳаром қилди. Аммо, зулмкор ва тажовузкор бўлмаган ҳолда, заруратан, мажбур бўлса (очлик танглиги юзасидан тановул  қилса), унга гуноҳ йўқдир. Дарҳақиқат, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир (Бақара сураси, 173-оят).
  • Фил. (Эй, Муҳаммад!) Раббингиз «фил эгалари»ни не қилганини кўрмадингизми? (Фил сураси, 1-оят).
  • Бўри. (Яъқуб) деди: «Уни олиб кетишингиз мени жуда ташвишлантираяпти, сизлар ундан ғафлатда бўлган чоғингизда (ногоҳ) уни бўри еб кетишидан қўрқаман» (Юсуф сураси, 13-оят).
  • Ит. Ухлоқ бўлсалар-да, (кўзлари очиқ бўлгани учун) уларни уйғоқ, деб ўйлайсан. Биз уларни (чириб кетмаслиги учун) ўнг томон, сўл томонга айлантириб турармиз. Уларнинг ити эса, остонада икки олд оёқларини узатиб ётур. Агар уларни кўриб қолсангиз, даҳшатга тушиб, улардан юз ўгириб қочиб кетган бўлур эдингиз (Каҳф сураси, 18-оят).
  • Маймун. Шанба (куни)да сизлардан тажовуз қилганларни билдингиз. Биз уларга: «Қадрсиз маймунларга айланингиз!», – дедик (Бақара сураси, 65-оят).
  • Аждаҳо. (Мусо) асосини ташлаган эди, бирданига у чин аждаҳога айланди (Шуаро сураси, 32-оят).

 

Даврон НУРМУҲАММАД тўплади

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

13.08.2026   615   3 min.
Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.

Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.

“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.

Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.

Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.

Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.

Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.

О'збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари