Бирор олим йўқки, устозсиз илм эгаллаган, равнақ топиб, юксалган бўлса. Толиби илм олимларни ҳурматлаши билан илмдан манфаат топади. Донишмандларимиз: “Ким нимага эришган, фазилат ва даража топган бўлса фақат ҳурмат, одоб сақлаш билан эришибди”, деб айтганлар. Чиндан ҳам, фаришталарга дарс ўтган Иблис беодоблик, ҳурматсизлик сабабли ғурурга кетиб, Аллоҳ таолонинг раҳматидан қувилди.
Барча буюк зотлар устозларини ҳамда аҳли илмларни иззат-эҳтиром қилиш билан улуғ мартабаларга эришган. Аксинча, кимки уларга нисбатан ёмон муносабатда бўлса, ҳурмат қилмаса олган илмлари дунё-охирати учун зарар бўлган.
Имом Зарнужий устозларни ҳурматлаш, уларга нисбатан одоб ахлоқли бўлиш илмнинг ҳурмати саналади, дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен илм шаҳри бўлсам, Али унинг дарвозаси”, деган Али розияллоҳу анҳу эса: “Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа сотсин, хоҳласа қулликдан озод қилсин, хоҳласа қул қилиб ишлатсин”, деган.
Саъдий Шеърозий: “Ўғлининг олим бўлишини истаган ота илм йўлида юрганларни ҳурмат қилсин, уларга иззат-икром кўрсатиб, хайр-эҳсон қилсин. Агар ўғли олим бўлмаса, албатта, невараси олим бўлади”, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Муборак ҳамиша усозларининг хизматини қилар ва: “Устозлар хизматини сидқидилдан адо этишнинг ўзи ярим илмдир”, дер экан.
Бир куни ибн Муборакдан “Одамлар ичида ҳурматга энг сазоворлари кимлар?” деб сўрашганда, “Олиму уламолар”, деб жавоб берди. Чунки улар ўз илмлари билан ҳақ йўлни кўрсатадилар. Билимли бўлиш инсонни бошқа махлуқотлардан ажратиб турадиган алоҳида хусусиятдир.
Устозларининг хизматларини адо этган шогирдлардан юртимиз довруғини дунёга танитган улуғ олимлар, атоқли имомлар етишиб чиқди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Ҳафс Насафий, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий раҳимаҳумуллоҳ каби буюк олимлар ва мутафаккирларнинг яратган бой илмий мероси жаҳон маданияти ва тамаддунига бебаҳо хазина бўлиб қўшилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳраматдин домла Разов бошчилигида Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходимлари, қози ўринбосари Джолаушиев, Нукус шаҳри бош имоми Набатов, Шуманай тумани бош имоми Амедов, Қанликўл тумани бош имоми Наимов ва Қўнғирот тумани ҳожиларидан иборат гуруҳ тузилиб, Қўнғирот туманидаги "Ҳаким Сулаймон" ва "Мулла Исҳоқ" масжидларининг фаолиятини ўрганиш, имом-хатиблар билан тажриба алмашиш, уларга кўрсатмалар бериш мақсадида тадбир ўтказилди.
Тадбирда масжид жойлашган маҳаллаларда яшовчи муаммоли, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва амалий ёрдамлар бериш ҳам белгиланган.
Тадбирдан сўнг "Ҳоким Сулаймон" масжидининг янги қуриб битказилган таҳоратхонасидаги шароитлар билан танишди ва қурилиш ишларида яқиндан ёрдам берган қурувчиларга қози домла Баҳраматдин домла қозилик номидан ташаккур билдирди.
Ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги "Санъат, Адабиёт, Навоий, Қиёт, Темир йўл, Қумбуз, Олтин кўл" маҳаллаларидаги жами 13 та оиланинг яшаш шароитларидан хабардор бўлди, оила аъзолари билан суҳбатлашиб, моддий ёрдамлар берди.
Бош имомлар тумандаги масжидларда амалга оширилган тозалаш, ободонлаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, масжидларда иш юритиш ҳужжатларининг қонун талабларига мувофиқлигини кўздан кечирди, камчиликларни тўлдириш учун кўрсатмалар берди.
Баҳраматдин домла Разов марказий "Ҳаким Сулаймон" масжидида, Нукус шаҳри бош имоми Набатов "Мулла Исҳоқ" масжидида пешин намозида "Масжид одоби", "Тинчлик ва хотиржамлик", "Миллатлараро тотувлик" мавзуларида маъруза қилди.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти Матбуот хизмати