Самарқанд шаҳридаги “Хўжа Исҳоқи Валий” жоме масжидида давом этаётган Қуръон мусобақаси ўзининг энг ҳаяжонли ва шукуҳли онларига кириб бормоқда. Ушбу мусобақада республика босқичига чиқиш учун туман босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган 16 нафар қори, 9 нафар қория жиддий ҳаракат қилишмоқда.
Ўз навбатида, Ҳақ таоло каломига сомеъ бўламан, деб келган мухлислар ҳам ўзлари учун жуда кўп манфаатлар олишмоқда. Зеро мақсадимиз ҳам шу, яъни Қуръон ҳақида кишиларга маърифат таратиш, Қуръонга муҳаббат уйғотиш, мусулмон ёшларни Қуръонга қизиқтириш, иқтидорли қориларни тақдирлаш, қорилар сифати ва сонини ошириш, савияларини юкасалтириш, юрт ва халқни дунёга танитиш кабилардан иборатдир.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг. Энг хушовоз қориларнинг ҳузурбахш тиловатларидан баҳраманд бўлишга барчани чорлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Сўнгги йилларни ўз ичига олган давр илмий ва эксперт доиралар томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб аталмоқда. Ушбу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишига эришиш, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Биринчидан, 2016-йилнинг 18-октабрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан шундай деди: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.
Ғайрат РАСУЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА” кафедраси мудири