Аллоҳ беҳисоб ҳамдлар бўлсин шундай тинч, осойишта ва имкониятлари кенг Ватанда ҳаёт кечирмоқдамиз. Қисқа вақт оралиғида юртимизни дунё таниди. Бунинг барчаси юртимизда олиб борилаётган адолатли, кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ва Роббимизнинг бераётган баракаси туфайли. Аллоҳ таоло инсониятга қандай неъмат берган бўлса, ҳаммасини ҳисобини сўраши муборак китобларимизда баён қилишган.
Албатта ислохотлар жамиятдаги маълум камчиликларга барҳам бериш, адолат ўрнатиш учун ўтказилади. Натижада жамиятда ҳар жиҳатдан соғлом муҳит пайдо бўла бошлайди. Хозирги яшаб турган жамиятимизда ютуқлар билан бир қаторда кўплаб турли камчиликлар мавжуд эканини ҳам инкор қилмаслигимиз керак. Бу камчилик, нуқсонларни бартараф қилиш учун аҳоли орасида кўплаб тарғибот-тушунтириш маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда ва сезиларли ижобий натижалар ҳам кўзга танланмоқда.
Яна шундай бир восита борки, агар инсон унга амал қилишда маҳкам бўлса, жамият ўз ўзидан салоҳитли томонга ўзгариб боради. Бу восита суннати набавийдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан етиб келган барча ҳадисларнинг моҳияти аввало жамиятни яхши томонга ўзгартиришдир. Бир ҳадис мисолида буни кўриб чиқсак.
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Менга ўз нафсларингиз ҳақидан олтита нарсага кафиллик беринг, мен ҳам сизларга жаннат кафолатини бераман.
Эътибор берилса бу ҳадисда сақланишлик маъносида санаб ўтилган амаллар ҳар қандай ўзини маданиятли, намунали деб ҳисоблайдиган жамиятда ҳам қўллаб-қувватланади.
Жамият ҳар жиҳатдан соғлом бўлиши инсон ўзини ислоҳ қилишига ҳам боғлиқ. Биргина юқоридаги ҳадисни инсонлар ўз ҳаётига тадбиқ қилиши билан яшаб турган жамиятида кузатилаётган фирибгарлик, товламачилик, омонатга хиёнат, фаҳш ишлар, ўғрилик ва бошқа шу каби бузуқликларни ислоҳ қилишлиги мумкин бўлади. Демак, биз инсонларга соф суннатдаги амалларини етказсак ёки ўз ҳаётимизга тадбиқ қилиб намуна бўлсак, жамиятимизда хозирда муаммоли вазият дея таъкидланаётган ҳолатлардан аста-секин қутилиб, маъданий-ахлоқий, инсоний жиҳатдан ижобий натижалар кўрсаткичларини янада юқори кўтарган бўлар эдик.
Тошкент ислом институти 3-курс
талабаси Нодирбек Нишонов
“Эй инсонлар! Аллоҳга ва Унинг Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтиринглар ҳамда У Зот Сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан, яъни вақтинча қўлларингизда турган, эрта бир кун сизлар истасангиз-истамасангиз ўзгаларни қўлларига ўтиб кетадиган Аллоҳ берган мол-давлатдан инфоқ-эҳсон қилинглар! Бас, сизлардан иймон келтирган ва инфоқ-эҳсон қилган зотлар учун катта ажр-мукофот бордир!” (Ҳадид сураси, 7-оят).
Халифа деб таржима қилинган сўз Қуръонда “мустахлафийна” деб келади. Бу сўз луғатда ўзини ўрнига бирор кишини ўринбосар қилмоқ маъносида – эгасини ўрнига бир ишни бажарадиган кишига ишлатилади. Масалан: Мол-мулк, сиз унда мустахлафсиз, яъни у сизни қўлингизда омонат, ҳақиқий эгаси сиз эмассиз, омонатдор қўлсиз холос! Уни сизга Аллоҳ кўрсатган ўринга ишлатишингиз учунгина берилган!
Бир тўда туяси бор аъробийдан сўрашди, бу туялар кимники? Аъробий гўзал жавоб берди: Менинг қўлимда турган, Аллоҳнинг мулки! Мени қўлимда турган, Аллоҳнинг мулки! Яъни, бу Аллоҳники! Мен уни тасарруф қилишга масъулман холос.
“Мустахлаф” сўзини яна ҳам кенгроқ тушунсак, мол-мулкда сиз мустахлафсиз. Сиҳат-саломатлик! Сиз унда мустахлафсиз! Уни ўзини ўрнида ишлатишингиз лозим бўлади. Жамиятда ҳар бир кишини ўз вазифаси, ўрни бор. Сизни ҳам ўз ўрнингиз, вазифангиз бор. Ночорга ёрдам бериш, кучсизни ҳимоя қилиш ҳам жамият аъзоларини вазифаларидан бири ҳисобланади. Аллоҳ сизга илм берган. Сиз унда мустахлафсиз! Ўзини ўрнида ишлатишга, яхши-ёмонни эслатишга, ҳалол-ҳаромни билдиришга масъулсиз! Аллоҳни олдида жавобгарсиз!
Аллоҳ айтади: “Мен ерда Одамни халифа қилмоқчиман” (Бақара сураси, 30-оят).
Инсон-Аллоҳ уни қўлига мол-мулк бериб, уни омонатдор қўл қилган Аллоҳни ердаги халифаси. Мол-мулк бизники эмас. Аслида бизники бўлмаган нарса қандоқ қилиб бизники бўлсин. Яъни, мени қўлимдаги мулк меники эмас, уни қўлидаги мулк уники эмас, сизни қўлингиздаги мулк ҳам сизники эмас. Биз уни ҳақиқий эгаси эмасмиз. Биз тановул қилсак тугатамиз, кийсак эскиртамиз ва аммо, садақа қилганимизнигина ўзимизга олиб қоламиз!
Бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга бир қўйни ҳаммасини тарқатдим фақатгина қўли қолди холос деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: Йўқ ундай эмас, қўлидан бошқа ҳаммасини олиб қолибсан, дедилар. Яъни, садақа қилганинг охиратга захира бўлиб ўзингда қолади. Олиб қолганинг тугаб тамом бўлади.
Эй биродарим! "Мустахлаф" сўзи жуда кенг маънода тушунилади. Масалан сени мошинанг бор, сен унда мустахлафсан.
Ҳақиқатда ёрдамга муҳтожларни ҳожатларига уни ишлатсанг уни ҳаққини адо этган бўласан. Гуноҳ, кўнгилхуши учун ёки шунчаки айланиб келиш учун эмас, ҳақиқатда шунга эҳтиёжи бор, чорасиз турган одамга ёрдам беришга масъулсан! Инсон унга берилган ҳар бир насибада, иқтидорда, илмда, ҳунарда, шижоатда, куч-қувватда, ғайратда барча барчасида мустахлафдир. Мол-мулк неъмат ҳисобланмайди. Уни қай ўринга ишлатилишига қараб туради.
Агар Аллоҳ рози бўладиган-тоатга, муҳтож-у ночорларга хайр-саховатга, ўзи масъул бўлганларни нафақаларига ишлатилсагина неъмат ҳисобланади. Ундай бўлмаса-гуноҳу маъсиятга, кайфу-сафога, фойдасиз ўринларга ишлатилса-бало бўлади, офат бўлади!
Муҳаммад Ротиб Нобулусий суҳбатларидан
“Қуръон илмлари” кафедраси ўқитувчиси Адҳам ЮСУПОВ таржимаси.