Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Май, 2025   |   16 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:31
Қуёш
05:05
Пешин
12:24
Аср
17:24
Шом
19:37
Хуфтон
21:05
Bismillah
14 Май, 2025, 16 Зулқаъда, 1446

Қуръон қалбларга нур олиб киради

18.02.2018   7425   4 min.
Қуръон қалбларга нур олиб киради

Президентимизнинг 2017 йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасида давлат, жамоат, ёшлар ташкилотлари вакиллари ва диний соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда берган кўрсатмалари асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси” ўтказилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ушбу тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсадлар, унинг маънавий-маърифий ҳаётимиздаги аҳамияти ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳақиқатан, Қуръони карим инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган, ақл юргизиб, тафаккур қилиб ўқилса, ҳидоятга чорлайдиган муқаддас китобдир. Зеро, Қуръони каримда: “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят этур ва эзгу ишларни қиладиган мўминларга катта мукофот борлиги ҳақида башорат берур” (“Исро” сураси, 9-оят) деб марҳамат қилинган. Инсон Қуръони карим оятларини ёд олгани сари руҳи енгиллашиб, комилликка етишиб бораверади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Қуръони каримни ўқиган, ёд олган ва бошқаларга етказган кишиларни инсонларнинг энг яхшиси деб таърифлаганлар. Бир ҳадиси шарифда: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга ҳам) ўргатувчилардир” (Имом Бухорий), деб баён қилинган.

Қуръон муқаддас китоб, ўхшаши йўқ, тенгсиз бир илоҳий мўъжизадир. Бу буюк Китобнинг калималари замирида ўта теран маъно-мазмун борлиги, шунингдек, ҳар қайси инсон Қуръони каримнинг оятларини эшитган пайтда беихтиёр унга қулоқ тутиб қолиши, бутун вужуди билан берилиб тинглаши — буларнинг барчаси ушбу улуғ Китоб бутун оламларнинг яратувчиси бўлмиш буюк Аллоҳнинг илоҳий сўзи эканига яна бир далолатдир.

Юртбошимиз ташаббуси билан Қуръон мусобақаси ўзгача руҳда, кўтаринки кайфиятда, оммавий тарзда ўтказилмоқда. Бу бежиз эмас. Зеро, Қуръони каримни ёдлаш, тинглаш ва англашда ҳикмат кўп. Президентимиз таъбирлари билан айтганда: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш — юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади”.

Қуръон мусобақасини ташкил этишга жиддий тайёргарлик кўрилди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Қуръони карим мусобақасини ўтказиш бўйича ташкилий ҳайъатнинг ишчи йиғилишларида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди. Қуръони карим мусобақасини ўтказиш бўйича Низом, ташкилий ҳайъат йўриқномаси, баҳолаш мезонлари ва мусобақани ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичларига тайинланган 22 нафар ҳакам учун ўн кун давомида Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ўқув машғулотлари олиб борилди. Улар етук уламолар ва мутахассислардан мусобақани юқори даражада ташкил этиш, иштирокчиларни адолат ва шаффофлик билан баҳолаш бўйича маърузалар тинглашди. 

2018 йил 4 — 15 январь кунлари жойларда қатнашчилар сараланди. Ҳар бир ҳудуддан 18 — 25 ва 26 — 40 ёш тоифаларида эркаклар ҳамда аёллар бўлиб, жами 5366 нафар иштирокчи рўйхатга олинди. Улар икки йўналишда, яъни “Ҳифз” (тўлиқ ёд олган) ва “Тиловат” (қисман ёд олган) бўйича беллашишмоқда.

“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси” уч босқичли бўлиб, унинг биринчи — туман-шаҳар (саралаш) босқичи якунланди. Шу кунларда мусобақанинг иккинчи, яъни вилоят босқичи Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги “Маърифатли” жоме масжидида бўлиб ўтмоқда. Таъкидлаш жоизки, мусобақанинг илк босқичи ҳам айнан шу масжидда юқори даражада бошланган эди. Навбатдаги — вилоят босқичини ҳам мазкур ҳудуддан бошлашга қарор қилдик. Иккинчи босқичга жами 324 нафар қори йигит-қиз йўлланма олди. Мусобақа жараёнини диний идоранинг muslim.uz сайти орқали онлайн кузатиб, қалбларни илоҳий калом зиёси билан тўлдиришга чорлаймиз.  

Қуръон мусобақасига қизиқиш қай даражада экани ҳаво совуқ бўлишига қарамай, тўп-тўп бўлиб келган, тадбирни кузатган юртдошларимиз юз-кўзида яққол кўринди. Мана шундай файзу баракотли кунлардан мамнун бўлган ҳамюртларимиз қўлларини дуога кўтариб, унинг шукронаси учун яратган Парвардигоримизга ҳамду санолар айтишмоқда, бу ишга ташаббускор бўлган давлатимиз раҳбари, ташкилий ишларга бош мутасаддилар ва муҳтарам уламоларимиз ҳақига дуолар қилишмоқда. “Кўпнинг дуоси кўл бўлади”, деганларидек, ана шундай хайрли ва фазилатли танловлар ўтаётган юртимизга яхшиликлар уруғи ёғилиб, кунларимиз бундан-да нурафшон бўлажак, иншооллоҳ.

«Халқ сўзи» мухбири

Дилшод КАРИМОВ ёзиб олди.

Манба: http://xs.uz

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Мадина – Расулимиз яшаган ва дафн этилган шаҳар

06.02.2024   2806   2 min.
Мадина – Расулимиз яшаган ва дафн этилган шаҳар

Мадинаи Мунаввара – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилган, Қуръони каримнинг бир қанча оятлари нозил бўлган, саҳобалар юрган, Пайғамбаримизнинг муборак таналарини ўз бағрига олган, улуғ саҳобаи киромлар дафн этилган, Маккадан кейинги энг фазилатли шаҳар.

Мадина – Аллоҳ таоло мадҳ этган шаҳар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Албатта, Аллоҳ таоло Мадинани Тоба деб номлаган”.

“Тоба” – “покиза”, “озода”, “хушрўй” каби маъноларни англатади.

Мадина – йўллари фаришталарга тўла, унинг эшикларини фаришталар қўриқлайдиган шаҳар.

Шу сабаб, бу муборак нурли шаҳарга вабо ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мадинанинг йўлларида фаришталар бор. Унга ўлат ҳам, Дажжол ҳам кира олмайди”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дейдилар: “Мадинага Масиҳ Дажжолнинг қўрқинчи кирмайди. Ўша кунда унинг етти эшиги бўлиб, ҳар эшикда иккитадан фаришта туради” (Имом Бухорий ривояти).

Мадина – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрган, унга ошиққан шаҳар. Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон сафардан келиб, Мадинага назарлари тушса, уловларини тезлатар ва агар бирор уловда бўлсалар, унга муҳаббатларидан ҳалиги уловни қистар эдилар” (Имом Бухорий, Имом Термизий ривояти).

Мадина – Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ҳаққига кўп дуолар қилган шаҳар. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳим! Мадинада Маккага берган баракангдан икки ҳисса кўп қилгин, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу муборак шаҳарнинг ҳаққига яна бундай дуо қилганлар: “Аллоҳим! Бизга худди Маккага бўлган муҳаббатимиз каби ёки ундан ҳам кучлироқ қилиб Мадинани севимли қилгин” (Имом Бухорий ривояти).

Бундан ташқари Мадинаи шарифда Набий алайҳиссаломнинг масжидлари, муборак Бақиъ қабристони, Ислом тарихида илк қурилган Қубо масжиди, Қиблатайн масжиди, Уҳуд тоғи кабилар ҳам бор.

 Даврон НУРМУҲАММАД