Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Август, 2025   |   21 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:04
Қуёш
05:32
Пешин
12:33
Аср
17:20
Шом
19:26
Хуфтон
20:47
Bismillah
15 Август, 2025, 21 Сафар, 1447

Тик туриб сув ичишнинг ҳукми

15.02.2024   1115   2 min.
Тик туриб сув ичишнинг ҳукми

Cавол: Тик туриб сув ичиш ҳақида турли гаплар юради. Айримлар мумкин деса, яна бошқалар мумкин эмас, дейишади. Шу ҳақида маълумот берсангиз.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Ҳадиси шарифларга мурожаат қилинадиган бўлса, ҳар икки ҳолатга ҳам далиллар бўлгани учун турли гаплар айтилган бўлиши табиий. Аллоҳ таоло уламоларимиздан рози бўлсин, улар бизга омонат сифатида ҳар икки маънога далил бўлувчи ҳадисларни ҳам етказиб беришган. Уларнинг айримларида тик туриб сув ичишдан қайтарилган бўлса, бошқа ҳадисларда уни жоиз дейилган.

Уламоларимиз мазкур ҳадисларни тўплаб, хулосасини айтишган. Жумладан “Раддул муҳтор” китобида қуйидагилар келган: “Билгинки, Имом Бухорий ва Муслим китобларида ушбу ҳадислар келган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сиздан бирортангиз тик туриб (ичимлик) ичмасин. Ким унутиб (ичиб қўйса), қайд қилиб юборсин”, деганлар.

Бошқа ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб замзамдан ичдилар”, дейилган.

Бухорий ривоят қилган яна бир ҳадисда Али розияллоҳу анҳу таҳорат қилиб бўлгач, таҳоратдан ортган сувдан тик турган ҳолда ичдиларда, кейин Албатта, одамлар тик туриб ичишни макруҳ кўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам худди мен қилганимдек қилганлар”, деди.

Ибн Можа ва Термизий Кабша Ансориядан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кирдилар. Унинг уйида меш осилган эди. У зот мешдан тик туриб сув ичдилар. Кабша Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизлари теккан жойнинг баракасидан умид қилиб, мешнинг оғзини кесиб олди”.

Шунинг учун уламолар бу ҳадисларни жамлашда ихтилоф қилишган. Баъзи олимлар “сўз билан қайтаришлик амалда қилинган ишни насх (бекор) қилади” дейишса, бошқалари бунинг аксини айтадилар. Яна бошқалар эса ҳадисдаги қайтариқ танзиҳий (енгил) маънода келган ва ичиб кўрсатишлари эса бу ишнинг жоиз эканини баён қилиш учун бўлган дейишади. Имом Нававий мана шу фикрни маъқуллаган. Аллома Таҳовий имом Шаъбий раҳимаҳуллоҳнинг “Тик туриб сув ичишнинг макруҳлиги саломатликка зарарли бўлгани учундир”, деганларини нақл қилган.

Ана шуларга кўра тик туриб сув ичиш жоиз бўлсада, макруҳи танзиҳий (енгил макруҳ) бўлади. Бундай қилган одам гуноҳкор бўлмайди, аммо ўтириб ичиш учун савоб олади ва бир вақтнинг ўзида танасини зарарлардан ҳам асраган бўлади. Валлоҳу аълам. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Кимки бу салавотни 41 марта ўқиса: Салоти нория

15.08.2025   663   2 min.
Кимки бу салавотни 41 марта ўқиса: Салоти нория

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

اللّهُمَّ صَل صَلَوةً كَامِلَةً وَ سَلَّمْ سَلَاماً تَامَّا عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّد الَّذِى تَنْحَل بِهِ الْعُقَدُ وَ تَنْفَرِجُ بِهِ الْكُرَبُ وَ تُقْضَى بِهِ الْحَوَائِجُ وَ تُنَالُ بِهِ الرَّغَائِبُ وَ حُسْنُ الْخَوَاتِمِ وَ يُسْتَسْقَى الْغَمَامُ بِوَجْهِهِ الْكَرِيمِ وَ عَلى آلِهِ وَصَحْبِهِ فِي كُلِّ لَمْحَةٍ وَ نَفَسٍ بِعَدَدِ كُلِّ مَعْلُومٍ لَكَ.

Аллоҳумма солли солатан камилатан, васаллим саламан тамман ъала саййидина Муҳаммадиниллазий танҳаллу биҳил ъуқоду ва танфарижу биҳил куробу ва туқзо биҳил ҳаваижу ва туналу биҳир-роғоибу ва ҳуснул-хавотими ва йустасқол-ғамому би-важҳиҳил карийми, ва ъала алиҳи ва соҳбиҳи фи кулли ламҳатин ва нафасин би ъадади кулли маълумин лак.

Маъноси: Аллоҳим, ҳазрати Муҳаммадга ва ул зотнинг оилалари (аҳли)га ҳар нафас ва ҳар лаҳзада Ўзингга маълум бўлган саноқлар миқдорича комил салавот ва мукаммал салом юборгин, чунки ул зотнинг воситасида (ҳар қандай) тугунлар ечилади, қийинчиликлар кетади, машаққатлар бартараф бўлади, ҳожатлар раво бўлади, орзуларга ва яхши-гўзал оқибатларга эришилади ҳамда ул зотнинг гўзал-карамли юзлари ҳурматидан ёмғирлар сўралади. («Ал-адъийатул-воридату фил-аятил каримати вал аҳодисиш шарифах», 64-с).

Бу салавотни ҳар бир намоз ортидан ўн бир марта ўқилади. Бирор ҳожат ёки мушкулотнинг ҳал бўлиши учун аввал 114 марта Фотиҳа сураси ўқилиб, кейин бу салавот мукаммал 4444 (тўрт минг тўрт юз қирқ тўрт) марта ўқилса, ортидан Анфол сурасининг 60-64-оятлари тиловат қилинса, муродга эришилиши тажрибаларда синалган. Ушбу салавот «Ас-сиятул комила» ёки тез ижобат бўлгани учун «Ан-нория» деб номланган.

Бир ривоятга кўра, Саййид Аҳмад ат-Тозийга нисбатан «Ат-Тозия» ёки «Ат-Тафрижийя» деб ҳам аталади.

Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Кимки бу салавотни ҳар куни қирқ бир марта ёки юз марта ёки ундан зиёда ўқиса, Аллоҳ таоло унинг ғам-ташвишларини аритади ва қийинчиликларини кетказади, ишларини енгиллаштиради, қалбини нурга тўлдиради, мартабасини кўтаради, ҳолатини чиройли қилади, ризқини кенг қилади, унга яхшилик эшикларини очиб қўяди, сўзини ўтадиган қилиб қўяди, замоннинг турли ҳодисаларидан ва оч-фақирлик фалокатларидан омонда сақлайди ва бундан бошқа фазилатлар билан сийлайди.

 

Энг гўзал салавотлар рисоласидан