«Агар аҳли китоблар имон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларнинг гуноҳларини кечирган ва (жаннатдаги) сўлим боғларга киритган бўлур эдик» (Моида сураси, 65-оят).
«Яна мени (охиратда) неъматлар боғининг ворисларидан қилгин!» (Шуаро сураси, 85-оят).
«Имон келтирган ва эзгу ишларни қилганларни эса, имонлари сабабли Парвардигорлари ҳидоят қилур, неъмати мўл жаннат (боғ)ларда остиларидан анҳорлар оқиб тургай» (Юнус сураси, 9-оят)
«Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат, ризолик ва улар учун неъматлари доимий (бўлмиш) жаннат (боғ)лари тўғрисида хушхабар берур» (Тавба сураси, 21-оят).
«Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшаладиган жаннат (боғ)ларидаги ёқимли масканларни ваъда қилди. Аллоҳнинг ризоси эса, (ҳаммасидан) буюкроқдир. Ана шу(лар) улкан ютуқдир» (Тавба сураси, 72-оят).
«(У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар» (Раъд сураси, 23-оят).
«Улар остидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатларга кирурлар. Улар учун у ерда хоҳлаган нарсалари бордир. Тақводорларни Аллоҳ мана шундай мукофотлагай» (Наҳл сураси, 31-оят).
«Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур» (Каҳф сураси, 107-оят).
«Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун қилган амаллари сабабли жаннат масканлари манзил бўлур» (Сажда сураси, 19-оят).
«Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади» (Юнус сураси, 25-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД
тўплади
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Авратга қараш ҳам зинонинг бир туридир. Эркакнинг, аёлнинг авратига қарайдиган кимсаларга қандай жазо берилиши қуйидаги оятларда айтилган:
«(Мўминлар) Аллоҳдан бошқа ҳеч қандай илоҳга ибодат қилмайдилар; Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирмайдилар; зино қилмайдилар. Ким бу ишларни қилса, уқубатга дучор бўлади. Қиёмат куни уларнинг азоби бир неча баробар кўпайтирилади, улар у ерда хор бўлиб, абадий қолади. Ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, Аллоҳ ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштиради. Аллоҳ мағфиратли, раҳмли Зотдир» (Фурқон сураси, 68-70-оятлар).
Мана шу оятга кўра, ким кўзи билан зино қилса-ю, тавба қилмаса, Қиёматда уқубатга дучор бўлади. Уқубат жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, у ерда зинокорлар азобланади. Кимки зинокорлар водийсига тушадиган бўлса, унинг учун азоб кўпроқ бўлади, у ерда хор бўлиб, абадий қолиб кетади.
Заҳарли ўқдан сақланинг!
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси қудсийда бундай деганлар: «(Номаҳрамга) қараш иблиснинг заҳарли ўқларидан биридир. Ким бу ишни Мендан қўрқиб тарк қилса, бунинг ўрнига қалбига ҳаловат бераман» (Имом Ҳоким ривояти).
Оддий ўқ билан заҳарланган ўқнинг фарқи
Оддий ўқ баъзан тегса ҳам, инсонни ўлдирмайди, фақат теккан жойигагина зарар етказади. Заҳарли ўқ эса салгина силаб ўтса ҳам, заҳари бутун танага тарқаб кетади. Тезда чораси кўрилмаса, одамни ўлдиради. Бундай ўқ текканда заҳар бутун танага тарқаб кетмагунича унинг таъсири сезилмай туради.
Бировнинг авратига қараш ҳам ўша аврат эгасига зарар берадиган заҳарли ўқдир. Бундай ўқ инсонга тегса, у билан бирга бутун танага тарқаб кетадиган кучли заҳар ҳам санчилади. Натижада инсоннинг руҳий ҳолати остин-устин бўлади, ибодатларига, дарсларига салбий таъсир қилади, оилавий алоқаларини бузиб, барбод қилади. Заҳар (назар) қанчалик оддий бўлмасин, барибир танага тарқаб, таъсири узоқ вақтдан кейин бўлса ҳам юзага чиқади. Демак, мактабда ҳам дугонасининг авратига қараш – заҳарли ўқдир. Хонанда ва раққосаларнинг авратларига қараш – заҳарли ўқдир. Барча ҳаром нарсаларга қараш ҳаромдир. Бу заҳарли ўқларнинг таъсири бошида сезилмайди. Ҳаром нарсага қараб, йўлингизда давом этиб кетаверасиз, лекин бу қарашлар намозингизга, Қуръон ёд олишингизга, ўқишингизга ва оилавий муносабатларингизга сингиб, сиз сезмаган ҳолда буларнинг барчасини барбод қилади. Демак, кўзни ҳаромдан тийиш инсоннинг қалбига, танасига заҳар етиб боришидан асрайди.
Бир қиз айтади:
«Бўш вақтларимда роса сериал, кино кўрардим. Табиийки, ҳаммасида ҳаром нарсала (очиқ-сочиқ таналар, беҳаё саҳналар, уят сўзлар) бор эди. Ҳаромга қараш заҳарли ўқлигини, ким бу ишини Аллоҳдан қўрққани учун тарк этса, Аллоҳ унинг қалбига саодат ато этиишини билгунимча шундай юраверганман. Билганимдан кейин эса телефонга, интернетга билан қарайдиган бўла бошладим. Нималарни кўраётганимга, улар ҳаётимга қандай таъсир қилаётганига эътибор бера бошлаган эдим, ажойиб ҳолат бўлди. Ҳар гал беҳаё нарсаларни кўрганимда қалбимда қандайдир оғриқни ҳис қилардим – худди менга заҳарли ўқ теккандек бўларди. Кўзимни тийиб, ҳаромдан сақлана бошлаганимда эса бутунлай бошқа ҳолат бўлди. Бу сафар қалбим сурурга, хотиржамликка тўлди. Шундан кейин телевизор пульти мен учун фақат телевизорни эмас, балки қалбимнинг ҳолатини ҳам назорат қиладиган восита бўлиб қолди: беҳаёликни, бузуқликни кўрсатадиган каналларга олсам, қалбимда қайғу ва тушкунлик эшигини очган бўламан; лекин бошқа каналга олиб, ҳаромдан сақлансам, қалбимда бахт-саодат эшигини очган бўламан. Кўзимни ҳаромдан сақлаганим сари ҳаётим гўзаллашиб бораверди. Авваллари бирор куним кино ва сериалларсиз ўтмайдигандек эди, энди эса уларсиз мутлақо бахтли, покиза яшаяпман».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.