«Агар аҳли китоблар имон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, албатта, уларнинг гуноҳларини кечирган ва (жаннатдаги) сўлим боғларга киритган бўлур эдик» (Моида сураси, 65-оят).
«Яна мени (охиратда) неъматлар боғининг ворисларидан қилгин!» (Шуаро сураси, 85-оят).
«Имон келтирган ва эзгу ишларни қилганларни эса, имонлари сабабли Парвардигорлари ҳидоят қилур, неъмати мўл жаннат (боғ)ларда остиларидан анҳорлар оқиб тургай» (Юнус сураси, 9-оят)
«Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан раҳмат, ризолик ва улар учун неъматлари доимий (бўлмиш) жаннат (боғ)лари тўғрисида хушхабар берур» (Тавба сураси, 21-оят).
«Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остидан анҳорлар оқиб турадиган, мангу яшаладиган жаннат (боғ)ларидаги ёқимли масканларни ваъда қилди. Аллоҳнинг ризоси эса, (ҳаммасидан) буюкроқдир. Ана шу(лар) улкан ютуқдир» (Тавба сураси, 72-оят).
«(У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар» (Раъд сураси, 23-оят).
«Улар остидан анҳорлар оқиб турадиган мангу жаннатларга кирурлар. Улар учун у ерда хоҳлаган нарсалари бордир. Тақводорларни Аллоҳ мана шундай мукофотлагай» (Наҳл сураси, 31-оят).
«Албатта, имон келтирган ва эзгу ишларни қилган зотлар учун Фирдавс боғлари манзил бўлур» (Каҳф сураси, 107-оят).
«Имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар учун қилган амаллари сабабли жаннат масканлари манзил бўлур» (Сажда сураси, 19-оят).
«Аллоҳ (одамларни) тинчлик диёри (жаннат)га чорлайди ва хоҳлаган кишини тўғри йўлга ҳидоят этади» (Юнус сураси, 25-оят).
Даврон НУРМУҲАММАД
тўплади
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Албаниянинг Тирана шаҳрида ўтказилаётган Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси (ISSA)нинг 13-Бош ассамблеясида миллий спортимиз кураш 2025 йили Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ташкил этиладиган Ислом бирдамлик ўйинлари дастурига киритилгани эътироф этилди.
Дунёнинг кўплаб давлатларидан делегатлар, спорт ташкилотларининг мутасаддилари, халқаро спорт федерацияларининг раҳбарлари қатнашиб, Ислом бирдамлик ўйинлари тизимидаги спорт турлари, техник-тактик жиҳатлар, мусобақалар тақвими кўриб чиқилди, муҳокама қилинди.
Ассамблеяда делегатларнинг таклифи ва қўллаб-қувватлаши натижасида ўзбек спорти - кураш Ислом бирдамлик ўйинлари тизимидан жой олгани эълон қилинди.
Ассамблея йиғилиши доирасидаги тадбирларда Халқаро кураш ассоциацияси раҳбарияти ISSA мутасаддилари билан курашни халқаро майдонда ривожлантириш, унинг оммавийлигини таъминлаш борасида фикрлашилди.
Муҳокамалар жараёнида IKA ва ISSA техник вакиллари кураш мусобақаларига тегишли масалалар, хусусан вазн тоифалари, ҳакамлик, қуръа ташлаш, трансляция, жиҳозлар, инвентарлар ва бошқа техник тафсилотлар борасида ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказиш лозимлигини таъкидлади. Келишувларга эришилди.
Ота-боболаримиздан мерос курашнинг спорт тури сифатида халқаро майдонда оммалашаётгани, қамрови йилдан йилга кенгаяётгани барчамизга чексиз ифтихор бағишлаши шубҳасиз. Ислом бирдамлик ўйинлари тизимидаги расмий спорт турларидан бири бўлгани эса Олимпиада сари ташланган муҳим қадам, дейиш мумкин.