Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифини Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошлади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Зиёрат давомида Давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамроҳлик қилди. Мақбарада қуръон тиловат қилинган.
Давлат раҳбари Бухоро вилоятида муқаддас қадамжолар кўплиги, уларни зиёрат қилиш юртдошларимиз учун ҳам қарз, ҳам улкан саодат эканини таъкидлаб, ёш авлодни аждодларимизнинг маънавий мероси асосида тарбиялаш ҳақида сўз юритганлар.
Шу ерда Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллуд саналарини нишонлаш, “Етти пир” номи билан машҳур қадамжоларни ободонлаштириш лойиҳалари ҳақида маълумот берилган.
Шавкат Мирзиёев режалаштирилган қурилиш ишлари мазмунан чуқур ўйланмаганини танқид қилиб, алломаларимиз юбилей саналарини уларга муносиб тарзда, дунё олимларини жалб қилган ҳолда юксак савияда нишонлаш зарурлигини таъкидлаган.
“Етти пир” мақбараларини обод қилиш, уларни бир йўл билан боғлаш лойиҳаларини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар бериб ўтганлар
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Котибият масъул ходими Муҳаммадамин қори Холиқовнинг падари бузруквори вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Муҳаммадамин қори Холиқовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси