Аллоҳ таоло инсонни азиз ва мукаррам қилиб яратиб, жамики мавжудоту табиатни унинг истироҳати учун яратди ва неъматларни бани Одамнинг амалларига муносиб тарзда бериб қўйди. Бунинг ҳикмати – инсон ана шу неъматларнинг нима учун сероб бўлиши ва нима учун ва кам бўлишига ибрат кўзи билан боқсин.
Яна Раббимизнинг ҳикматларидан бири – мулк учун масъул бўлган кишига ғайритабиий илҳом ҳам ато қиладики, унинг сирини тафаккур қилган кишилар билади.
Ўтган йилнинг 1 сентябрида бу йилги қишнинг қандай келишини ким билар эди? Бу қиш кўп оғир келди: Яқин Шарқ ва Африка давлатларининг аксарида қурғоқчилик ҳукм сураяпти. Ҳар доим серёғин бўладиган минтақаларда эса ҳар йилгидан кўпроқ қор ёғаяпти.
Хуллас, ўша куни “Ҳазрати Имом” мажмуасига ташриф буюрган президентимиз дабдурустдан Қуръон мусобақасини ўтказиш тўғрисида таклиф айтиб қолди. Буни эшитган кекса-ю ёшнинг қалби севинчга тўлди. Аммо бу хурсандчиликнинг бошланиши эканини энди-энди англаяпмиз.
Давлатимиз раҳбарининг бу ташаббусидан руҳланган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, хусусан, муфтий ҳазратлари мусобақани тез кунларда ўтказиш бўйича йўл-йўриқлар кўрсатиб масъул шахсларни тайин қилдилар. Шу билан қишнинг чилласида Ўзбекистон Қуръон мусобақаси бошланиб кетди.
Буни кўрган баъзи юртдошларимиз шундай ажойиб мусобақа баҳорда ёки ёзда ўтказилганда янада яхши бўларди-да, дейишди. Ўзимизга ҳам совуқ ўтиб кетган кезларда, аёзда дилдираб ўтирган отахону онахонларни, ёшларимизни кўрганда, тўғриси, ўзимиз ҳам иссиқ кунларда бўлган зўр бўлар экан-да, деган хаёлга бордик.
Аммо, азизлар, совуқ ўз йўлига-ку, қорни соғиниб кўзимиз нигорон бўлди. Юртимизга қурғоқчилик таҳдид сола бошлади. Йиғинларда, масжидларда, матбуот саҳифаларида Раббимиздан қор сўраб илтижолар қилдик.
Биз ўзимиз билиб-билмай юраверибмиз, қайси ҳудудда Қуръон мусобақаси ўтган бўлса, ўша ерга қор ёғибди. Мусобақа Сурхондарёда бўлганда Сурхон қорга бурканди; Қашқадарёда бўлганда Қашқа воҳасига қор берди; Тошкент шаҳрида бўлганда эса Осмон эшиклари очилди ва пойтахтимиздан бошлаб ҳамма ёқ оппоқ қорга бурканди.
Ана Қуръон мусобақасининг шарофати. Бу мусобақа муқаррар қурғоқчиликнинг олдини олмоқда.
Ана дастлаб юртбошимизнинг, кейин муфтий ҳазратларининг қалбига солинган илҳомнинг ҳикмати!..
ЎМИ Матбуот хизмати
Шу йил, 12 май куни Наманган вилояти бош имом-хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икромов бошчиликларида вилоят вакиллиги ходимлари, туманлар бош имом-хатиблари ҳамда "Ҳаж – 2024" зиёратчиларидан иборат тузилган ишчи гуруҳи аъзолари учун Наманган вилояти Янги Наманган туманидаги “Имом Бухорий“ жоме масжидида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ишчи гуруҳ аъзолари ҳамда маҳаллаларда маънавият тарғиботчиси бўлган ҳожилар билан Янги Наманган туманида амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилиниб, тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Ишчи гуруҳ фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланди:
биринчи йўналиш – имом-хатибнинг “Ҳаж-2024” зиёратчиларини маънавий-маърифий тадбирларга фаол жалб этиш;
иккинчи йўналиш – имом-хатибнинг масжидни бошқариш фаолиятини яқиндан ўрганиш, маслаҳат ва кўмак бериш;
учинчи йўналиш – имом-хатиб учун намуна тарзида пешин намози вақтида масжидга келганларга долзарб мавзуда маъруза қилиб бериш.
Ишчи гуруҳ аъзолари юқоридаги йўналишлар бўйича Янги Наманган туманида фаолият олиб борди.
Шунингдек Ишчи гуруҳ аъзолари Янги Наманган тумани масжидлари ҳудудидаги маҳалланинг бир неча хонадонларига кириб, у ерда яшаётганлардан ҳол-аҳвол сўралди. Хонадондаги ёшларни таълим тарбияси билан танишилди, уларнинг муаммолари ўрганилди, таклиф фикр, мулоҳазалари тингланди ва маҳаллаларда намунавий бўлган оилаларга кириб кексалардан юртимиз ҳаққига дуои ҳайрлар олинди.
Имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган Ишчи гуруҳ фаолияти вилоятнинг бошқа туманларида ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Наманган вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати