Бугун “Ҳазрати Имом” жоме масжидида Олмазор тумани қориларининг қироатини тингладик. Ёш-ёш йигитлар, юзидан нур ёғилади. Бир қироат қилдиларки, кўнгиллар яйради. Уларни кўрган ҳар киши борки, фарзандларининг ҳам улардек хушовоз қорилар бўлишни орзу қилади. Қандай ажойиб ўғлонлар!..
Пешин намозига турганимизда, адашмасам, зийнат қори Муҳаммад Лойиқ Аминов азон чақирди. Муаззиннинг ушбу азондаги оҳанги шу вақтга қадар эшитган азонларимиз оҳангига унчалик ўхшамас эди. Лекин жуда ҳам гўзал. Шунақа услуб ҳам бор экан-да, деб қойил бўлдик.
Азоннинг киши табиатига кучли таъсир кўрсатишини барча бирдек эътироф қилади. Чунки у эриниб ўтирган кишини ғайратга ундайди, маст уйқуда ётган одамни уйғотади, намозига беэътибор кимсаларни хижолат қилади, даҳрийларнинг бошига тўқмоқдек тегади ва яна биз билмаган фазилатлар жуда ҳам кўп унинг.
Ана шу жиҳатларидан келиб чиқиб, мўмин-мусулмонларнинг ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган азоннинг тарихига бир кўз югуртириб чиқсак фойдадан холи бўлмайди, деган умиддамиз. Албатта. азоннинг тарихи обдон ўрганилса катта китоб ҳам бўлади. Аммо биз иймонлашиш ниятида билганимизча сўз юритишни ният қилдик.
Намозга қандай чақириш маслаҳати
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилиб Мадинага келганларида шаҳар аҳолиси у зотни катта хурсандчилик билан кутиб олди. Маккалик муҳожирлар ва мадиналик ансор Аллоҳ ризолиги йўлида дўсту биродар бўлди. Ансорлар муҳожирлардан молини ҳам, жонини ҳам аямади, қўлидан нима яхшилик келса ҳаммасини қилди. Маккада мушрикларнинг қаттиқ зулмидан эзилган муҳожирлар ана шу ерга келганидан кейин кун кўргандек бўлдилар.
Шу тариқа, бу муаззам шаҳарда Ислом дини кенг ёйилди. Мусулмонларнинг боши узра соя солиб турган хатарлар ортда қола бошлагач, уларга намоз, закот, рўза фарз қилинди, ҳад (жазо тури) жорий қилинди, ҳалол ва ҳаромнинг чегаралари белгилаб берилди.
Дастлабки кезларда мусулмонлар намозга ҳеч қандай чақириқсиз тўпланиб келаверарди. Аммо бунда баъзилар намозга кечикиб қолмаслик учун вақтли келиб жуда кўп вақт сарфласа, баъзилар кечикиб қолар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийлар ибодатларига чақирадигандек карнай чалдирмоқчи бўлдилар, сўнг бу фикрдан қайтдилар, сўнгра мусулмонларни чақириш учун занг чалмоқчи бўлдилар.
Умар розияллоҳу анҳу ва Абдуллоҳ ибн Зайднинг туш кўргани
Ибн Ҳишомдан Атога ибн Журайж бундай дегани ривоят қилинади: «Убайд ибн Умайр ал-Лайсийдан шундай деганини эшитдим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар намозга занг чалиб чақиришга иттифоқ қилдилар. Шунга мувофиқ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу занг учун иккита ёғоч сотиб олмоқчи бўлиб юрган кунларда бир кеча тушида намозга азон айтиш кераклиги ишора қилинади. Сўнг кўрган тушини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтмоқчи бўлиб борганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келиб бўлган ва Билол розияллоҳу анҳу азон айтаётган эди. Умар туши ҳақида хабар бергач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Ваҳий сендан илгарилаб кетди (олдин келди)», дедилар.
Ўша кунларнинг бирида Абдуллоҳ ибн Зайд ибн Саълаба ибн Абду Раббиҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бу кеча тушимда олдимдан эгнига яшил кийим кийган, қўлида занг тутган бир киши ўтди. Мен ундан: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Бу зангни сотмайсанми?» деб сўрадим. У: «Буни нима қиласан?» деди. Мен: «Бу билан намозга чақирамиз», дедим. У: «Сенга бундан ҳам яхшироқ нарсани ўргатайми?» деди. Мен: «У нима экан?» дедим. У: «Сен бундай дегин: Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ! Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ! Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ! Ашҳаду анна Муҳаммадар Расулуллоҳ! Ҳайя ала-с-солаҳ! Ҳайя ала-с-солаҳ! Ҳайя ала-л-фалаҳ! Ҳайя ала-л-фалаҳ! Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳ! деб ўргатди», деди.
Азонни биринчи бўлиб Билол розияллоҳу анҳу чақирган
Абдуллоҳ ибн Зайд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб бергач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хоҳласа, бу рост туш. Боргин-да, уни Билолга ўргат ва у азон айтсин. Чунки унинг овози сеникидан баландроқ», дедилар. Билол азон айтгач, уйида ўтирган Умар буни эшитди ва дарҳол тўнини судраганча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Эй Аллоҳниг Пайғамбари! Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, худди шу нарсани мен ҳам тушимда кўрдим», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга ҳамд бўлсин!» дедилар.
Муаззинларнинг даражаси
Муаззинларнинг мартабаси қанчалик бўлиши ҳақида кўп ҳадислар ривоят қилинган. Аммо гапимиз чўзилиб кетмаслиги учун Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадис билан кифояланамиз. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни муаззинлар энг бўйи узун кишилар бўлади (яъни даражалари баланд кишилар бўлишади)», дедилар” (Имом Муслим ривояти).
Муаззиннинг қанчалик маҳорат ила ёқимли овозда азон чақириши инсонларнинг кайфиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатади. Чиройли чақирилган азон одамларни қанчалик хурсанд қилса, ўрнига келтирмасдан азон чақирган киши уларни ранжитади.
Мўътабар манбаларнинг бирида ўқиган эдим. Бир замонлар қайсидир қишлоқда бир муаззин бўлган экан. У шунчалар бемаза овозда азон чақирар эканки, одамлар қанийди азонни шу одам чақирмаса деб орзу қилар экан. Қишлоқнинг донишманди унинг азон чақиришидан қутулишнинг чорасини топибди. У айтган фикрга барча рози бўлибди. Муаззинга агар бошқа қишлоққа кўчиб кетсанг, сенга бутун қишлоқ халқи бир динордан берамиз, дейишибди. У таклифга жон деб рози бўлибди. Уйини сотиб қишлоқ аҳолиси йиғиб берган пулни чўнтакка жойлаб бошқа қишлоққа кўчиб кетибди. У одам кўчиб борган қишлоғида ҳам азон чақирибди. Кейин орадан уч-тўрт кун ўтиб қишлоғига келиб ўша донишмандга учраб: “У қишлоқнинг одамлари агар бошқа жойга кўчиб кетсанг, икки динордан йиғиб берамиз, деяпти, нима қилсам экан?” деб маслаҳат сўрабди. Донишманд унга: “Кўнма, улар икки баробардан ҳам кўп беради”, дебди.
Ҳазрат Навоий ҳам “Маҳбуб ул-қулуб” асарида хушовоз муаззинларни ва уларнинг акси бўлган азончиларни қуйидагича таърифлаган:
“Муқрийлар зикрида
Муаззинеки, ҳақ ибодатиға нидо қилғай, жон анга фидо, агар яхши васт бирла адо қилғай. Агар поклик ва ниёз бу ишга мулҳақдур, ому хос кўнглига мақбули мутлақдур. Бу нидо ёмонларни фисқ кунжидин масжид сори бошқарур андоқки, фусунгар йилонни тарона била тешукдин чиқарур. Агар муқрий лаванддур, бад овози кулғудидур, лаҳни носоз, бадани вузуъ қайдидин нопок ва хуш вақт риоятидин бебок. Руҳи тоат завқидин бехабар ва уни савт ул-ҳамирдин анкар. Манъ ва наҳй туфроғин оғзиға урмоқ авло, балки тоқ минордан учурмоқ авло.
Рубоий:
Муқрийки, эрур покрў ва зоҳидваш,
Алхони хуш ва ҳусни адоси дилкаш.
Жон анга фидоки, руҳ этар андин ғаш,
Агар бўлса мунинг акси нафас урмаса хаш”.
Азоннинг чақирилиши дақиқалар орасида ҳам узилмайди
Бирлашган Араб Амирликлари олимлари Ер шарида бир кеча-кундузда бир дақиқа ҳам азон овози тинмай янграшини илмий асосда исботлашди. Математик олим Ал-Фадил бундай дейди: "Сайёрамиз 360 вақтлик меридианга эга. Бир меридиандан иккинчи меридиан вақти 4 дақиқа фарқ қилади. азон айтилиши қоидасига кўра, тўғри айтилган азон учун ҳам 4 дақиқа вақт сарфланади. Шунга кўра, бир меридианда азон айтиб тугатилиши билан кейинги меридианда азон айтиш бошланади. Шу тариқа азон Ер юзида 1440 дақиқа ёки 24 соат айтилиши давом этади.
Таклиф
Яратганга шукр юртимизда Қуръон мусобақаси чиройли тарзда ўтяпти. Ушбу мусобақа якунига етганидан сўнг муаззинлар мусобақаси ўтказилса бўлмасмикан. Сиз нима дейсиз?
Дамин ЖУМАҚУЛ
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бугунги кунда кўплаб мусулмон юртларида жамият ичида тафриқа ва фитналар келиб чиқишига сабаб бўлаётган жиддий муаммолардан бири – такфир, яъни мусулмонларни “кофир” деб фатво чиқаришнинг кўпайганлигидир. Бу масала кейин пайдо бўлган масалалардан ҳисобланади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилгани ҳеч кимга маълум эмас. Бу мавзу жуда нозик ва ўта хатарли масала бўлиб, мавзуни яхши англаш учун аввало куфрнинг маъноси ва таърифини тушуниб олиш лозим.
Куфр тушунчаси ва унинг таърифи
“Куфр” имоннинг зидди бўлиб, у луғатда “беркитиш” ва “ёпиш” маъносини англатади. Ибн Форис шундай дейди: “Куфр – иймоннинг зиддидир. У ҳақиқатни ёпиш ва беркитиш маъносида ишлатилади”. (Мaқoйис aл-луға, 5/191). Уламолар куфрни таърифлашда турли ибораларни айтиб ўтганлар, жумладан Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Куфр – Аллоҳнинг Роб эканлигини инкор қилиш, Қуръонда нубуввати тасдиқланган бирор пайғамбарнинг пайғамбарлигини инкор қилиш ёки Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган, бутун умматнинг иттифоқи билан саҳиҳ экани маълум бўлган нарсани инкор қилишдир. Шунингдек, бирор амални бажариш куфр экани далиллар билан тасдиқланган бўлса, шу амални бажариш ҳам куфр ҳисобланади” (Ал-Фасл фил-милал вал-аҳво ван-ниҳал, 3/118).
“Ал-Мавсуатул-Фиқҳия”да шундай дейилган: "Шариатда куфр – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг динидан экани аниқ ва зарурий равишда маълум бўлган нарсани инкор этишдир. Масалан, Аллоҳнинг борлигини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарлигини ёки зинонинг ҳаромлигини инкор қилиш шу жумладандир" (Ал-Мавсуатул-Фиқҳия. 15/34)
Такфирнинг тарихий илдизлари
Энди бу масаланинг тарихига назар ташласак, мусулмонларни кофирга чиқаришга биринчи бўлиб журъат қилганлар “хаворижлар” фирқаси ҳисобланади. Улар “Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофирга айланади”, “Ёмон амал қилган мусулмон Исломдан чиқади”, деб ҳисоблаганлар. Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан “жаҳаннам итлари” деб номланган, мусулмонларни кофирга чиқариб, уларнинг қонини ҳалол санайдиган бу тоифа қаердан келиб чиққан? Бу борада Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Талхис ал-Хобир” асарларида қисқача тўхаталиб, шундай деганлар: Аслида хавориж сўзи “хуруж”, яъни “қарши чиқиш” сўзидан олинган бўлиб, улар Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанликлари учун шу ном билан аталган эдилар. Улар аввалига Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тарафида эдилар ва Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу билан бирга Жамал ва Сиффин жангларида иштирок этишган эди. Сиффин жангининг ниҳоясида шом аҳли мағлубият яқинлигини сезгач мусҳафларни найзаларга илиб, қарши томонни Аллоҳнинг китобини орада ҳакам қилишга чақиришни маслаҳат беришди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу аввалига бу фикрни унчалик маъқул кўрмадилар. Лекин У зотнинг сафдошлари орасида Аллоҳнинг китобини ҳакам қилишга рози бўлганлар кўпчилик эди. Натижада, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг мусулмонлар қонини тўкмаслик ҳақидаги истаклари устун келиб, ҳакамликка рози бўлдилар. Аммо хаворижлар кейинроқ бу қарорни инкор қилдилар ва: “Ҳакамликни қабул қилиб, хато қилибмиз! Энди хатони тузатишимиз керак! Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳукм йўқ! деб бақира бошладилар”. Улар Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва ҳакамликка рози бўлганларнинг барчасини кофир деб “фатво” чиқардилар ва фақат тавба қилиб, уларга қўшилганларни имонда қолган деб ҳисобладилар. Ҳаттоки бу гумроҳлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жаннат башоратини эшитган Ҳазрати Алидек зотга: “Сен ўзингни кофир деб тан ол, сўнгра тавба қил, ана шунда биз сенга итоат қиламиз”, дейишгача бордилар. Албатта, Али розияллоҳу анҳу бунга рози бўлмадилар. Шундан сўнг хаворижлар У зотга қарши чиқиб, уруш очдилар (Талхис ал-Хобир, 6/2709).
Бора-бора хаворижарнинг қиладиган иши мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа бўлмай қолди. Уларнинг бу ашаддий мавқифлари қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Энг ёмони, ақида бобида кераксиз ихтилофлар авж олди. Натижада ақида пойдевори дарз кетди. Фақат Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари жасорати ва улкан меҳнати эвазига бу дарз қайтадан тўғриланди.
Такфирнинг хатарлари
Бировни кофир дейиш осон иш эмас. Чунки бу ишнинг орқасидан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳам ўта хатарлидир. Бу ишнинг жуда нозик ва ўта хатарли эканини тушуниш учун қуйида Қуръон ва Суннат ҳамда уламоларимизнинг сўзларидан бир қанча далилларни келтириб ўтамиз. Аллоҳ таоло айтади:
يَأَيُّهَا الَّذِينَ ءَامَنُوا إِذَا ضَرَبْتُمْ فِي سَبِيلِ اللَّهِ فَتَبَيَّنُوا وَلَا تَقُولُوا لِمَنْ أَلْقَى إِلَيْكُمُ السَّلَامَ لَسْتَ مُؤْمِنًا
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси, 94-оят).
Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: “Бану Салим қабиласидан бир одам бир гуруҳ саҳобанинг олдидан қўйларини боқиб ўтиб қолди ва уларга салом берди. Саҳобалар: “Биздан қўрққанидан салом берди, бўлмаса, бермас эди”, дедилар-да, уни ўлдириб, қўйларини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳайдаб бордилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар”, оятини нозил қилди. (Тафсир Ибн Касир, 2/337). Аллоҳ таоло ушбу оятда мусулмонларни шошқалоқлик билан бировни имонсиз деб ҳукм қилишдан қайтармоқда, Зеро бировнинг қалбида имон бор йўқлигини фақат Аллоҳ таологина билади. Шунинг учун ҳар қандай шубҳа ёки тахмин асосида инсонни мўминликдан чиқариш, унга душманларча муносабатда бўлиш мутлақо нотўғри ва ҳаромдир.
Пайғамбаримиз сoллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам мусулмонни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ، أَنَّ النَّبِيَّ ﷺ قَالَ: «إِذَا كَفَّرَ الرَّجُلُ أَخَاهُ فَقَدْ بَاءَ بِها أَحَدُهُمَا.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Киши биродарини кофирга чиқарса, албатта, иккисидан бири куфрга дучор бўлади”, дедилар (Саҳиҳи Муслим, 123-ҳадис).
Яъни, ким, мўмин биродарини кофир дейиш мумкин, деган эътиқодда кофир деса, ўзи кофир бўлади. Чунки ҳалолни ҳаром деб билиш куфр бўлади. Бу ҳолатда кимнингдир иймонига, шаҳодатига ҳамла қилиб, уни кофирга чиқармоқда. Натижада унинг ўзи кофир бўлади. Иккинчи фикр шуки: Бировни “Эй кофир”, дейиш кишини куфрга олиб боради. Яъни бундай дейишда кофир бўлиб қолиш хавфи бор. Бу инсон бугун кофир бўлмаса-да, бора-бора бир кун диндан чиқиб қолади (Шарҳи Нававий 2/50).
Шундай экан, бировни кофир дейишдан олдин бу гап ўзига қайтиши мумкинлигини яхшилаб ўйлаб қўйиш керак бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганар:
عَنْ أَنَسِ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «ثَلَاثٌ مِنْ أَصْل الْإِيمَانِ: الْكَفُّ عَمَّنْ قَالَ لَا إِلَهَ إِلَّا الله ، وَلَا نُكَفِّرُهُ بذَنْبٍ، َلَا تُخْرِجُهُ مِنَ الْإِسْلَامِ بِعَمَل
Уч нарса иймоннинг аслидир: “Лаа илаҳа иллаллоҳу” деган кимсага тегмаслик; гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз; амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз” (Абу Довуд ривояти 2532-ҳадис). Яъни калимаи шаҳодатни айтиб, ўзининг мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. “Лаа илаҳа иллаллоҳу”ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, нари борса осий мўмин бўлади. Калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша тайин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида мана шу!
Такфирга шошилмаслик борасида уламоларнинг сўзлари
Аҳли сунна вал-жамоа уламолари мусулмонни куфрда айблаш масаласида ниҳоятда эҳтиёт бўлишга буюрганлар. Буюк муҳаддис ва фақиҳ Абу Жаъфар Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Ал-Ақида ат-Таҳовия асарида бундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз” (Ал-Ақида ат-Таҳовия). Бу эса шуни англатадики, агар бир мусулмон гуноҳга қўл ургани билан уни ҳалол деб билмаса, у ҳануз Ислом доирасида қолади. Зеро, гуноҳ бошқа, куфр бошқа.
Мулла Али Қорий раҳимаҳуллоҳ ҳам бу борада машҳур ҳанафий олими Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини келтирадилар: “Агар мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади” (Шарҳ аш-Шифа).
Бу сўзлар мусулмонни осонликча такфир қилиш нақадар катта хатарларга олиб боришини очиқ-ойдин кўрсатмоқда. Ислом шариатида кишининг имонидан чиқиши фақат аниқ ва қатъий далилларга таяниши лозим. Гумон ёки нотўғри талқин асосида бировни кофирга чиқариш жамиятни улкан фитна сари етаклайди. Шу боис, мўмин киши доимо ўз биродари ҳақида яхши гумонда бўлиши лозимдир.
Бугунги кунда такфир муаммоси
Юқоридаги далиллар ва тарихий мисоллар такфир масаласининг нақадар нозик ва хатарли эканини таъкидлайди. Афсусуки, бугунги кунда такфир масаласи яна долзарб муаммолардан бирига айланиб, баъзи гуруҳлар томонидан нотўғри талқин қилинмоқда. Айрим экстремистик ҳаракатлар ва радикал оқимлар мусулмонларни осонгина кофирликда айблаб, жамиятда бўлиниш ва фитнага сабаб бўляпти. Уларнинг тарғиботи натижасида ёшлар орасида мутаассиблик кучайиб, ўзини ҳақ, бошқаларни эса ботил деб биладиган кайфият шаклланмоқда. Бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири – илмсизлик, Қуръон ва Суннатни нотўғри тушунишдир. Кўпчилик мутаассиб кишилар исломий илмларни мустаҳкам ўрганмасдан, айрим шубҳали манбалар ёки нотўғри тарғиботлар таъсирида қолиб, нотўғри қарашлар гирдобига тушиб қолишмоқда.
Хулоса
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ислом ақида бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш бобида ҳам ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундай мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана шу асосли мезонга эга бўлиш учун эса исломий илмларнинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш керак. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик ҳамда ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина, ўнг ёки сўлга бурилиб, ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфининг олди олинган бўлади.
Сўзимиз сўнгида Роббимиздан сўраймизки: Эй Роббимиз, бизни дунё ва охиратда ҳидоят топган бандаларинг қаторига қўшгин! Бизни фитналардан узоқ, ҳақ йўлда собит қилинган ва Сенинг ризойинга эришган зотлардан қилгин. Амин!
Азимжон РИХСИБОЕВ,
Тошкент Ислом институти талабаси.