Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Тиланчилик хусусида шариат ҳукмини биласизми?

14.02.2018   6274   4 min.
Тиланчилик хусусида шариат ҳукмини биласизми?

Баъзан бозорларда, маҳаллаларда, кўп қаватли уйлар атрофида қўл-оёғи бутун, соғлиги жойида, тоғни урса, талқон қиладиган кишиларнинг тиланчилик қилиб юрганларини кўрамиз. Шундай қилишлари тўғрими? 

Тўрт мучаси соғлом бир кунлик егулиги бор кишининг тиланчилик қилишини динимиз қаттиқ қоралайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрама, агар қамчинг ерга тушиб кетса ҳам”, дейиш билан инсонлардан беҳожат бўлишга чақирганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Инсонлар наздида энг яхши инсон инсонлардан беҳожат бўлганидир ва инсонлар ғазабини келтирадиган инсон уларга муҳтож бўлган инсондир. Аллоҳ наздида энг яхши инсон Унга муҳтож бўлган кишидир. Аллоҳнинг ғазабини келтирадиган инсон бошқаларга муҳтож бўлиб, Яратгандан беҳожат кишидир”.

Инсонлардан беҳожат бўлиш учун тинмай меҳнат қилиш ва ҳалол ризқ қидириш керак.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“У (Аллоҳ) сизларга Ерни хоксор (бўйсунувчи) қилиб қўйган зотдир. Бас, у (Ер)нинг ҳар томонида (саёҳат, тижорат ёки деҳқончилик қилиб) юраверингиз ва (Аллоҳнинг берган) ризқидан тановул қилингиз! (Қиёмат куни) тирилиб чиқиш Унинг ҳузуригадир” (Мулк, 15).

Аллоҳ таоло ҳатто ҳайит, байрам кунлари ҳам меҳнат қилиш ва ризқ қидиришга буюрган:

“Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз! Аллоҳни кўп ёд этингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз” (Жума, 10).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир кишини пешона тери билан кун кечиришга ундаганлар ва ўзлари ҳам меҳнат қилишни яхши кўрганлар.

Ривоят қилинишича, кунларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалар билан ўтирганларида улардан бир киши ҳақида гап кетади: “У кундузлари рўза тутади ва кечалари зикр қилади”, дейишади ва бундан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурсанд бўлиб, унга ўхшашни буюрадилар, деб ўйлашади. Лекин Расулуллоҳ: “Сизлардан кимнинг озиқ-овқати ва кийим-кечаги етарли?”, деб сўрадилар. Улар: “Барчамизники”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлар ундан яхшисизлар”, дедилар. Буни эшитган саҳобалар меҳнат қилишга ва “арава”ларини ўзлари тортишга аҳд қилишди.

Мўмин киши тадбиркор бўлиши керак. Жамиятдаги ишсиз кишиларни иш билан таъминлаш ҳам улуғ савоб. Машойихлар айтганидек: “Хоҳлаб турган нарсангдан беҳожат бўл, унинг тенги бўласан. Хоҳлаган нарсангга муҳтож бўлсанг, унинг асири бўласан. Хоҳлаганингга яхшилик қил, амири бўласан”.

Бировга қарам, муте бўлишдан, одамлардан тама қилишдан сақланайлик.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу)нинг ҳаётларида бўлиб ўтган воқеани эслаш фойдадан холи эмас. Али (розияллоҳу анҳу) айтадилар: “Кунларнинг бирида оч қолиб, Мадина кўчаларига чиқиб иш қидирдим. Тупроқ йиғиб, челакда сув ташиб, хурмоларни суғораётган аёлга дуч келдим. Унга ўн олти челак сув ташиб бердим ва қўлларим қавариб кетди. Кафтимни ёзиб унга қавариқларни кўрсатдим. У менга ўн олтита хурмони санаб берди. Мен хурмоларни олиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келдим ва бўлиб ўтган ишни айтиб бердим. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) хурсанд бўлдилар ва мен билан хурмо едилар”.

Пайғамбарлар ҳам ризқларини меҳнат қилиб, пешона тери тўкиб топишган. Тарихдан маълум, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгорлик, Довуд (алайҳиссалом) темирчилик ва Идрис (алайҳиссалом) хаттотлик билан шуғулланганлар.

 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди 

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Видеолар

Глобал сиёсатдаги энг оғриқли масала – Яқин Шарқ муаммоси. Ўзбекистон Президентидан муҳим ташаббуслар

21.11.2024   3637   16 min.

Таҳлилнома

ВИДЕО