Ҳозирда бу сўзни кўпчилик жоҳиллик белгиси сифатида қабул қилади ва “билмайман” дейишдан ор этади. Аслида қандай бўлиши керак? Шариатимизда бу ҳақда қандай кўрсатмалар мавжуд?
Киши билмайдиган нарсаси ҳақида сўралганда, “Билмайман, Аллоҳ билгувчидир”, деб жавоб бериши ва ўзидан олимроқ кимсанинг олдига боришга тавсия қилмоғи лозим. Зеро, Қуръони каримда Аллоҳ таоло фаришталардан билмаган нарсалари ҳақида сўраганида улар: “Сен поксан! Биз фақат Сен ўргатган нарсаларнигина биламиз. Албатта, Сен ўта билгувчи ва ўта ҳикматли зотдирсан”, деб жавоб беришган. Шу маънода яна бир ҳадис ворид бўлган. Бир киши Расулуллоҳ алайҳиссаломдан: “Энг ёмон ер қайси жойдир?”, деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Билмайман”, дедилар ва Жаброилдан бу ҳақда сўради. Жаброил ҳам билмаслигин айтди ва у ҳам ўз навбатида Микоилдан сўради. Микоил алайҳиссалом: “Ерларнинг энг яхшиси масжидлар ва энг ёмони бозорлардир”, деб жавоб берди. Саҳобийлардан Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам “билмайман”, деб жавоб беришдан уялмасдилар. Бу каби мисолларни саҳобалар, тобеинлар ва бошқа фақиҳ олимлар ҳаётида жуда кўп учратишимиз мумкин. Билмасликни тан олиш илмга нисбатан инсофли бўлиш демакдир. Ибн Абдулбарр бу ҳақда шундай деган: “Илмнинг баракаси ва одоби унга нисбатан инсофли бўлишдадир”. Молик ибн Анас: “Замонамизга нима бўлди, инсоф жуда камайиб кетди?!” Бу молик ибн Анас давридаги гап, аммо бизнинг замонда-чи?! Афсуски, инсонлар ўрганиш учун эмас, мансабга эришиш учун илм ўрганмоқдалар. Уларнинг илм олишдан мақсади олимлар билан тортишиб, мужодала қилиш орқали танилиш, кўзга кўриниш бўлиб қолди. Бу тарзда илм ўрганиш қалбни қорайтиришини ва одамлар орасида адоват уруғини сочишини хаёллларига ҳам келтирмайдилар. Бунинг асосий сабаби шундаки, тақво ва Аллоҳдан қўрқиш каби мўъминлик сифатлари йўқолиб бормоқда. Умар розияллоҳу анҳу давридаги адолат қаерда қолди. У зот билан рўй берган бир ҳодисага назар солайлик. Умар розияллоҳу анҳу ислоҳотларининг бирида шундай деди: “Аёлларнинг маҳрини 40 уқийядан оширманглар, ҳатто зодагонларнинг қизи бўлса ҳам. Агар ким бундан оширса, уни байтул молга қўшиб юбораман”. Шунда одамлар орасидан бўйи узун бир аёл туриб: “Сенга нима бўлди, бу нима деганинг?” деди. Умар розияллоҳу анҳу: “Нега бундай деяпсан?” деб сўрадилар. Аёл: “Ахир Аллоҳ таоло: “Ва агар аёлларнинг бирига уюм-уюм молни маҳр қилиб берсангиз, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг!”, демаганми?” деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Аёл тўғри гапирди, эркак адашди”, дедилар. Бутун ислом оламининг амири аёл киши олдида ўз хатосини қай тарзда тан олганига боқинг! Билмасликни тан олишда бундан ҳам яхшироқ ибрат борми! Зеро илмлидан-да илмлироқ бордир ва бу Аллоҳга қадар давом этаверади. Аллоҳ илмсизликдан пок ва муназзаҳ Зотдир. Инсу жинснинг ва фаришталарнинг илмида чегара бор. Аллоҳ эса ўта билгувчи ва ҳамма нарсадан хабардор Зотдир.
Абдуллоҳ тайёрлади.
Зулқаъда нима дегани? Луғатда “маконга қайтадиган”, “жойланиб олинадиган” деган маънони англатади.
Зулқаъда – шаҳрул ҳаром.
Зулқаъда ойи тўрт ҳаром ойлардан бири бўлиб, бу ойда жанг ва урушлар ҳаром қилинган. (Тўрт ҳаром ойлар зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб). Жоҳилият даврида ҳам бу ойда уруш бошламасдилар. Ҳатто фарзанд ўз отасининг қотилини кўрганда ҳам бу ойнинг ҳурматидан унга бирор сўз айтмасди.
Зулқаъда – ҳижрий тақвимнинг ўн биринчи ойи. Бу ой шавволдан кейин ва зулҳижжадан олдин келади.
Бу йилги Зулқаъда ойи қачондан бошланади?
Бу йил (2025) Зулқаъда ойининг биринчи куни 29 апрель кунидан бошланиши кутилмоқда, иншаАллоҳ.
Қуръони каримда Зулқаъда ойи...
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши жам бўлиб урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир” (Тавба сураси, 36-оят).
Ҳадиси шарифда Зулқаъда ойи...
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, замон Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни яратган пайтдаги ҳолига қайтди. Бир йил ўн икки ойдир. Улардан тўрти ҳаром ойлардир. Учтаси бирин кетин: зулқаъда, зулҳижжа ва муҳаррам ҳамда (тўртинчиси) жумади (ас-соний) ва шаъбон орасидаги музарнинг ражаби (бу ойни ҳурмат қилганлари учун музар қабиласининг номи билан аталган)”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Бу ойда қандай амалларни бажариш лозим?
Аллоҳдан мағфират сўрашни, истиғфор айтишни кўпайтиринг.
Имкон қадар инфоқ, эҳсон садақа қилинг.
Ҳар куни Мулк сурасини ўқинг.
Инсонларга зулм қилманг.
Ғазабингизни ютишга одатланинг.
Зуҳо намозини ўқинг.
Кўпроқ Қуръон тиловат қилинг.
Нафл рўзаларни тутинг.
Даврон НУРМУҲАММАД