Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур тумани аҳолиси қадимдан миллий анъаналаримизга, динимиз таълимотига амал қилиш борасида фаол бўлиб келган. Зотан, бу туманнинг тамал тошини 700 йил муқаддам Шайх Зайниддин Кўйи Орифони Тошкандий ибн Шайх Шаҳобиддин Абу Ҳафс Умар Суҳравардий қўйган (у зот 1164 йилда туғилган ва 1259 йилда 95 ёшида вафот этган).
Масжиднинг ёнидаги қабристондан Шайх Зайниддин бободан кейин ҳам не-не азизлар мангуга қўним топган. Шунингдек, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қабри ҳам шу жойда.
Дарвоқе, Шайх Зайниддин бобо қабрини ҳам дастлаб Соҳибқирон Амир Темур обод қилиб у зотнинг бошлари узра мақбара қурдирган.
Бу масжид гўзал юртимиздаги энг кўркам ва энг катта масжидлардан бири саналади. Бир вақтнинг ўзида 6000 киши намозхон ўқий олади.
Аллоҳ таолонинг изни-иродаси ила бугун ана шу масжидда Қуръон мусобақақсининг Тошкент шаҳри бўйича туман босқичларига фатво берилди ва Шайхонтоҳурлик хушовоз қорилар беллашуви бўлиб ўтди.
6000 киши намоз ўқиши мумкин бўлган жойга сиғишиб ўтирса 18000 киши жойлашиб олиши мумкин. Яна ташқарида турганлар, келиб-кетаётганларни (баъзилар ишхонасидан бирровга келиб Қуръон тиловатини тинглаб кетади-да) қўшиб ҳисобласангиз, 20000 чоғли одам Қуръондан баҳраманд бўлди.
Бу саноққа аёлларни қўшмаймиз. Чунки аёлларнинг мусобақаси ўтаётган жойда одам бундан ҳам кўп бўлди.
Ана шунча одам Аллоҳнинг Каломи ўқилганидан дуога қўл очиб юртимизга ояти карималардан ҳосил бўлган ажру савобдан ушбу манзилда ётган азизларнинг, улуғ шайхларнинг руҳларини баҳраманд қилишини сўради. Парвардигоримизга илтижо этиб юртимизнинг тинчлиги барқарор бўлишини, маъмурчилигини янада зиёда қилишини, юртбошимизнинг бошини омон қилишини сўради. Иншоаллоҳ, Раббимиз пок ниятлар ила сўралган ушбу дуоларни ижобат этади. Илло, ҳадиси шарифда ҳам Қуръон ўқилгандан сўнг қилинган дуо ижобат бўлиши айтилган.
Бугун Қуръон мусобақасига келган ҳамшаҳарларимиз Қуръон тиловатидан баҳра олиш баробарида бу ерда ётган улуғларимизнинг қабрларини ҳам зиёрат қилиб, кўнгли равшан бўлди.
Эслатиб ўтамиз: эртага Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Яккасарой туманлари қорилари “Минор” масжидида, қориялари “Осиё” тўйхонасида; Яшнобод, Миробод, Бектемир, Сергели туманлари қорилари “Холид ибн Валид” масжидида, қориялари “Яккасарой” тўйхонасида; Учтепа, Чилонзор туманлари қорилари “Бисёр” тўйхонасида беллашадилар.
Азиз ҳамшаҳарлар! Эртага ҳам янги қорилар кашф этилади. Ўша чоқда сиз ҳам ўзингизга маъқул бўлган қорини ва қорияни кашф этасиз. Айтайлик, қори ёки қориянинг тажвиди, тартиласи, овози, ўзини тутиши борасида томошабиннинг ўзининг ҳам фикри бўлади-да, барибир. Шундай экан, фурсатни қочирмасдан мусобақага боринг, Жонли ижродан баҳраманд бўлинг. Зотан, у ерда саноаткорларимизга ўхшаб фонограммадан фойдаланмайдилар...
ЎМИ Матбуот хизмати
Халқаро ҳалол саммит ва Туркия кўргазмаси (ОИC Ҳалал Ехpо-2024) 2024 йил 27 ноябрдан 30 ноябргача Истанбулдаги “IFM” кўргазма марказида бўлиб ўтади.
“IQNA” сайтининг “Yeni Shafak” нашрига таяниб маълум қилишича, Туркияда бўлиб ўтадиган X Жаҳон ҳалол саммити жорий йилнинг ноябрь ойи охирида Истанбулда 110 дан ортиқ давлат вакилларини бирлаштиради.
“Ҳалол 10 йилда муваффақият” шиори остидаги ушбу саммит ва кўргазма 2024 йил 27 ноябрдан 30 ноябргача Туркия президенти назорати остида Истанбул шаҳрида бўлиб ўтади.
Туркиядаги “Halal – 2024” кўргазмаси Евроосиё минтақасида ўзига хослиги билан ажралиб туради. Ушбу кўргазмада ислом маданияти ва анъаналарига мос озиқ-овқат, косметика ва гигиена маҳсулотлари намойиш этилади. Кўргазма, шунингдек, турли компания ва ўз соҳаларидаги мутахассислар билан алмашиш ва интерактив ҳамкорлик қилиш имкониятини беради.
Мазкур тадбир ҳар йили турли мамлакатларда ўтказилади ва ислом мамлакатларида машҳурдир. Кўргазмада “Ҳалол” озиқ-овқатдан ташқари, “Ҳалол туризми”, “Ислом тўқимачилик саноати”, “Ҳалол тиббиёти”, “Ҳалол кимёси”, “Фармацевтика” каби масалалар муҳокама қилинади.
Ҳалол кўргазмаси Туркия озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, инвестиция, косметика, туризм, кимё, қадоқлаш, машинасозлик, исломий турмуш тарзи, ислом модаси каби соҳаларда ҳалол саноат маҳсулотлари ва хизматларида етакчи саналади. Ушбу саммит ва кўргазма 110 дан ортиқ давлатдан меҳмон ва 20 дан ортиқ давлатдан 55 дан ортиқ маърузачини бирлаштиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати