“Аҳли илмни ҳурмат қилишлик Аллоҳнинг розилигини топишлик бўлади” номли сарлавҳа остида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбат эълон қилинди.
Ушбу суҳбатнинг тўлиқ матни билан танишинг:
Президентимиз Шавкат Мирзиёев 9 феврал куни Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш жараёнида Шайхонтоҳур туманидаги «Сузук ота» мажмуасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан ҳам яқиндан танишди. Ҳудудни янада ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулайликларни ошириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Шунингдек, Чилонзор туманида барпо этилаётган масжидда ҳам бўлиб, ўзининг бир қатор таклиф ва тавсияларини билдирди. Мухбиримиз Сузук ота ҳақидаги маълумотлар ва бу масканнинг маънавий-маърифий аҳамияти, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номида барпо этилаётган масжид ва музей ҳақида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан суҳбатда бўлди.
— Бисмиллаҳир раҳмонир роҳим. Алҳамдулиллаҳи роббил аъламин. Ассалоту вассаламу ала расулиллоҳ. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бизнинг диёримизда жуда ҳам катта ислоҳотлар, янгиланишлар юз бермоқда. Бугунги тараққиётимизга бутун дунё ҳавас билан қараб турибди. Шу ўринда барча соҳалар каби муқаддас динимизга ҳам муҳтарам Президентимиз томонидан жуда катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Дин деганда нимани тушунамиз? Бу бамисли бизни тарбиялаб вояга етказган ота-боболаримиз юриб келган йўлдир. Улуғ боболаримизга ҳурмат, иззат, эътибор кўрсатишлик эса, шак-шубҳасиз улуғ иш. Дейлик, дунёда эътироф этиладиган олти муҳаддис сафида имом Бухорий ва имом Термизийлар борлиги бизда чексиз фахр ҳиссини уйғотади. Устозларга бўлган ҳурмат-эҳтиром имом Термизийнинг ҳаётида бошқаларга ўрнак бўларлик даражада бўлган. Манбаларда айтилишича, устози вафотидан кейин кўп азиятлар чекиб кўзлари кўрмас бўлиб қолган экан. Ёки шогирдига нисбатан устознинг меҳрибончилигини олайлик. Имом Бухорий ҳазратлари Имом Термизийга айтган эканларки, Сиз мендан олган манфаатдан кўра, мен Сиздан кўпроқ манфаат олдим. Буям катта бир эътироф бўлиб, шогирдни кўтаришдир. Ана шундай анъаналаримиз бор. Бундан ташқари, ўтган алломаларимиздан бири Қарши туманида таваллуд топган Абул-Муъийн Насафий ҳазратларидир. Бу зот катта хизматлар қилганлар. Бундан минг йил аввал Мовароуннаҳрда бошқа оқимлар томонидан имоми Аъзам мазҳабини, Мотуридия ақидасини сиқиб чиқариб, ўзга бир ақидани киритишга ҳаракат бўлган. Ана шунда Абул-Муъийн Насафий «Табсирот ал-адилла» деган китобини ёзиб, уларга кескин раддия берган ва Мотуридия ақидаси ҳамда имоми Аъзам мазҳабини сақлаб қолишга катта ҳисса қўшган. «Табсирот ал-адилла» дегани «далиллар тилга кирганда» деган маънони беради. Унда ҳаммасига далиллар билан жавоб берилган. Абул-Муъийн Насафий бобомизни хорижий мамлакатларда алломалар, ақида олимлари, калом илми мутахассислари Соҳиби Табсира деб атайдилар, бу жуда катта эътирофдир. Араб мамлакатлари ва бошқа диёрларда Абул-Муъийн Насафий тўғрисида кўп таърифларни айтишади. Улар улуғ бобомизнинг китобларини дарслик сифатида ўқишади ва улар биздаям ўқитилади.
Ана шундай улуғларимиздан яна бири Тошкентда яшаб, одамларни меҳнат қилишга даъват этган, ҳунарни тарғиб қилган, уларга ўз ҳунарларини ўргатган, ҳазрат Аҳмад Яссавий бобомизнинг набиралари Сузук отадир. Сузук отанинг асли исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топиб, 1217 йилда вафот этганлар. Бу зот Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган. Сузук ота дейилганига сабаб, Аҳмад Яссавий бобомиз у кишини болаликларида шу сўз билан суйиб чақирарканлар. Шундан Сузук ота бўлиб кетган. Бу киши Яссавия тариқатини кенг тарқатган, ҳозирги қабрлари қўним топган жойда одамларга Ислом динининг асл мақсади, мазмун-моҳияти, қўлда ҳунари бўлган одам қандай одам бўлишлиги, ҳунари бордан ҳеч бир ёмонлик чиқмаслигини халқнинг онгига сингдирган. Ҳунарли киши пешона тери билан рўзғорини боқса, ундан буюк ва ундан фазилатли одамнинг ўзи бўлмайди. Бу Аллоҳга ҳам, одамларга ҳам хуш келади. Оиласи тинч бўлади. Бир жойдан, бировдан бир нарсани таъма қилмайди. Чунки бировдан нарса сўраб таъма қилишлик бизнинг муқаддас динимизда ҳаром ва қайтарилган ишлардандир. Шу боис ҳам у кишига эргашганлар жуда ҳам кўп бўлган.
Сузук отани бобомиз Амир Темур ҳазратлари ҳам юксак қадрлаганлар, Сузук ота қабрининг қибла томонида битта масжид қурдирганлар. Муҳтарам Президентимиз шу жойни келиб кўрганларида Тошкент шаҳрида халқимизнинг ҳам зиёрат, ҳам ибодат қиладиган бир манзилини қилайлик, дея эзгу ташаббус кўрсатдилар. Мисол учун, Тошкент вилоятида Зангиота зиёратгоҳини олайлик. У жойга зиёратга борганлар ҳам зиёрат, ҳам ибодат қилади, ҳам руҳан тетик, ҳам маънавияти бой бўлади.
Куни кеча муҳтарам Президентимиз Тошкент шаҳрининг ободончилиги, қурилишларини бир кўздан кечириш, танишиш учун шаҳарга чиққанларида «Сузук ота»га ҳам бориб зиёратчилар учун қулайликларни янада ошириш, ҳудудни ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқ берди. Сузук ота ҳазратларининг ўзлари ҳунарманд бўлганликлари учун бу жойда ҳунармандлар растаси бўлади. Икки қаватли иморатлар қурилади. Тепасида ҳунармандлар яшайди, пастида уларнинг дўконлари бўлади. Бу расталарда халқимиз ва хорижлик сайёҳлар айланиб юриб ҳам зиёрат қилади, ҳам роҳат қилади, ҳам маънавият олади, ҳам маърифатли бўлади, ёшларимиз ҳам одоб-ахлоқли бўлади, ўзларига керак нарсаларни харид қилади. Бу билан ҳунармандлар ҳам ўз кунини кўради, фаолиятлари бардавом бўлаверади. Бу жойдаги Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари қурдирган масжид ёни айвонлар билан кенгайтирилаяпти. Меъморларимиз, қурувчиларимиз ниҳоятда ихлос, эътибор билан ўзларининг бор тажриба ва билимларини ишга солишаяпти. Масжид атрофида ўқитиш хоналари, маънавият, қироат ва таҳоратхоналар бўлади. «Сузук ота» мажмуаси битгач, турли жойлардан меҳмонлар келиши шубҳасиз. Уларга барча шароитлар муҳайё этилмоқда.
— Президентимиз Чилонзор туманида барпо этилаётган янги масжидда ҳам бўлиб, ушбу масканга шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номини беришни таклиф қилди. Шу жараёнда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эканлиги, ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганиш ва тарғиб этиш, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлаганлигини алоҳида таъкидлади. Шайх ҳазратлари ва у кишининг халқимизга қолдирган бебаҳо мероси ҳақида ҳам гапириб берсангиз.
— Сўгалли ота деган жойда тўқсонинчи йиллар атрофида бир масжид қурилиб, биноси чала қолиб кетганди. Бу савоб ишни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари муфтийлик даврида бошлаганлар. У ерга бордик. Муҳтарам Президентимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақида сўраб, у кишининг оиласи, фарзандлари ҳақида суриштирди.
Давлатимиз раҳбари у кишининг ўғиллари Исмоил Муҳаммад Юсуфни чақиртириб, суҳбатлашдилар. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари энг оғир даврларда Ўзбекистон халқи, унинг тинчлиги, одамларнинг диний соҳада тўғри йўлдан боришлари учун жуда катта хизмат қилганлиги, Маҳад (Имом Бухорий номидаги Ислом институти)да ўқитувчи, кейин ректор, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасида раис, муфтий бўлганини айтиб, бундай илм аҳли вакилларини ҳурмат қилишимиз зарурлигини алоҳида уқтирдилар. Аҳли илмни ҳурмат қилишлик Аллоҳнинг розилигини топишлик бўлади. Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг битта ҳадисларида олим-у уламолар тўғрисида «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўридирлар», дейилади. Демак, пайғамбарларнинг меросхўри бўлган уламони ҳурмат қилган пайғамбарни ҳурмат қилган бўлади. Пайғамбарни ҳурмат қилган Аллоҳнинг розилигини топади. Аллоҳ унга кўп йўлларни очиб беради. Президентимизнинг қилган бу ишлари нафақат Ўзбекистон халқи, балки бутун дунёга ёйилди. Чунки шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратлари бутун ислом оламида машҳур ва манзур олим эди. У кишининг бу оламда ўз ўрни, мақоми, сўзи бор эди. Катта-катта анжуманларда сўзга чиқиб, ўз сўзини ўтказарди. Бизга ҳозир ҳам халқимиздан, бутун дунёдан эътирофлар ёғилаяпти. Давлатимиз раҳбарига ислом оламининг намояндалари, уламолар, олимлар чексиз миннатдорлик билдирмоқдалар.
Шундай табаррук ният билан ўзимизнинг диёримиздаги мусулмонлар ўртасида ҳам «шайх ҳазратлари ўтгандилар, бу кишининг номи тилга олинмасмикин, эсланмасмикин», дея тилга олинган ҳақли сўзларга муносиб, жуда чиройли жавоб бўлди, десак тўғри гапни айтган бўламиз, иншоаллоҳ.
Дарҳақиқат, бунёд этилаётган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номидаги масжид ёнида катта музей ҳам ташкил қилинаяпти. Муҳтарам Президентимиз Исмоилбекка: «Онангиз, опа-сингилларингиз, қариндошларингиз билан маслаҳат қилинг, музейга нима керак бўлса, сизлар нимани хоҳласангиз, биз шуни қилиб берамиз», деди. Бу чексиз ҳурмат ва юксак эҳтиром намойиши бўлди. Ўша жойда катта конференц-зал қурилади. Ўқув хоналари, секторларга бўлиб ўтиладиган мажлис хоналари бўлади. Қурилиш ишлари тугагач, бутун дунёдан олимлар, диний ва бошқа соҳалардаги уламоларни таклиф қилиб, катта анжуман ўтказиладиган бўлди. Юртбошимиз ушбу беназир ташаббус ва ғоялари билан бутун дунёга бизнинг қандай маънавиятли халқ эканимизни чиройли тарзда намоён қилдилар. Инсоннинг қалбига бундай покиза ниятларни фақатгина Аллоҳ солади. Бундай ишлар ўз-ўзидан бўладиган ишлар эмас… Биз бунга шукур қилишимиз керак, бизга бундай юрт раҳбарини Аллоҳ инъом этди! Бунинг қадрига етишимиз, у кишининг ёнида бирлашиб, шу азиз юртимиз тараққиёти учун ҳар биримиз ҳисса қўшишимиз лозим!
— Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 72-сессиясида муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳияти ҳақида сўз юритди, БМТнинг махсус «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган резолюциясини қабул қилиш таклифи билан чиқиб, бу ҳужжатнинг асосий мақсади барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборатлигини алоҳида таъкидлади. Бу таклифлар жаҳон жамоатчилиги томонидан кенг эътироф этилди…
— Дарҳақиқат, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил бўлганидан буён ҳали шу давргача ислом тўғрисида, унинг тинчликпарвар ва инсонпарвар дин эканлиги хусусида биронта давлат раҳбари ёки бошқа мақомдаги нотиқ сўзламаган, гапирмаган. Бу – ҳақиқат! Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сессиясида биринчи чиқишидаёқ шижоат билан шу сўзларни баралла айтдилар. Ислом дини кимлардир ўйлаётган террорчилар дини эмас, у тинчликпарвар дин. Уни ўша салбий, ножоиз муносабатлардан сақлашимиз, асрашимиз керак, деган гапни ким айта олади? Буни Аллоҳ қалбига солган одамгина айтади. Ёинки, имом Бухорий тўғрисидаги сўзларини олайлик. Имом Бухорий маркази бунёд этилаётгани, пойтахтда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилиши ҳақидаги фикрлардан бутун олам аҳли зийрак тортди. Муҳтарам Президентимиз минбардан тушаётганида президиумда ўтирганлар ҳам тушиб у кишини қутладилар. Бизнинг қардошимиз, Ўзбекистон давлатининг дўсти, Туркия мамлакатининг Президенти Эрдўғон жаноблари ҳам муборакбод қилдилар. Бошқаларнинг ҳам шундай юксак эътирофлари мамлакатимизнинг нуфузи, ислом оламида ота-боболаримизнинг тутган ўрни, улар қолдирган улкан меросга нисбатан ҳурмат ва эътибор ифодаси бўлди. Бу биз учун катта тарихий ютуқдир.
Инсон ўз халқини, ўз аждодларини чин ва самимий меҳр билан севса, ўз ватанига муҳаббати, садоқати беназир бўлсагина, шундай улуғ мартабаларга муносиб бўла олади. Бунинг учун унда жуда катта куч-ғайрат, шижоат бўлиши лозим. Муҳтарам Президентимизнинг амалга ошираётган кўплаб хайрли ишлари мисолида бунга амин бўлаяпмиз.
— Мазмунли суҳбат учун катта раҳмат!
Салим АБДУРАҲМОНОВ ёзиб олди
ЎМИ Матбуот хизмати
Муносабат
Аввало, барча юртдошларимизни хурсандчилик айёми – Қурбон ҳайити байрами билан самимий муборакбод этаман!
Мамлакатимизда Қурбон ҳайити нафақат диний, балки умуммиллий байрам сифатида ҳам кенг нишонланади. Зеро, ушбу кунда юртдошларимиз бир-бирини ҳайит билан самимий табриклаб, ўзаро совғалар улашади, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиниб, хайрия ишлари амалга оширилади.
Шу маънода, ушбу қутлуғ байрам инсонпарварлик ва бағрикенглик рамзи бўлиш билан бирга, инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-муҳаббат ва ҳамжиҳатлик каби фазилатларни ҳам ўзида мужассам этади.
Юртимизда ҳайит байрамини муносиб кутиб олиш ва ўтказиш, шунингдек, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, халқимизнинг кўп асрлик анъана ва урф-одатларига уйғун ҳолда ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун барча зарур тайёргарликлар кўрилади, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида том маънода байрам шукуҳи ҳукм суради.
Кези келганда юртимизда “Инсон қадри учун” деган улуғвор ғоя асосида барча соҳалар қатори диний-маърифий жабҳада ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилиб, соҳа фаолияти самарадорлиги янги босқичга чиқарилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан охирги йилларда юртимизнинг ҳар бир гўшасидаги улкан бунёдкорлик ишлари изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази биноси қурилиши якунига етиб бормоқда, Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси қад ростламоқда.
Яқинда Президентимиз ушбу мажмуага ташриф буюриб, у ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди, зарур кўрсатмалар берди. Зеро, бу давлатимиз раҳбарининг узоқни кўра билиши, улуғ аждодларга юксак эҳтиромининг ёрқин ифодасидир.
Эътиборга сазовор жиҳатлардан яна бири шуки, Президентимиз қўнғироқ қилиб, ҳожиларимиз учун яратилган шарт-шароитлар, уларнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради. Бундан ҳожиларимиз беҳад мамнун бўлди, эътибор ва эҳтиромдан хурсанд бўлган зиёратчиларимиз кўзларида ёш билан дуо қилдилар.
Арафот майдонида, дуолар мустажоб бўладиган айни онларда Президентимизнинг Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон халқига йўллаган табригини катта ҳаяжон билан эшитдик. Яратгандан юртимизга тинчлик, халқимизга фаровонлик сўраб, дуолар қилдик.
Айниқса, табрикда ҳожиларимиз алоҳида эслаб ўтилгани зиёратчиларимизни чексиз қувонтирди.
Барча юртдошларимиз қатори ҳожиларимиз ҳам ушбу табрикдаги олижаноб ғоя ва ташаббусларга бефарқ эмаслигини изҳор қилди.
Табрикдаги “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган олижаноб ғоя барча жабҳалардаги ислоҳотларнинг асоси эканини алоҳида эътироф этиш ва ҳожиларимизнинг ташаббуслари ҳам ушбу ғояга ҳамоҳанг эканини қайд этиш лозим.
Бу Арафот майдонида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳожиларимизнинг мурожаатида ҳам ўз аксини топди. Жумладан, мазкур мурожаатда ҳожиларимиз юртга қайтгач, “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият тарғиботчилари” деган эзгу ташаббусни бир овоздан илгари суриб, Учинчи Ренессанс яратувчиларини тарбиялашда Президентимизга кўмакчи бўламиз, деб ваъда берди.
Шунингдек, Ватанимиз тараққиётига холис хизмат қилиш, маҳаллаларда тинчлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, тинчлик-осойишталикнинг қадрига етиш, халқимизни маънан юксалтириш, жамиятдаги ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш кабиларни тарғиб этиш борасида фаол бўлишни айтиб ўтди.
Ўз навбатида, ҳожиларимиз китобхонлик маданиятини юксалтириш, илм-маърифатга ҳомийликда намуна бўлиш, тўйлар, оилавий тадбирлар ва маросимларда меъёрга амал қилган ҳолда камхарж ва ихчам ўтказишда бош-қош бўлиш, маҳаллалардаги нотинч оилалар, шу жумладан, тарбиясида муаммоси бор ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳудудлардаги мактабларнинг таъмирга муҳтож қисмини жорий таъмирлаш ишларига кўмаклашиш, хайрия, меҳр-мурувват ва ёрдам кўрсатиш ишларини кўпайтириш каби ташаббусларни қатъий амалга оширишга аҳд қилди.
Азиз юртдошлар! Шубҳасиз, ушбу шукуҳли кунлар том маънода барчамиз учун катта байрам, хурсандчилик онларидир. Мўътабар манбаларда саодатли дамларни шоду хуррамлик билан ўтказиш бўйича кўп тавсиялар келган. Уламоларимиз: “Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидан”, дейишади. Демак, Қурбон ҳайити кунларида қувончимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим. Айниқса, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатишга шошилишимиз лозим.
Ушбу фазилатли кунларда муборак манзилларда туриб, она Ватанимизга тинчлик-осойишталик, халқимизга янада фаровон ҳаёт, фарзандларимизга бахту саодат сўраб, дуолар қилмоқдамиз!
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Шайх Нуриддин ХОЛИҚНАЗАР,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий